Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий- ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида ва ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси иштирокининг самарадорлигини ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини бажаришда Ҳукумат масъулиятини кучайтириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили (кейинги ўринларда Ваколатли вакил деб аталади) лавозими жорий этилсин.
2. Қуйидагилар Ваколатли вакилнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
биринчи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонунлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш, уларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида кўриб чиқиш, келишиш ва ахборот бериш жараёнларида иштирок этиш;
иккинчи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида қонунлар лойиҳалари, бошқа масалаларни муҳокама этиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида қонун лойиҳаларини (қонунларни) кўриб чиқишда иштирок этадиган Ҳукумат вакиллари таркибини шакллантиришда иштирок этиш;
учинчи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан қонун ижодкорлиги фаолиятида, авваламбор, мамлакат парламентида қонунларни кўриб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул килиш жараёнларида яқин ҳамкорлигини ташкил этиш;
тўртинчи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари, қонунлар, давлат дастурлари ва бошқа масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг келишилган нуқтаи назарини ифода этиш;
бешинчи – қонун ижодкорлиги жараёни, қонунчилик ташаббусларининг қабул қилиниши, парламент назорати натижалари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига тааллуқли бошқа масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқилиши ҳақида Вазирлар Маҳкамасига тизимли асосда ахборот бериш;
олтинчи – янги қабул қилинган қонунларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириклари, режалари ҳамда қарорлари тайёрланишини ташкил этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан амалдаги қонунлар бажарилишини ўрганиш ҳамда таҳлил килиш;
еттинчи – қонунлар, давлат дастурларининг бажарилиши ва бошқа йўналишлар бўйича парламент назоратини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг иштирокини таъминлаш.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ваколатли вакил:
Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади:
ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади, бир вақтнинг ўзида унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштирилади.
4. Ваколатли вакилга:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш дастурларининг ўз вақтида ва сифатли тайёрланиши ҳамда амалга оширилиши;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, уларнинг кенгашлари, қўмиталари, комиссиялари (ишчи гуруҳлари), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмалари мажлисларида қонунлар лойиҳалари ва қонунларни кўриб чиқишда уларни ҳар томонлама асослаш, иқтисодий, молиявий, ҳуқукий ва бошқа турдаги экспертизадан тўлиқ ўтказилишини таъминлаш бўйича шахсий масъулият юклансин.
5. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили аппаратининг тузилмаси иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Янги жорий этилган Ваколатли вакил лавозими учун Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳак тўлашнинг 19-разряди белгилансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ишлар бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биносида Ваколатли вакил учун хона ажратилишини, шунингдек уни зарур ускуналар, компьютер техникаси, мебель, алоқа воситалари, жумладан, ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Ваколатли вакил ва унинг аппаратини Ҳукумат биносида жойлаштириш, унинг ишларини самарали ташкил этиш учун ташкилий ва моддий-техник, шу жумладан транспорт таъминоти масалаларини ҳал этсин;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг штат жадвалига тегишли ўзгартиришлар киритсин;
қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақида бир ой муддатда таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 28 сентябрь