Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Солиқ қонунчилиги талабларини енгиллаштириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигининг янги воситаларини самарали жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали тадбиркорлик субъектларининг солиқ юкини камайтириш ва бизнес юритишни соддалаштириш мақсадида:

1. 2022 йил 1 июлдан бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, тугалланмаган қурилиш объектларига (фойдаланилмаётган объектлар) ҳамда ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби (таъсирчан солиқ механизми) бекор қилинсин.

2. Белгилансинки, 2023 йил 1 мартга қадар:

ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлмаган идентификация кодларини акс эттирганлик учун молиявий жарима солинмайди;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш
(сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни солиқ органларининг “Е-актив” ахборот тизимида акс эттириш ихтиёрий ҳисобланади.

3. 2022 йил 1 июлдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

мажбурий равишда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан туриб автоматик равишда берилади. Бунда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти солиқ органлари томонидан мониторинг қилиб борилади ва мониторинг давомида солиқ хавфи ҳолатларининг аниқланиши қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб қўйишга асос бўлади;

солиқ хавфининг юқори даражасига эга солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳноманинг амал қилиши бу ҳақида солиқ органлари томонидан беш иш куни олдин хабарнома юборилгандан сўнг ҳамда мазкур муддатда камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда тўхтатиб турилади (бундан амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мувофиқ келмаслиги ёки солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда мавжуд бўлмаганлиги ҳолатлари мустасно).

4. Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Жамоатчилик кенгаши муҳокамаларида кўтарилган масалалар асосида солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин ҳамда солиқ органларининг ахборот тизимларини такомиллаштириб борсин;

мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигида жорий этилган сўнгги ўзгаришлар тўғрисида аҳоли
ва тадбиркорлик субъектларига кенг тушунтириш ишларини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали тизимли равишда ташкил этсин;

икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

5. Мазкур фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев белгилансин.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш
Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 28 июнь