Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Республикада маданият ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича самарали ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг туризм хизматларини диверсификация қилиш, айниқса, маҳаллий ва хорижий туристлар учун экоҳудудлар, тоғ ва чўл ҳудудлари ҳамда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарининг имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланган ҳолда экотуризмни ривожлантириш ишларини амалга ошириш зарур.
Қолаверса, маданият соҳасида миллий маданиятни янада ривожлантириш, истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналари ва анъаналарини янада ривожлантиришни тизимли йўлга қўйиш учун барча шароитларни яратиш лозим.
Мазкур вазифаларни тезкор ҳамда янги ёндашув асосида сифатли ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–14-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) Маданият ва туризм вазирлиги негизида:
Маданият вазирлиги;
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси;
б) Маданият ва туризм вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари негизида:
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари, туман (шаҳар) маданият бўлимлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар туризм бошқармалари ташкил қилинсин.
2. Белгилансинки, Маданият вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари, туман (шаҳар) маданият бўлимлари ҳамда Туризм қўмитаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари штат бирликлари Маданият ва туризм вазирлигининг мавжуд штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади.
3. Қуйидагилар:
Маданият вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага мувофиқ;
Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларни қайта ташкил қилиш ва қайта номлаш дастури 2-иловага мувофиқ;
Маданият вазирлиги тизимида янги ташкил қилинаётган муассасалар рўйхати 3-иловага мувофиқ;
Маданият вазирлигининг ташкилий тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
Кинематография агентлигининг ташкилий тузилмаси 5-иловага мувофиқ;
Маданият ва санъат соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича “йўл харитаси” 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Маданият ва санъат соҳасида таълимни тизимли ислоҳ қилиш, миллий мусиқа ва театр санъати, илмий-тадқиқот ишлари ва ижрочилик маҳоратининг янги тизимини жорий қилиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар белгилансин:
а) миллий мусиқа санъати кластери яратилиб, соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш, уларни иш билан таъминлаш ҳамда малакасини ошириш тизимли йўлга қўйилади. Бунда:
миллий мусиқа санъати йўналишида таълим ва илмий-тадқиқот ишлари такомиллаштирилиб, ижрочилик маҳорати мактабларининг яхлит тизими жорий этилади;
бастакорлар, ҳофиз ва созандалар, бахшичилик санъати вакилларининг ноёб асарлари ноталаштирилади;
таълим жараёнининг узлуксизлиги ва узвийлиги таъминланиб, назарий ва амалий билимларни интеграция қилиш орқали мақом, бахши ва достон ижрочилиги йўналишларида истеъдодли ёшлар селекцияси амалга оширилади;
б) давлат мусиқали, драма ҳамда қўғирчоқ театрларида ягона репертуар стратегияси асосида ғоявий, маънавий ва бадиий жиҳатдан пухта яратилган саҳна асарларини намойиш этиш, театр ва цирк санъати усталари томонидан “устоз-шогирд” анъаналари ва маҳорат мактаблари асосида таълим бериш тизими йўлга қўйилади;
в) номоддий маданий меросни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда унинг намуналарини аниқлаш, номоддий маданий мерос бўйича халқаро рўйхатлар ва реестрларга киритиш, рақамлаштириш, тарғиб қилиш ва сақлаш бўйича янги ташаббуслар ва лойиҳалар амалга оширилади ҳамда мазкур фаолият билан шуғулланувчи давлат ташкилотлари фаолияти қўллаб-қувватланади.
5. Белгилансинки:
а) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, аҳолининг маданий ҳаётини янада мазмунли ташкил этиш, айниқса, ёшларни маданият ва санъатга кенг жалб қилиш учун маданият марказларида:
босқичма-босқич замонавий жиҳозланган кутубхоналар ва кинотеатрлар ташкил этилади;
мусиқа чолғучилиги ва ашула ижрочилиги бўйича пуллик махсус курсларда ўқитиш тизими жорий этилади;
б) 2024–2026 йилларда халқаро фестиваллар, форумлар ва республика даражасидаги маданий-оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ишлари босқичма-босқич хусусий секторга ўтказилади.
6. Маданият ва санъат соҳасида ахборот технологияларини ривожлантириш ва бошқарувни рақамлаштириш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи “ERP madaniyat” ягона бошқарув тизими жорий қилинсин:
маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар, техникумлар фаолиятида бошқарув ва ташкилий жараёнларни рақамлаштириш бўйича ахборот тизимлари ишлаб чиқилади, ариза топшириш ҳамда битирганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни олиш бўйича давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат хизматлари марказлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинади;
маданият марказлари ва кўзи ожизлар учун адабиётларни буюртма асосида етказишга мўлжалланган ахборот тизимлари, аҳолига аудиовизуал асарларни тақдим қилишга мўлжалланган махсус видео платформа ҳамда ёшларга миллий мусиқа чолғулари тўғрисида дастлабки таълимни беришга мўлжалланган “Cholg‘u.uz” мобиль иловаси ишлаб чиқилади;
Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотларда тушумларни онлайн мониторинг қилишга мўлжалланган ахборот тизими ишлаб чиқилади ҳамда “UzASBO” автоматлаштирилган дастурий мажмуаси билан интеграция қилинади.
7. “Ўзбектеатр” ҳамда “Маданият таълими маркази” давлат муассасалари ташкил этилсин. Бунда, “Ўзбектеатр” ва “Маданият таълими маркази” давлат муассасаларининг штат бирликлари 7 ва 8-иловаларда келтирилган ташкилотларнинг умумий штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади ҳамда уларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 9-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
9. Маданият вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маданият вазири ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. Мирзиёев