Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 16 апрелда

қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 3 майда

маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

локал тармоқ – электр, иссиқлик энергиясини ёхуд биогазни ташиш (узатиш) ва (ёки) тақсимлаш учун мустақил равишда ишловчи электр, иссиқлик ва (ёки) газ тармоғи;

микро ва кичик гидроэлектростанциялар – электр энергияси ишлаб чиқариш учун сув оқимларининг табиий ҳаракати энергиясидан фойдаланувчи, ўрнатилган қуввати тегишинча 0,2 МВт ва 30 МВтгача бўлган тўғонсиз гидроэлектростанциялар;

қайта тикланувчи энергия манбалари – атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш – илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, қидирув, жорий этиш, лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари ва фойдаланишга доир ишлар, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш, уни ташиш, тўплаш, реализация ва истеъмол қилиш билан боғлиқ фаолият;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар – қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқаришни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахслар;

қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари – қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш, энергияни қабул қилиб олиш, ўзгартириш, тўплаш ва (ёки) узатиш, шунингдек ҳисобга олиш бўйича технологик асбоб-ускуналар мажмуаси, технологик ва (ёки) бутловчи асбоб-ускуналар;

қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар – қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар.

2-боб. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан

фойдаланиш соҳасини тартибга солиш

4-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ёқилғи-энергетика балансининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр, иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришга доир қисмини диверсификациялаш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасига инновацион технологияларни, илмий-техникавий ишланмаларни жорий этишни, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг энергия жиҳатдан самарадорлигини оширишни, уларнинг ишлаб чиқарилишини кенгайтиришни ва маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг синаб кўрилган технологиялари асосида энергия ишлаб чиқариш қувватларини яратишга тадбиркорлик субъектларини жалб этишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

5-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги фундаментал, амалий, инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек илмий-техникавий ютуқларни тарғиб қилиш учун шароитлар яратади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ўз ваколатлари доирасида:

Электр энергияси ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини ягона электр энергетикаси тизимига улаш регламентини;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия бозорида қулай рақобатбардошлилик ҳамда ишбилармонлик муҳити шакллантирилишини рағбатлантирувчи нарх ва тариф сиёсатини;

қайта тикланувчи энергия манбалари ресурсларининг давлат ҳисобини юритиш тартибини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади.

7-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги техник регламентларни, нормалар ва қоидаларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг бажарилиши юзасидан мониторингни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия бозорида нарх ва тариф сиёсатига доир масалалар юзасидан таклифлар киритади;

қайта тикланувчи энергия манбалари ресурсларининг, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергиянинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисобини юритади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасига инновацион технологиялар, илмий-техникавий ишланмалар жорий этилишига кўмаклашади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича чора-тадбирларни давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия бозорида қулай рақобатбардошлилик ҳамда ишбилармонлик муҳити шакллантирилишини рағбатлантирувчи нарх ва тариф сиёсатини такомиллаштириш асосида амалга оширади;

иқтисодиёт тармоқларига ва маиший секторга қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ресурсларни ва энергияни тежовчи илғор технологияларни жорий этишни рағбатлантириш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

қайта тикланувчи энергия манбаларидан

фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида энергия жиҳатидан самарадор, энергияни тежовчи ва инновацион замонавий технологияларнинг яратилиши ҳамда жорий этилишига, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг ишлаб чиқарилишини ташкил этишга кўмаклашади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилади;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жойлаштириш учун ер участкалари ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

9-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан

фойдаланиш соҳасидаги илмий-техникавий

ва инновацион таъминот

Қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқаришни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни илмий-техникавий ҳамда инновацион жиҳатдан таъминлаш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

10-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг

ҳамда фуқароларнинг қайта тикланувчи

энергия манбаларидан фойдаланишга доир тадбирлардаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиши;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин.

11-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан

энергия ишлаб чиқарувчиларнинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини

ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқлари

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги солиқ, божхонага оид ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш;

локал тармоқни (электр, иссиқлик ва (ёки) газ тармоғини) яратиш;

локал тармоқ (электр, иссиқлик ва (ёки) газ тармоғи) орқали етказиб бериладиган қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр, иссиқлик энергияси ва (ёки) биогазни реализация қилиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш.

12-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан

энергия ишлаб чиқарувчиларнинг ва қайта

тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини

ишлаб чиқарувчиларнинг мажбуриятлари

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқариш чоғида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги техник регламентларга, нормалар ва қоидаларга риоя этиши;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергиянинг алоҳида ҳисобини юритиши шарт.

3-боб. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш

13-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инвестицион, илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат томонидан қуйидагича қўллаб-қувватлаш амалга оширилади:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида солиқ, божхонага оид ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялар белгилаш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инновацион технологиялар яратиш ва уларни қўллашга кўмаклашиш;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг ягона электр энергетикаси тизимига кафолатли уланишини таъминлаш;

электр энергиясининг ягона харидори ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилардан электр энергиясини харид қилиш учун шартномалар тузиш ҳуқуқини бериш.

Фойдаланилиши қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини салмоқли тарзда оширадиган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини импорт қилиш чоғида юридик ва жисмоний шахсларга солиқлар ҳамда божхона божларига доир имтиёзлар берилиши мумкин.

14-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги имтиёзлар ва преференциялар

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати
0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан озод этилади.

Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.

Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.

