Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 22 ноябрда

қабул қилинган

Сенат томонидан 2018 йил 13 декабрда

маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш, бажариш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва уларни тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, шунингдек ушбу Қонунга ҳамда халқаро шартномаларнинг ўз қоидаларига мувофиқ тузилади, бажарилади, тугатилади ва уларнинг амал қилиши тўхтатиб турилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари

Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимида

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аҳдлашувчи томон – халқаро шартноманинг мустақил томони сифатида иштирок этаётган ҳамда у кучга кирганлигидан ёки кирмаганлигидан қатъи назар, ушбу халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилик билдирган давлат (давлатлар), халқаро ташкилот (халқаро ташкилотлар) ва (ёки) халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъект (бошқа субъектлар);

ваколатлар – битта шахснинг ёки бир нечта шахснинг Ўзбекистон Республикаси вакили бўлиш ҳуқуқи бўлиб, бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси ваколатли органининг (мансабдор шахсининг) қарори асосида амалга оширилади ва музокараларда иштирок этаётган томонга ёки депозитарийга:

музокаралар олиб бориш ва халқаро шартноманинг матнини қабул қилиш ёки унинг аутентиклигини белгилаш;

халқаро шартномани имзолаш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилигини билдириш;

халқаро шартномага тааллуқли бошқа ҳаракатни амалга ошириш мақсадида бериладиган ваколатлар тўғрисидаги гувоҳнома билан тегишли тарзда расмийлаштирилади;

давлат органи – Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган Ўзбекистон Республикаси вазирлиги, давлат қўмитаси, шунингдек бошқа органи;

денонсация – Ўзбекистон Республикасининг ўзи тузган халқаро шартномани тегишли тарзда расмийлаштирилган ҳолда рад этиши ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тугатиш усулларидан бири;

депозитарий – халқаро шартнома қоидаларига мувофиқ ушбу халқаро шартноманинг асл нусхаси ўзига сақлаш учун топшириладиган ва мазкур халқаро шартномага нисбатан ушбу халқаро шартномада ва халқаро ҳуқуқда назарда тутилган вазифаларни бажарадиган давлат, халқаро ташкилот ёки унинг бош ижрочи мансабдор шахси;

музокараларда иштирок этаётган томон – халқаро шартноманинг матнини тузиш ва қабул қилишда иштирок этаётган давлат, халқаро ташкилот ва (ёки) халқаро шартномаларни тузиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъект;

ратификация ёрлиғи – халқаро шартнома Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан кўриб чиқилганлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи ва халқаро шартноманинг Ўзбекистон Республикаси учун мажбурий эканлигига бўлган розиликни ифодаловчи махсус ҳужжат;

халқаро ташкилот – ўзининг таъсис ҳужжатига мувофиқ халқаро хусусиятга эга муайян вазифаларни бажариш учун ташкил этилган ва халқаро ҳуқуқнинг субъекти бўлиш ҳуқуқига эга бўлган давлатлараро (ҳукуматлараро) ташкилот;

халқаро шартнома иштирокчиси – халқаро шартноманинг мустақил томони сифатида иштирок этаётган, халқаро шартноманинг ўзи учун мажбурий эканлигига розилик билдирган ва ўзи учун халқаро шартнома кучга кирган давлат, халқаро ташкилот ва (ёки) халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъект;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси – битта ҳужжатдан, иккита ёки бир-бири билан боғлиқ бўлган бир нечта ҳужжатдан иборат бўлишидан, шунингдек ўзининг муайян номидан ва тузилиш усулидан (шартнома, битим, конвенция, акт, пакт, баённома, хатлар ёки ноталар алмашинуви ҳамда халқаро шартноманинг бошқача номлари ва тузилиш усулларидан) қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси томонидан чет давлат, халқаро ташкилот ёхуд халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъект билан ёзма шаклда тузилган, халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинадиган халқаро келишув;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини имзолаш – халқаро шартномани тузиш босқичи ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига бўлган розилигини, агар халқаро шартномада имзолаш шундай кучга эга эканлиги назарда тутилган бўлса ёки Ўзбекистон Республикасининг ва музокараларда иштирок этаётган бошқа томонларнинг имзолаш шундай кучга эга бўлиши кераклиги ҳақидаги келишуви бошқача тарзда белгиланган бўлса ёки имзолашга шундай куч бериш мақсади музокараларда иштирок этаётган томон вакилининг ваколатларидан келиб чиқса ёхуд музокаралар вақтида билдирилган бўлса, билдириш шакли;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тузиш – халқаро шартноманинг мазмунини шакллантириш, унинг матнини қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилигини билдиришга доир тартиб-таомиллар кетма-кетлиги;

