Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Меҳнат ресурслари балансини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ишсиз фуқароларни, айниқса, хотин-қизлар ва меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш, шунингдек, норасмий бандликни камайтириш бўйича таъсирчан янги механизмларни жорий этиш мақсадида:

1. Маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандлик улушини қисқартириш учун шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб 1-иловада кўрсатилган 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади;

б) 2023 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилади (бундан савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно);

в) 2023 йил 1 январдан бошлаб ўзининг шахсий томорқа ер участкасида 2-иловада кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади. Бунда:

2-иловада кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкасининг майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилади;

2-иловада кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларнинг ҳисобини юритиш маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчилари) томонидан амалга оширилади;

г) 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан:

парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари;

узум кўчати ва ток сўриси;

асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми;

қуён, қуён катаги ва озуқа еми;

балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади.

Бунда, мазкур субсидия бир нафар томорқа ер участкаси эгаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига асосан ажратилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев) ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (М.Убайдуллаев) билан биргаликда уч ой муддатда Солиқ кодексига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

2. 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларга рухсат этилсин:

якка тартибдаги тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)ни (кейинги ўринларда – умумий қурилиш ишлари), шу жумладан, юридик шахслар учун ҳам бажаришга;

қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорларни жалб қилишга.

Белгилаб қўйилсинки:

якка тартибдаги тадбиркорларга умумий қурилиш ишларини бажариш учун беш нафаргача ходимларни ёллашга рухсат этилади;

умумий қурилиш ишларини бажариш фаолияти билан шуғулланаётган ҳамда камида уч нафар ходимни ёллаган якка тартибдаги тадбиркорга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналарни сотиб олишга субсидия ажратилади. Бунда, субсидия миқдори битта ходим учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаслиги лозим.

3. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда:

маҳаллаларда умумий қурилиш ишлари билан норасмий шуғулланаётган жисмоний шахслар, шунингдек, хорижий давлатларда қурилиш соҳасида ишлаб, Ўзбекистон Республикасига қайтган фуқароларга якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган субсидияларни олишда кўмаклашсин;

2024 йил 1 мартга қадар бир марталик ишларни бажарувчи шахслар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида улар кўп йиғиладиган жойларда кунлик меҳнат марказларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш ҳамда ушбу марказларда банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш билан боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатиш чораларини кўрсин.

4. Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров):

қурилиш-пудрат ташкилотлари ўртасида умумий қурилиш ишларига якка тартибдаги тадбиркорларни кенг жалб қилиш бўйича тарғибот ишларини олиб борсин;

якка тартибдаги тадбиркорларни Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бажариладиган умумий қурилиш ишларига кенг жалб қилсин.

5. Қуйидагилар:

2022–2024 йилларда норасмий бандлик улушини қисқартириш бўйича “йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ;

2023-2026 йилларда норасмий бандлик улушини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л.Кудратов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ҳамда Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев) билан биргаликда:

ҳар чоракда маҳаллаларда норасмий банд бўлган фуқаролар ўртасида сўровнома ўтказиб борсин;

сўровномалар натижасида норасмий бандликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқласин ҳамда уларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўрсин;

ҳар чоракда ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари кесимида аниқланган норасмий бандликни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ҳар йили камида 500 минг нафар норасмий банд бўлган шахсларнинг фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштириш бўйича зарур амалий чора-тадбирларни амалга оширсин.

7. 2022 йил 1 ноябрдан меҳнатга лаёқатли аҳолини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича шундай тартиб жорий қилинсинки, унга мувофиқ қуйидагиларнинг ҳисоби:

юридик шахсларда фаолият юритаётган шахсларнинг – “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-китоби ҳамда давлат статистика ҳисоботларида;

якка тартибдаги тадбиркорлар ва улар ёллаган ходимлар, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда деҳқон хўжаликларида банд бўлганлар – Давлат солиқ қўмитасининг ахборот базасида;

ҳунармандлар – “Ҳунарманд” уюшмасининг ахборот базасида;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида банд бўлганлар ва касб-ҳунарга ўқиётганлар – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Бандлик хизмати” ахборот тизимида;

хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш учун кетган шахслар – Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг “Labour migration” ахборот тизимида ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ахборот базасида;

шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган фуқаролар – Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ахборот базасида;

ўзларига ажратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида банд бўлганлар – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ахборот базасида;

ишлаб чиқариш кооперативларида ҳамда касаначилик (уй меҳнати) билан банд бўлганлар – Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ахборот базаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Бандлик хизмати” ахборот тизимида;

уй шароитида пилла етиштириш, ипак мато, қўлда ипак гилам тўқиш билан шуғулланувчи ҳамда шахсий томорқа ер участкасида тут меваси ва кўчати етиштирувчи шахслар – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ахборот базасида;

бир марталик ва мавсумий ишларни бажарувчилар, тадбиркорлик субъектларига ёрдам берувчи оила аъзолари ҳамда оилавий корхоналарда банд бўлганлар – Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ахборот базаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдони ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг ахборот базасида;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз фуқаролар – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Бандлик хизмати” ахборот тизимида юритилади.

8. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уч ой муддатда:

Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексининг мазкур қарорнинг 7-бандида кўрсатилган ахборот манбалари билан интеграция қилинишини;

“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида жамланган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси меҳнат ресурслари балансини шаҳар ва туманлар кесимида ишлаб чиқилишини таъминласин.

9. Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг “Ёшлар дафтари” платформасида “Битирувчилар бандлиги” функционалини жорий қилиш ва бу орқали умумий ўрта, профессионал ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларининг уч йил давомидаги бандлик ҳолатини мониторинг қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Ёшлар дафтари” платформасининг тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари ва ресурслари билан интеграция қилинишини таъминласин.

10. “Ўз келажагимга ўзим инвестор” лойиҳаси доирасида 2023-2024 йилларда меҳнат органлари томонидан хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига кўрсатиладиган хизматларнинг прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) ҳамда Молия вазирлиги (Т.Ишметов) меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар бандлигини таъминлаш, шу жумладан, уларни доимий ва вақтинчалик ишларга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган субсидияларни ажратиш бўйича зарур чораларни кўрсин.

11. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда:

норасмий меҳнатнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи, ижтимоий хавфсизлиги, иш қобилияти сақланишига салбий таъсири, уларда давлат пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқни берувчи иш стажи шаклланмаслиги юзасидан;

“Ўз келажагимга ўзим инвестор” лойиҳаси доирасида хориждан қайтиб келган ва ўз бизнесини йўлга қўйиб, самарали меҳнат қилаётган тадбиркорлар фаолияти тўғрисида видеороликлар ишлаб чиқилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларида, расмий веб-сайтларда, ижтимоий тармоқларда намойиш қилиб борилишини ташкил этсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

13. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б.Хусанов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                                                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 30 август