Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, маданият ва санъат соҳаси вакиллари учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 1-уй манзилда жойлашган бино ва иншоотларни тегишли ҳудуди билан биргаликда (кейинги ўринларда объект деб юритилади) оператив бошқариш ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига бепул бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Тошкент шаҳри ҳокимлиги объектни бир ой муддатда белгиланган тартибда топширсин, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қабул қилиб олсин ҳамда объектни сақлаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсин.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда “Асака” акциядорлик тижорат банкини банкларга қўйиладиган талабларга жавоб берадиган бинога жойлаштирсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2017 йил 15 февралдаги ПҚ-2778-сон қарори матнининг 9-бандидаги “Мустақиллик майдони, 5-уйда” сўзлари “Тарас Шевченко кўчаси, 1-уйда” сўзлари билан алмаштирилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг тузилмасини мақбуллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 31 декабрдаги ПҚ-2463-сон қарорининг 8-банди ҳамда унга 5-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Тошкент шаҳри ҳокими Р.Ж.Усмонов ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.С.Сайфуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 18 октябрь