қўшимча шарт – Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномани имзолаш, ратификация қилиш, тасдиқлаш, қабул қилиш ёки унга қўшилиш чоғида қилинган ҳар қандай таърифдаги ва ҳар қандай номдаги бир томонлама расмий ёзма баёноти бўлиб, у орқали халқаро шартнома муайян қоидаларининг Ўзбекистон Республикасига нисбатан қўлланилиши борасида бу қоидаларни истисно қилиш ёки уларнинг юридик кучини ўзгартириш истаги ифодаланади.

5-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномасининг тили

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ва бошқа аҳдлашувчи томоннинг тили Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг тилидир.

Бошқа аҳдлашувчи томон билан келишувга кўра ўзга тил Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг тили деб танланиши мумкин. Халқаро шартноманинг матни қайси тилда тузилган бўлса, ўша тил мазкур шартноманинг матнида кўрсатилиб, матнда унинг аутентиклиги
ва расмийлиги белгиланади.

6-модда. Чет давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъектлар билан ўзаро муносабатлар

Чет давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъектлар билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва уларни тугатиш масалалари бўйича ўзаро муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади.

2-боб. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тартиби

7-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини тузиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш ҳуқуқи давлатга тегишлидир.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қуйидагича тузилади:

Ўзбекистон Республикаси номидан – давлатлараро шартномалар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан – ҳукуматлараро шартномалар;

давлат органлари номидан ўз ваколатлари доирасида – идоралараро шартномалар.

8-модда. Халқаро шартнома лойиҳасини ёки Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани экспертлар даражасида ишлаб чиқишни бошлаш ҳақидаги ташаббус таклифи

Давлат органлари ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда халқаро шартнома лойиҳасини ёки Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани экспертлар даражасида ишлаб чиқишни бошлаш ҳақидаги ташаббус таклифи билан чиқиши мумкин.

Айрим ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига кўра давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президентига экспертлар даражасида ишлаб чиқишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ташаббус таклифи киритиши мумкин.

Ташаббус таклифига қуйидаги материаллар давлат тилида ёки зарур ҳолларда, бошқа тилларга таржима қилинган ҳолда илова қилинади:

халқаро шартноманинг дастлабки лойиҳаси ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартноманинг матни ёхуд уларнинг асосий қоидалари;

халқаро шартноманинг лойиҳасига ёки кўп томонлама халқаро шартномага қўшимча ҳужжатлар;

ушбу Қонуннинг 9-моддаси талабларига мос бўлган тушунтириш хати.

9-модда. Халқаро шартнома лойиҳасига ёки

Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама

халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга

мувофиқлиги тўғрисидаги масалага доир

тушунтириш хати

Халқаро шартнома лойиҳасига ёки Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалага доир тушунтириш хатида қуйидагилар бўлиши керак:

Ўзбекистон Республикаси учун халқаро шартномани тузиш мақсадга мувофиқлигининг ва амалий аҳамиятининг асосланиши, шу жумладан унинг тузилишидан кутилаётган натижалар тўғрисидаги батафсил ахборот ҳамда халқаро шартнома тузиш орқали тартибга солиш талаб этиладиган масалалар ҳақидаги маълумотлар;

халқаро шартнома тузилиши муносабати билан қабул қилиниши, ўзгартирилиши, қўшимча киритилиши ва (ёки) ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот;

зарур ҳолларда, халқаро шартнома тузиш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган молиявий-иқтисодий оқибатларнинг ёки бошқа оқибатларнинг баҳоланиши.

Тушунтириш хати халқаро шартнома билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органи томонидан тайёрланади ва ушбу орган раҳбари томонидан (унинг йўқлигида – биринчи ўринбосари томонидан) имзоланади.

10-модда. Халқаро шартнома лойиҳасини ёки

Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама

халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга

мувофиқлиги тўғрисидаги масалани экспертлар

даражасида ишлаб чиқиш

Экспертлар даражасида ишлаб чиқиш халқаро шартнома билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органи томонидан манфаатдор давлат органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги халқаро шартнома лойиҳасини ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома матнини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқлиги борасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Зарур ҳолларда, экспертлар даражасида ишлаб чиқиш давомида халқаро шартнома лойиҳасини тузиш ва кўриб чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани муҳокама қилиш учун манфаатдор давлат органларининг вакиллари, мутахассислар ҳамда мустақил экспертлардан иборат бўлган идоралараро ишчи гуруҳ тузилиши мумкин.