Энергия етказиб берувчи ташкилот томонидан берилган амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотнома ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган имтиёзларни бериш учун асос бўлади.

4-боб. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари

15-модда. Электр энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан шахсий эҳтиёжлар учун электр энергияси ишлаб чиқарилган тақдирда, рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчилар блок-станциялар шартлари асосида, шунингдек ҳосил қилинаётган электр энергиянинг максимал қиймати кўрсатилган
ҳолда танлов асосида ягона электр энергетикаси тизимига уланиши мумкин. Блок-станция истеъмолчиларнинг ягона электр энергетикаси тизимига бевосита ёки истеъмолчилар электр тармоғи орқали уланган ҳамда оператив-диспетчерлик бошқаруви тизимига кирадиган электр станцияси ҳисобланади.

Амалдаги электр тармоқларини реконструкция қилиш ва (ёки) кенгайтириш учун зарур бўлган, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини улаш билан боғлиқ харажатларни уларнинг эгаси амалга оширади, ягона электр энергетикаси тизимига уланиш нуқтасигача бўлган харажатларни эса, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи амалга оширади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчиларга қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ягона электр энергетикаси тизимига ўзбошимчалик билан улаш тақиқланади.

Локал электр тармоғини барпо этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини унга улаш қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Электр энергияси истеъмолчиларини қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг локал электр тармоғига улаш шартнома шартлари асосида амалга оширилади.

16-модда. Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан шахсий эҳтиёжлар учун иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилган тақдирда, рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчиларга қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ҳудудий ва магистрал иссиқлик тармоқларига улаш тақиқланади.

Локал иссиқлик тармоғини барпо этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини унга улаш қайта тикланувчи энергия манбаларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Иссиқлик энергияси истеъмолчиларини қайта тикланувчи энергия манбаларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг локал иссиқлик тармоғига улаш шартнома шартлари асосида амалга оширилади.

17-модда. Биогазни ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи

энергия манбаларидан фойдаланишнинг

ўзига хос хусусиятлари

Биогаз маҳсулотларнинг, чиқиндиларнинг ҳамда келиб чиқиши ўсимлик ва ҳайвонотга мансуб қолдиқларнинг, саноат ва коммунал-маиший чиқиндиларнинг биологик жиҳатдан парчаланадиган моддалардан иборат бўлган биомассасидан ишлаб чиқарилади.

Биомассадан шахсий эҳтиёжлар учун биогаз ишлаб чиқарилган тақдирда, рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.

Биомассадан биогаз ишлаб чиқарувчиларга қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ҳудудий ва магистрал газ тармоқларига улаш тақиқланади.

Локал газ тармоғини барпо этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини унга улаш биомассадан биогаз ишлаб чиқарувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Биогаз истеъмолчиларини биомассадан биогаз ишлаб чиқарувчиларнинг локал газ тармоғига улаш шартнома шартлари асосида амалга оширилади.

5-боб. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш

соҳасида давлат ҳисоби, электр энергиясининг тарифлари

18-модда. Қайта тикланувчи энергия манбалари

ресурсларининг давлат ҳисоби

Махсус ваколатли давлат органи аҳолининг ва биринчи навбатда марказлаштирилган энергия таъминоти тизимларидан узоқда жойлашган ҳудудларнинг энергетикага оид ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги қайта тикланувчи энергия манбалари ресурсларининг давлат ҳисобини амалга оширади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари ресурсларининг давлат ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

19-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб

чиқариладиган энергиянинг ва қайта тикланувчи

энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисоби

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергиянинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисоби махсус ваколатли давлат органи томонидан юритилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган энергиянинг бутун ҳажми ҳисобга олиниши шарт.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергиянинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисоби қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган энергиянинг ҳисоби ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг сони аниқлигини, тўғрилигини таъминлаш;

қайта тикланувчи энергия манбаларининг энергетик салоҳиятини ва улардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш;

манфаатдор шахсларни қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш истиқболлари тўғрисида хабардор қилиш ва инвестицияларни жалб этиш.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергиянинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисоби қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини жойлаштиришнинг аниқ ва эҳтимол тутилган майдончалари тўғрисидаги, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, фойдаланиладиган қайта тикланувчи энергия манбалари, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг қуввати ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

20-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб

чиқариладиган электр энергиясига доир тарифлар

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясига доир тарифлар танлов савдолари асосида белгиланади.

Якуний истеъмолчилар учун электр энергиясига доир тарифларни шакллантиришда барча ишлаб чиқариш манбаларидан, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергиясини харид қилиш бўйича барча харажатлар ҳисобга олинади.

6-боб. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш

соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш,

стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш

ва ушбу соҳадаги талаблар

21-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан

фойдаланиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия ва ишлаб чиқариладиган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари сертификатлаштирилиши лозим, бундан шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган шундай энергия ва қурилмалар мустасно.

22-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан

фойдаланиш соҳасидаги талаблар

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият ушбу соҳадаги техник регламентлар, нормалар ва қоидаларга, экологик, санитария, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, ишларни хавфсиз юритиш талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши керак.

23-модда. Ахборотдан фойдаланиш

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник регламентлар, норма ва қоидалар, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга доир инновацион ғоялар, ишланмалар ҳамда технологиялар тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида ва махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

24-модда. Низоларни ҳал этиш

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

25-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

26-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти

ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

27-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга

мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти                                 Ш. Мирзиёев

 

ЎзА