Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Бахшичилик санъатини республика ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, Халқаро бахшичилик санъати фестивалини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиш, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида мавжуд бўлган ўзига хос ижро услублари асосида ижодий мактабларни “устоз-шогирд” анъаналари асосида қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида:

1. Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2021 йилда Нукус шаҳрида II Халқаро бахшичилик санъати фестивалини (кейинги ўринларда – Фестиваль) ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги ПҚ–3990-сон қарори билан тасдиқланган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (А.Н. Арипов):

а) Фестивални Қорақалпоғистон Республикасида юқори ташкилий даража ва бадиий савияда ўтказиш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга оширсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда:

Халқаро бахшичилик санъати фестивалини келгусида босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ўтказиш чораларини
кўрсин;

санитария-эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жорий йилдаги Фестиваль ҳамда келгусидаги Халқаро бахшичилик санъати фестивалларини ўтказиш муддатини белгиласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

      Ўзбекистон Республикаси

                Президенти                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 10 апрель