Агар халқаро шартнома билан тартибга солинадиган масалалар икки ёки ундан ортиқ давлат органларининг ваколатига кирса, барча таклифларни умумлаштириш, халқаро шартнома лойиҳасини маромига етказиш ва унинг давлат тилидаги ёки зарур бўлган ҳолларда, бошқа тилдаги матнини тайёрлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани экспертлар даражасида ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган давлат органининг зиммасига юклатилади.

Экспертлар даражасида ишлаб чиқиш якунларига кўра халқаро шартнома лойиҳаси ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома матни ушбу Қонуннинг 11-моддасида назарда тутилган тартибда ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ўтказилганидан сўнг халқаро шартнома лойиҳаси ёки Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масала ушбу Қонуннинг 13-моддасида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Чет эл томони билан халқаро шартнома лойиҳасининг ёки кўп томонлама халқаро шартномада Ўзбекистон Республикасининг иштирок этиши тўғрисидаги масаланинг кейинги ишлаб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижобий қарори олинганидан сўнг амалга оширилади.

Халқаро шартнома билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органининг раҳбари халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқишнинг бутун жараёни учун жавобгар бўлади.

11-модда. Халқаро шартнома лойиҳасининг ёки

Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни

мақсад қилган кўп томонлама халқаро

шартнома матнининг ҳуқуқий экспертизаси

Халқаро шартноманинг лойиҳаси ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартноманинг матни экспертлар даражасида ишлаб чиқилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мажбурий ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши лозим.

Ҳуқуқий экспертиза чоғида халқаро шартнома лойиҳасининг ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома матнининг:

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган халқаро мажбуриятларга;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларига;

юридик техника талабларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини расмийлаштириш амалиётига мувофиқлиги текширилади.

Ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига қуйидагилар киритилади:

давлат тилидаги ёки зарур ҳолларда, бошқа тилдаги халқаро шартнома лойиҳаси ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома матни;

ушбу Қонуннинг 9-моддаси талабларига мос бўлган тушунтириш хати;

манфаатдор давлат органлари билан экспертлар даражасида ишлаб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертизаси натижалари қиёсий жадвал тарзида.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўриб чиқилаётган масала мавзусига оид бошқа зарур материалларни талаб қилиб олишга ҳақли.

12-модда. Халқаро шартнома лойиҳасининг ёки

Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни

мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома

матнининг бошқа турдаги экспертизаси

Халқаро шартнома лойиҳаси ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома матни иқтисодий, молиявий, илмий, экологик, лингвистик, шунингдек бошқа турдаги экспертизадан ўтказилиши мумкин.

Экспертлар даражасида ишлаб чиқишда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар экспертлар сифатида жалб қилиниши мумкин.

Экспертларнинг хулосалари тавсия хусусиятига эга бўлади ва халқаро шартнома билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органи томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Бошқа турдаги экспертиза ўтказиш тўғрисидаги қарор халқаро шартнома билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органи томонидан ўз ташаббусига кўра ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига биноан қабул қилинади.

13-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини

тузиш тўғрисидаги таклиф

Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро шартнома тузиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан киритилади. Бошқа давлат органлари ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро шартнома тузиш ҳақидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга ёки у билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тузиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан киритилади. Бошқа давлат органлари ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тузиш тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга ёки у билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикасининг идоралараро шартномасини тузиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу шартнома билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органи томонидан киритилади.

Халқаро шартномани тузиш тўғрисидаги таклифга қуйидагилар илова қилинади:

халқаро шартнома лойиҳаси ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома матни ёки уларнинг асосий қоидалари;

ушбу Қонуннинг 9-моддаси талабларига мос бўлган тушунтириш хати;

тегишли давлат органларининг хулосалари;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ва Ташқи ишлар вазирлигининг ўзлари ўтказган ҳуқуқий экспертиза натижаларига доир хулосалари.

14-модда. Музокаралар олиб бориш ва Ўзбекистон

Республикасининг халқаро шартномаларини

имзолаш тўғрисидаги қарорлар

Музокаралар олиб бориш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолаш тўғрисидаги қарорлар, агар Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса:

Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

Ўзбекистон Республикасининг идоралараро шартномаларига нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, ушбу шартномалар билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари раҳбарлари томонидан қабул қилинади.

