Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича кенг жамоатчилик билан ўтказилган муҳокама натижалари ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Вазирлар Маҳкамаси, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Миллий гвардиянинг “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйларини (кейинги ўринларда – ўқув-тарбия муассасалари) Миллий гвардияга бириктириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Миллий гвардия “SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмасининг болалар маҳаллалари билан ҳамкорлик ўрнатсин.

2. Миллий гвардияга қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

ўқув-тарбия муассасаларининг тарбияланувчиларини ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни моддий, ҳуқуқий ва психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш;

ўқув-тарбия муассасаларида сифатли таълим ва тарбия жараёнини йўлга қўйишга, уларнинг маиший шарт-шароитлари яхшиланишига, шунингдек, тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ташкил этиш;

замонавий усул ва шакллардан фойдаланган ҳолда жисмонан соғлом, маънавий етук ва дунёқараши кенг ёшларни шакллантириш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни спорт турларига қизиқтириш ва жалб этиш.

3. Миллий гвардия таркибида:

марказий девони тузилмасида ўқув-тарбия муассасаларида ёшларнинг таълим ва тарбия олиш жараёнларини ҳамда уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этишга масъул Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари лавозими жорий этилсин;

Жамоат хавфсизлиги университетида “Ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш” кафедраси ташкил этилсин.

4. Белгилансинки:

оилавий болалар уйлари ва Болалар уйларига ҳамда васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болаларга (йигирма беш ёшга тўлмаган) Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчи ва ходимлари бириктирилади;

бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ходимлар васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда бир ойда камида бир маротаба етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг таълим-тарбия олиш аҳволини ва маиший шарт-шароитларини ўрганади, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриб боради.

5. Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов) икки ой муддатда:

а) Миллий гвардия (Р.Джураев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов), Туризм ва спорт вазирлиги (У.Азамов) ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) билан биргаликда:

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тарбия бериш, уларни фан, ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бошланғич ҳарбий тайёргарлик ва спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича янги тизимни амалиётга татбиқ этсин;

ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари ўртасида улар томонидан эришилган натижаларни баҳолаш орқали ўқув-тарбия муассасаларининг рейтинг тизимини жорий қилсин;

б) Миллий гвардия (Р.Джураев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) билан биргаликда ўқув-тарбия муассасаларининг Тошкент шаҳридаги Инха университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, IT-парклар билан ўзаро алоқалар ўрнатишини таъминласин ҳамда улар томонидан ўқув курслари ташкил этилиши чораларини кўрсин;

в) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, васийликка ва ҳомийликка олинган болалар ва оилага тарбияга берилган (патронат) болалар бўйича яратилган ахборот тизимида маълумотларни тўлиқ шакллантирган ҳолда Миллий гвардия, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ушбу тизимдан фойдаланиш ҳуқуқини берсин;

г) Миллий гвардия (Р.Джураев), Туризм ва спорт вазирлиги (У.Азамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларини ҳар йили камида икки маротаба ўқишдан бўш вақтларида Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга олиб чиқиш дастурини тасдиқласин. Бунда, саёҳат давомида ички ишлар органлари ҳамроҳлиги Ички ишлар вазирлиги маблағлари ҳисобидан ҳамда ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларини саёҳатга олиб чиқиш (транспорт, яшаш ва овқатланиш) билан боғлиқ харажатлар ўқув-тарбия муассасаларига ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади;

ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари учун якка кураш, от спорти, футбол, сузиш, теннис, шахмат каби спорт турлари бўйича спорт тўгаракларини ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.

6. Миллий гвардия (Р.Джураев) Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар Жамоат хавфсизлиги университетида ўқув-тарбия муассасалари тарбиячиларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни йўлга қўйсин.

7. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов) ва Миллий гвардия (Р.Джураев) билан биргаликда ҳар йили 1 сентябрга қадар янги ўқув йили учун олий таълим муассасалари етакчи профессор-ўқитувчиларининг “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчаларининг тарбияланувчиларини ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ, табиий ва бошқа фанларга ўқитиш бўйича факультатив ва тўгарак машғулотларини, “давра суҳбатларини”, фан мусобақаларини ташкил этиш дастурини тасдиқласин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчаларини зарур спорт анжомлари (болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яратган ҳолда), 20 тадан замонавий компьютер тўплами (узлуксиз тезкор Интернет тармоғига улаган ҳолда), тикувчилик, ошпазлик, қандолатчилик ва бошқа соҳадаги тўгаракларни ташкил этишга ихтисослашган хоналарнинг зарур моддий-техник базаси ҳамда автобуслар ва микроавтобуслар билан таъминласин.

9. Олий Мажлис Сенатига (Т.Нарбаева) мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш тавсия этилсин:

ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича “Меҳр дафтари” тизимини ҳаётга татбиқ этиш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларда тарбиялашни рағбатлантириш амалиётини жорий этиш ҳисобига ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчиларни босқичма-босқич фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларда тарбиялашга ўтказиш чораларини кўриш;

болаларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг сабабларини ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш.

10. Белгилансинки:

2021 йил 1 ноябрдан бошлаб “Меҳр дафтари” тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади;

2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумидан ажратмалар миқдори беш фоиздан уч фоизга пасайтирилади;

2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоиз миқдоридаги ажратмалар бюджетга тўланадиган солиқ ва йиғимларга тенглаштирилади, ушбу ажратмалар солиқ органлари томонидан ундирилади ва импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилмайди;

“Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳомийлик маблағлари, 2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

11. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш ишларига масъул этиб белгилаш ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан:

ҳар йили камида икки маротаба ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб бориш;

ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларни “Меҳр дафтари”га киритиб, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал қилишга ҳамда ўқув-тарбия муассасаларидан кейинги ҳаётида ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашиш;

б) Халқ таълим вазирлиги ва Миллий гвардия тавсиясига биноан ҳар йили 25 нафар ўқув-тарбия муассасалари тарбиячиларини Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда бепул даволаш.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашларига мунтазам равишда “Меҳр дафтари”га киритилган болалар билан ишлашга масъул давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисоботларни эшитиб бориш амалиётини йўлга қўйиш тавсия этилсин.

13. Бош прокуратура (Н.Йўлдошев) ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган вояга етмаган фарзанди учун ота-оналардан алиментларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминласин.

14. Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардияга бириктирилганХалқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасининг тарбияланувчилари билан ишлаш жараёнларига кўмаклашсин.

15. Ички ишлар вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг:

Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактабини ушбу тумандаги 39-сон умумий ўрта таълим мактаби биносига;

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасини Чиноз туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактабининг бўшайдиган биносига кўчириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

16. Молия вазирлиги (Т.Ишметов);

бир ой муддатда “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчаларида харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилишини, иш ҳақининг ҳисобланиши ва тўланишини, товар, иш ва хизматларнинг харид қилинишини, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчаларига икки нафардан ҳудудий молия органларининг малакали ходимларини бириктирсин;

мазкур қарор ижроси билан боғлиқ харажатлар учун маблағларни тегишли вазирлик ва идораларнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари асосида 2021 йилда Давлат бюджети ҳисобидан ажратилишини таъминласин ҳамда 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида кўзда тутсин.

17. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига:

мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка ва патронатга) олиш ҳамда оилавий болалар уйларини ташкил этиш тартибини, унинг ижтимоий аҳамиятини жамоатчиликка кенг ёритиш;

жамиятда айрим ота-оналар томонидан ўз фарзандларини меҳрибонлик ва болалар уйларига топширишлари сабабларини кенг таҳлил қилган ҳолда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ижтимоий роликларни намойиш этиш, давра суҳбатлари ва муҳокамалар ташкил этиш тавсия этилсин.

18. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

19. Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

20. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Миллий гвардия қўмондони Р.М.Джураев, халқ таълими вазири Ш.Ҳ.Шерматов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Д.М.Кенжаев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чоракда ахборот бериб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                   Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 9 август