Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Мамлакатимизда сўнгги йилларда кўрилган чоралар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти 2017 йилга нисбатан 2019 йилда 2 бараварга кўпайишига, йилига 10 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 17 миллион тоннадан ортиқ бошқа деҳқончилик маҳсулотлари ва 2,5 миллион тонна гўшт етиштиришга эришилди.
Шу билан бирга, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро стандартлар ва хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрлар орасида ўзаро муносабатлар тўғри йўлга қўйилмаганлиги мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги бозорларни очишда тўсқинлик қилмоқда.
Мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро сифат стандартлари асосида қайта ишлаш ҳажмларини ошириш, ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари турларини ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш ҳамда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида:
1. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи (ишлаб чиқарувчи) корхоналар билан ушбу маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароитлар яратиш;
маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни диверсификация қилиш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделларини ишлаб чиқиш;
мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишловчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий чоралари – янги воситалар ва ахборот тизимларини яратиш, юқори самара берувчи йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш;
озиқ-овқат саноатининг ривожланишига хусусий ва тўғридан-тўғри чет инвестициялар оқимининг таъсирини таҳлил қилиш, прогнозлаш ва бу борада тегишли таклифларни ишлаб чиқиш;
замонавий савдо ва логистика марказларини ташкил этиш, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларида илгари суриш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда импорт ҳажмини камайтириш чораларини кўриш.
2. Мазкур қарорга асосан юклатилаётган қўшимча вазифаларни самарали амалга ошириш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида:
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бошқармаси негизида бошқарув ходимларининг чекланган сони 12 та штат бирлигидан иборат Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилсин;
вазир ўринбосари – Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий қилинсин.
Бунда, Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармасининг 8 та штат бирлиги қўшимча штат бирликларини киритиш ҳисобига шакллантирилади.
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма)га ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини сарфлашнинг қўшимча йўналишлари этиб белгилансин:
озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш;
озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг инфратузилмасини таъминлаш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш;
озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш соҳасига хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин ҳар бир лойиҳа учун 50 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тартиби бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКнинг:
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКни тугатиш;
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК Озиқ-овқат саноати корхоналарини ривожлантириш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш жамғармасининг тугатиш якунларига кўра қолдиқ маблағларини Жамғармага ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
6. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКни тугатиш комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
7. Молия вазирлиги сут маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини ташкил этиш учун Ҳукумат кафолати остида жалб этилган халқаро молия институтлари ва хорижий банклар олдидаги тугатилаётган “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКнинг қарз маблағларини график бўйича тўлаб борилишини таъминласин.
8. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тижорат банклари билан биргаликда:
озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш тизимини молиявий қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтлари маблағларининг кенг жалб қилинишини;
халқаро молия институтларининг жалб қилинган маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида маҳсулот етиштирувчилар, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларга манзилли етиб боришини таъминласин.
9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжлари асосида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларининг “5321000-Озиқ-овқат технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)” ҳамда “5410500-Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)” таълим йўналишлари бўйича бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўрсин.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
бир ой муддатда тегишли таълим йўналишлари (мутахассисликлар)да соҳа бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг амалиётларини ўташ объектлари – иш берувчи ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантирсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар озиқ-овқат технологиялари соҳасида замонавий техника ва технологияларни жорий этган етакчи корхона, ташкилотлар ва муассасалар билан талабаларнинг амалиётларини ўташ юзасидан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
10. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
а) Бош вазир ўринбосари Ў.Барноев:
бир ҳафта муддатда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир бўлган, зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали номзод бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин;
бир ой муддатда ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлаш бўйича туманларнинг диверсификацияланишини таъминласин;
б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев):
бир ой муддатда Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
бир ой муддатда Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармасини танлов асосида зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга замонавий менежмент ва маркетинг усулларини эгаллаган юқори малакали кадрлар билан тўлдирсин;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Норқулов) ҳамда Давлат божхона қўмитаси (Азимов) билан биргаликда уч ой муддатда озиқ-овқат саноатида импорт қилинаётган товарлар тури, таснифи, миқдори, нархи ҳамда ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқараётган маҳаллий корхоналар бўйича доимий янгиланиб борадиган маълумотлар базасини яратсин ва уни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштирсин;
в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Норқулов) ҳамда Молия вазирлиги (Ишметов) билан биргаликда:
уч ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, савдо-логистика ҳамда сақлаш марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2021 йил 1 мартга қадар мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашни жадал ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;
г) Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва уларнинг экспорт ҳажмларини ошириш мақсадида халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин;
е) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Ходжаев) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва “Дунё” ахборот агентлиги билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда қарорда белгиланган тадбирларни аҳоли орасида кенг ёритиш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4292-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 18 февралдаги “Республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2492-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
13. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 9 сентябрь
ЎзА