15-модда. Музокаралар олиб бориш ва Ўзбекистон

Республикасининг халқаро шартномаларини

имзолаш ваколатлари тўғрисидаги гувоҳнома

Музокаралар олиб бориш ва халқаро шартномаларни имзолаш ваколатлари ушбу Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ қабул қилинган қарорлар асосида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан ваколатлар тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш орқали тасдиқланади.

Ваколатлар тўғрисидаги гувоҳноманинг шакли Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.

16-модда. Ваколатларни кўрсатиш заруратисиз музокаралар

олиб бориш ва Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларини имзолаш

Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат раҳбари сифатида халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради ҳамда халқаро ҳуқуққа ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ваколатларини кўрсатиш заруратисиз музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолайди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради, ваколатларини кўрсатиш заруратисиз музокаралар олиб боради ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан халқаро шартномаларни имзолайди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўз вазифаларига кўра ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ ваколатларини кўрсатиш заруратисиз музокаралар олиб боришга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ваколатхонаси бошлиғи ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилот ёки конференция қошидаги ваколатхонаси бошлиғи халқаро шартнома матнини қабул қилиш мақсадида дипломатик ваколатхона жойлашган давлат билан ёки мазкур халқаро ташкилот, конференция доирасида ваколатларини кўрсатиш заруратисиз музокаралар олиб боришга ҳақли.

Давлат органининг раҳбари ўз ваколати доирасида ваколатларини кўрсатиш заруратисиз музокаралар олиб боришга ва идоралараро шартномаларни имзолашга ҳақли.

17-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома

ўзи учун мажбурий эканлигига розилигини билдириш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилиги халқаро шартномани имзолаш, ноталар, хатлар ёки халқаро шартномани ташкил этувчи бошқа ҳужжатлар алмашиш, халқаро шартномани ратификация қилиш, тасдиқлаш, қабул қилиш, унга қўшилиш орқали ёки аҳдлашувчи томонлар келишиб олган бошқа ҳар қандай усулда билдирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу Қонун талабларини ҳисобга олган ва халқаро шартнома қоидаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилигини билдириш усулини аниқлайди.

18-модда. Ратификация қилинадиган халқаро шартномалар

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ халқаро шартномани ратификация қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан халқаро шартномани ратификация қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш орқали амалга оширилади.

Қуйидаги халқаро шартномалар ратификация қилинади:

давлатлараро муносабатларнинг асослари ҳақидаги ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги;

Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига дахлдор масалалар бўйича, тинчлик шартномалари ва коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномалар;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан ҳудудий чегараланиши тўғрисидаги;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро иттифоқлардаги, халқаро ташкилотлардаги ва бошқа бирлашмалардаги иштироки тўғрисидаги;

бажарилиши Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ўзгартирилишини ёки янги қонунлар қабул қилинишини талаб этадиган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилганидан бошқача қоидаларни белгилайдиган бўлса.

Қайси халқаро шартномаларни тузиш чоғида музокараларда иштирок этувчи томонлар келгусида уларни ратификация қилиш тўғрисида келишиб олган бўлса, ўша халқаро шартномалар худди шундай тарзда ратификация қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари бошқа халқаро шартномаларни ҳам ратификация қилишга ҳақли.

Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисидаги халқаро шартномалар, шунингдек халқаро кафолат шартномалари ратификация қилинмайди ва Ўзбекистон Республикаси учун аҳдлашувчи томонлар белгилайдиган тартибда кучга киради.

19-модда. Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро

шартномаларни ратификация қилиш

тўғрисидаги таклифлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ имзоланган халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ имзоланган халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилади.

Халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мустақил равишда ёки, агар шартнома бошқа давлат органларининг ваколатига кирадиган масалаларга дахлдор бўлса, улар билан келишилган ҳолда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

20-модда. Ратификация ёрлиғи

Халқаро шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунга асосан ратификация ёрлиғи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланади, унинг муҳри ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг имзоси билан тасдиқланади.

Ратификация ёрлиғининг шакли Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.

21-модда. Ратификация ёрлиқларини алмашиш ва

уларни сақлаш учун топшириш

Ратификация ёрлиқларини алмашиш ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги ёрлиқларни сақлаш учун депозитарийга топшириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ёхуд унинг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ваколатхонаси, консуллик муассасаси ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилот ҳузуридаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилади.

22-модда. Ратификация қилинмайдиган халқаро шартномаларни

тасдиқлаш ва қабул қилиш

Ратификация қилинмайдиган, лекин кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари ўтказилиши назарда тутиладиган халқаро шартномаларни тасдиқлаш ва қабул қилиш:

Ўзбекистон Республикаси номидан ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузиладиган халқаро шартномаларга нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

идоралараро шартномаларга нисбатан – ўз номидан бундай шартномалар имзоланган давлат органлари томонидан амалга оширилади.

23-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларга қўшилиши

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларга қўшилиши тўғрисидаги қарор:

ратификация қилинадиган шартномаларга нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан;

қайси шартномалар ратификация қилинмаса ва уларга қўшилиш Ўзбекистон Республикаси номидан ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан амалга оширилса, ўша шартномаларга нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

идоралараро шартномаларга нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

24-модда. Ўзбекистон Республикаси томонидан

халқаро шартноманинг ёки унинг қисмининг

вақтинча қўлланилиши

Агар халқаро шартномада халқаро шартнома ёки халқаро шартноманинг бир қисми у кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси томонидан вақтинча қўлланилиши мумкинлиги назарда тутилган бўлса ёки аҳдлашувчи томонлар ўртасида бу ҳақда келишувга эришилган бўлса, ушбу халқаро шартнома ёки унинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси томонидан вақтинча қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро шартномани ёки унинг бир қисмини вақтинча қўллаш тўғрисидаги ёхуд вақтинча қўллашни тугатиш ҳақидаги қарор халқаро шартномани имзолаш ҳақида қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) томонидан қабул қилинади.

25-модда. Халқаро шартномаларнинг кучга кириши

Халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси учун ушбу Қонунга мувофиқ ҳамда халқаро шартномада назарда тутилган ёки аҳдлашувчи томонлар ўртасида келишилган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилиги билдирилганидан сўнг кучга киради.

26-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларига доир қўшимча шартлар

Халқаро шартномаларни имзолаш, ратификация қилиш, тасдиқлаш, қабул қилиш ёки уларга қўшилиш чоғида шартнома шартларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилган ҳолда қўшимча шартлар қўйилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига доир қўшимча шартлар қандай тартибда қўйилган бўлса, худди шундай тартибда исталган вақтда олиб ташланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига бошқа аҳдлашувчи томон қўйган қўшимча шартни қабул қилиш ёки унга қарши эътироз билдириш халқаро шартноманинг ўзидаги шартларга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилиги тўғрисида қарор қабул қиладиган орган (мансабдор шахс) томонидан амалга оширилади.

27-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг шартларига ҳамда халқаро ҳуқуққа мувофиқ уларнинг иштирокчилари ўртасидаги келишувга биноан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Ушбу Қонуннинг халқаро шартномалар тузишга оид қисмидаги қоидалар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга нисбатан ҳам қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси учун халқаро шартномаларнинг ўзида назарда тутилган тартибда ва муддатларда ёки уларнинг иштирокчилари ўртасида келишиб олинган бошқа тарзда кучга киради.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар кучга кириши учун ушбу шартномалар шартларига ёки халқаро ҳуқуққа мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар ўзи учун мажбурий эканлигига розилиги билдирилиши зарур бўлса, Ўзбекистон Республикасининг бундай розилиги ушбу Қонуннинг 17-моддасида кўрсатилган усулларда ифодаланиши мумкин.

28-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини пролонгация қилиш

(муддатини узайтириш)

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг ўзида белгиланган шартларга мувофиқ ёки уларнинг иштирокчилари ўртасидаги келишувга кўра пролонгация қилиниши (муддати узайтирилиши) мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини пролонгация қилиш (муддатини узайтириш) тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикасининг ушбу халқаро шартномасини имзолаш тўғрисида қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) томонидан қабул қилинади.

3-боб. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини

эълон қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва сақлаш

29-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини эълон қилиш

Ўзбекистон Республикасининг кучга кирган халқаро шартномалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ҳамда бошқа манбаларда, шу жумладан тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари эълон қилинадиган расмий манбадир. Қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини эълон қилишнинг бошқа расмий манбалари ҳам белгиланиши мумкин.

Аутентик матнлари чет тилларда тузилган Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат тилида эълон қилинади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бошқа тилларда ҳам эълон қилиниши мумкин.

30-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини халқаро ташкилотларда

рўйхатдан ўтказиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Котибиятида ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тегишли органларида рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ёки у билан келишилган ҳолда бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг рўйхатдан ўтказиладиган идоралараро шартномаларини тегишли халқаро ташкилотларда ушбу ташкилотларнинг амалдаги қоидаларига мувофиқ рўйхатдан ўтказиш бундай шартномалар қайси давлат органларининг номидан тузилган бўлса, ўша давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

31-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг

давлат реестри ва уларнинг сақланиши

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг давлат реестри Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва уларнинг электрон нусхаларини сақлашнинг ягона давлат тизимидир.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг давлат реестри Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳақидаги, шу жумладан уларнинг реквизитларини ва ахборот-маълумотнома тусидаги бошқа маълумотларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тасарруфида бўлади ва у Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ҳамда уларнинг асл нусхаларини ва депозитарий томонидан расман тасдиқланган нусхаларини сақлаш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилаётган халқаро шартномаларнинг асл нусхалари (тасдиқланган кўчирма нусхалари, расмий таржималари) улар имзоланган (депозитарийдан тасдиқланган кўчирма нусхалари, расмий таржималари олинган) кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига сақлаш учун топширилади, ушбу ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари эса, улар кучга кирган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлат органларига ва бошқа ташкилотларига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси идоралараро шартномаларининг асл нусхалари мазкур шартномалар қайси давлат органлари номидан тузилган бўлса, ўша давлат органларида сақланади, ушбу шартномаларнинг тасдиқланган кўчирма нусхалари эса, улар имзоланган (депозитарийдан тасдиқланган кўчирма нусхалари, расмий таржималари олинган) кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ва бошқа манфаатдор давлат органларига юборилади.

32-модда. Депозитарий вазифаларини амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўп томонлама халқаро шартномаларнинг депозитарийси вазифаларини, агар ушбу шартномалар шартларига мувофиқ бундай вазифалар Ўзбекистон Республикасининг зиммасига юклатилган бўлса, амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама идоралараро шартномалари депозитарийсининг вазифалари, агар ушбу шартномалар шартларига мувофиқ бундай вазифалар Ўзбекистон Республикасининг зиммасига юклатилган бўлса, ушбу шартномалар қайси давлат органларининг номидан тузилган бўлса, ўша давлат органлари томонидан амалга оширилади.

4-боб. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини

бажаришга доир чора-тадбирлар

33-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини бажариш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ оғишмай ва мажбурий тарзда бажарилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатини қабул қилиш зарур бўлган ҳолларда, манфаатдор давлат органлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси нормаларини имплементация қилиш масалалари бўйича тегишли ҳужжат қабул қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда таклифлар тақдим этади.

34-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг

бажарилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўради ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши учун жавобгарлик ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва мансабдор шахсларни ўз ваколатлари доирасида белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини, бундай шартномалардан келиб чиқадиган, Ўзбекистон Республикасига тегишли бўлган ҳуқуқларга риоя этилишини таъминлайди ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бошқа иштирокчилари томонидан ўз мажбуриятлари бажарилишини кузатиб боради.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар икки ёки ундан ортиқ давлат органларининг ваколатларига кирса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш ўз зиммасига юклатиладиган давлат органини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши устидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга оширади.

35-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари

қоидаларини қўллаш тартиби тўғрисидаги

тушунтириш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қоидаларини қўллаш тартиби тўғрисидаги тушунтириш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда ёзма шаклда берилади.

36-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномалари бажарилиши юзасидан мониторинг

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши юзасидан мониторинг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ягона тарзда ҳисобга олишнинг, инвентаризация қилишнинг ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг қилишнинг электрон маълумотлар базаси асосида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари ҳар йили 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг йил давомидаги бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ахборот юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги давлат органларининг ахборотини ўрганиш асосида:

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилиши ҳолати самарадорлигига баҳо беради;

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини тегишли тарзда таъминлаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ҳар йили 1 мартга қадар бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, алоҳида ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Президентига умумлаштирилган ахборотни тегишли таклифлар билан киритади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши юзасидан ўз ваколатлари доирасида мониторингни амалга оширади.

37-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини инвентаризация қилиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини инвентаризация қилиш Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ягона тарзда ҳисобга олишнинг, инвентаризация қилишнинг ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг қилишнинг электрон маълумотлар базаси асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари ҳамда бошқа аҳдлашувчи томонлар билан биргаликда шартномаларнинг ягона тарзда ҳисобга олинишини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини режали асосда инвентаризациядан ўтказади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ахборотни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сўровномаси асосида икки ҳафталик муддат ичида тақдим этади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини инвентаризация қилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини амал қилувчи ёки ўз кучини йўқотган деб топиш, уларни пролонгация қилиш (муддатини узайтириш) ва қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, алоҳида ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Президентига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор давлат органларини Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини инвентаризация қилиш якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар тўғрисида хабардор қилади.

38-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси

унинг бошқа иштирокчилари томонидан бузилган

тақдирда кўриладиган чоралар

Давлат органлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича мажбуриятлар унинг бошқа иштирокчилари томонидан бузилиши ҳолати аниқланган пайтдан эътиборан бу ҳақда дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилади. Зарур бўлган ҳолларда, бундай бузилишга олиб келган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг бошқа иштирокчилари билан маслаҳатлашувлар ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича мажбуриятлар унинг бошқа иштирокчилари томонидан бузилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа манфаатдор давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, алоҳида ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Президентига халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳамда халқаро шартноманинг ўз шартларига мувофиқ зарур чоралар кўриш тўғрисида таклифлар тақдим этади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси унинг бошқа иштирокчилари томонидан жиддий тарзда бузилган тақдирда, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган бошқа ҳолларда, бундай шартнома ушбу Қонуннинг 40–48-моддаларида белгиланган тартибда тугатилиши ёки унинг амал қилиши тўхтатиб турилиши мумкин.

5-боб. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг

ҳақиқий эмаслиги, унинг амал қилишини

тўхтатиб туриш ёки уни тугатиш

39-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг

ҳақиқий эмаслиги

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган ҳолларда ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши мумкин.

40-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш бундай шартноманинг барча иштирокчиларига нисбатан ёки унинг айрим иштирокчисига нисбатан:

халқаро шартнома қоидаларига мувофиқ;

бошқа аҳдлашувчи томонлар билан маслаҳатлашувларга кўра барча иштирокчиларнинг розилиги билан исталган вақтда амалга оширилиши мумкин.

41-модда. Шартномани тугатиш, денонсация қилиш ёхуд ундан

чиқиш тўғрисидаги қоидалар мавжуд бўлмаган

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасини

денонсация қилиш ёки ундан чиқиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тугатиш тўғрисидаги қоидалар мавжуд бўлмаган ва уни денонсация қилишни ёки ундан чиқишни назарда тутмайдиган Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаси, агар:

халқаро шартнома иштирокчилари денонсация қилиш ёки чиқиш имкониятини қолдириш ниятида бўлганлиги белгиланмаган бўлса;

халқаро шартнома ўз хусусиятига кўра уни денонсация қилиш ёки ундан чиқиш ҳуқуқини назарда тутмаса, денонсация қилинмайди ва ундан чиқишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ўзининг Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасини денонсация қилиш ёки ундан чиқиш нияти ҳақида камида ўн икки ой аввал хабардор қилади.

42-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини

тугатиш ёки ундан чиқиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тугатиш ёки ундан чиқиш:

халқаро шартноманинг қоидаларига мувофиқ;

бошқа аҳдлашувчи томонлар билан маслаҳатлашувларга кўра барча иштирокчиларнинг розилиги билан исталган вақтда амалга оширилиши мумкин.

43-модда. Ўзбекистон Республикасининг кейинги

халқаро шартномаси тузилишидан келиб чиқиб,

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг

амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уни тугатиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси, агар унинг барча иштирокчилари худди шу масала бўйича кейинги шартномани тузган бўлса ва:

мазкур масала Ўзбекистон Республикасининг кейинги шартномаси билан тартибга солиниши ушбу кейинги шартнома мазмунидан келиб чиқса ёки шундайлиги бошқача тарзда белгиланган бўлса;

Ўзбекистон Республикасининг кейинги халқаро шартномаси қоидалари Ўзбекистон Республикасининг илгариги халқаро шартномаси қоидаларига зид бўлса ва ҳар иккала шартномани бир вақтда қўллаш мумкин бўлмаса, тугатилган деб ҳисобланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг илгариги халқаро шартномаси иштирокчилари унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ниятида эканлиги Ўзбекистон Республикасининг кейинги халқаро шартномаси мазмунидан келиб чиқса ёки шундайлиги бошқача тарзда белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг илгариги халқаро шартномасининг амал қилиши фақат тўхтатиб турилган деб ҳисобланади.

44-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси

жиддий тарзда бузилганлиги оқибатида унинг амал

қилишини тўхтатиб туриш ёки уни тугатиш

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг шартнома иштирокчиларидан бири томонидан жиддий тарзда бузилганлиги Ўзбекистон Республикасига шартноманинг амал қилишини бутунлай ёки қисман тўхтатиб туриш ёки уни тугатиш учун бундай бузилишни асос қилиб кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг жиддий бузилиши қуйидагилардан иборат:

халқаро ҳуқуқ нормаларида йўл қўйилмайдиган тарзда халқаро шартномадан воз кечиш;

шартнома объекти ва мақсадининг амалга оширилиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қоиданинг бузилиши.

45-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг

амал қилишини тўхтатиб туриш, уларни тугатиш ёки

денонсация қилиш тўғрисидаги таклифлар

Ўзбекистон Республикаси номидан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилган Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг амал қилишини тўхтатиб туриш, уларни тугатиш ёки денонсация қилиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мустақил равишда ёки бошқа давлат органлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Бошқа давлат органлари Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг амал қилишини тўхтатиб туриш, уларни тугатиш ёки денонсация қилиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига киритади.

Ўзбекистон Республикаси идоралараро шартномаларининг амал қилишини тўхтатиб туриш, уларни тугатиш ёки денонсация қилиш тўғрисидаги таклифлар шартнома ўз номидан тузилган давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

46-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш

тўғрисидаги қарор

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор шартноманинг ўз шартларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини имзолаш ҳақидаги қарорни қабул қилган орган (мансабдор шахс) томонидан қабул қилинади.

47-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан денонсация қилиш тўғрисидаги қарор

Ўзбекистон Республикаси номидан тузилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини денонсация қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилган қонун лойиҳаси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини денонсация қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган қонун лойиҳаси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан қабул қилинади.

48-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

томонидан Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларини тугатиш ёхуд

денонсация қилиш тўғрисидаги қарор

Ўзбекистон Республикаси номидан тузилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини (бундан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан ратификация қилинганлари мустасно) тугатиш ёки денонсация қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини (бундан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан ратификация қилинганлари мустасно) тугатиш ёки денонсация қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, алоҳида ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг идоралараро шартномаларини тугатиш ёхуд денонсация қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

49-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномасининг амал қилишини

тўхтатиб туриш, уни тугатиш ёки

денонсация қилиш оқибатлари

Агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса ёки унинг ўзга иштирокчилари билан бошқача келишув мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаси амал қилишининг тўхтатиб турилиши Ўзбекистон Республикасини ушбу шартноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган муддат давомида уни бажариш мажбуриятидан озод қилади.

Агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса ёки унинг ўзга иштирокчилари билан бошқача келишув мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг тугатилиши ёки денонсация қилиниши Ўзбекистон Республикасини ушбу халқаро шартномани бажариш мажбуриятидан озод қилади ҳамда шартнома тугатилгунига қадар уни бажариш натижасида юзага келган Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ёки юридик ҳолатига таъсир қилмайди.

50-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг

амал қилишини тўхтатиб туриш, уни тугатиш ёки

денонсация қилиш тўғрисидаги расмий хабарлар

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш, уни тугатиш ёки денонсация қилиш тўғрисидаги расмий хабарлар ушбу Қонуннинг 29-моддасида назарда тутилган тартибда эълон қилинади.

51-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома

бўлмаган халқаро ҳужжатларига нисбати

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома бўлмаган халқаро ҳужжатлари юридик мажбурият юкловчи қоидаларни ўз ичига олмаслиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, Конституциясига ва бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги керак. Бунда шундай халқаро ҳужжатларда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга ҳавола қилишга йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома бўлмаган халқаро ҳужжатлари, қоида тариқасида, декларациялар, баёнотлар, коммюнике, англашув меморандумлари, аҳдлашув баённомалари, ҳамкорлик режалари ва дастурлари шаклида қабул қилинади.

Ушбу Қонун қоидаларининг халқаро шартномалар тузиш ташаббуси билан чиқишга ва уларни имзолашга оид қисми Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома бўлмаган халқаро ҳужжатларига нисбатан ҳам қўлланилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

52-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

53-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси билан халқаро молия институтлари ўртасидаги халқаро заём ва кафолатли шартномалар ҳамда битимларни тузиш ва денонсация қилиш тартиби тўғрисида»ги
850–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 5, 234-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги 172–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 262-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 482–II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 5, 67-модда) XIV бўлими;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 568–II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 1–2, 18-модда) VIII бўлими;

5) Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 14 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–11-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 410-модда) 2-моддаси;

6) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги
ЎРҚ–446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 9, 510-модда) 27-моддаси;

7) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–476-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 224-модда) 18-моддаси.

54-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти

ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

55-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга

мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

56-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти                               Ш. Мирзиёев 

 

ЎзА