Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар ижросини самарали амалга оширишда илмий ёндашувлар ва бошқарув кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

1. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги:

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтини (кейинги ўринларда – Институт);

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабини (кейинги ўринларда – Олий мактаб) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти  фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага мувофиқ;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби фаолиятининг устувор йўналишлари 2-иловага мувофиқ;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби раҳбарларини тайинлаш, ходимларига тиббий хизмат кўрсатиш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва устама белгилаш тартиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Институт ва Олий мактаб фаолиятининг устувор йўналишлари самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

Институт таркибида ҳудудларда ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни оптимал тақсимлаш орқали бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганиш ва амалий таклифлар тайёрлашга йўналтирилган юридик шахс бўлмаган “Ер ислоҳотлари маркази”;

Олий мактаб тузилмасида юридик шахс бўлмаган “Яшил иқтисодиётни илгари суриш ва жорий этиш” лойиҳа офиси ва Бизнес инкубатор ва стартап лойиҳалар билан ишлаш маркази ташкил этилсин.

4. Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Қўчқоров):

Институт ва Олий мактабнинг бошқарув ҳамда илмий педагогик ходимларини аттестациядан ўтказиш ҳамда замонавий талабларга мос юқори малакали кадрлар билан тўлдириш;

Институт ва Олий мактабнинг Васийлик кенгаши орқали уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва моддий-техника базасини яхшилаш чораларини кўрсин.

5. Ҳудудлар ва соҳалар кесимидаги муаммоларни жойларга чиқиб ўрганиш, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровномалар олиб бориш, мунтазам равишда Ўзбекистон иқтисодчилар форумини ташкил этиш, хорижий экспертларни жалб қилиш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида Институт қошида юридик шахс бўлмаган Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилсин ва унинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Давлат бюджетидан ҳар йили Институтнинг бир йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 40 фоизи миқдорида ажратиладиган маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Қуйидагилар Институт ва Олий мактаб фаолиятининг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети параметрларида Институт ва Олий мактаб фаолият кўрсатиши учун назарда тутилган маблағлар, 2024 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Давлат бюджети параметрларида кўзда тутиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Институт ва Олий мактаб фаолиятини самарали йўлга қўйиш, уларнинг низомларини тасдиқлаш, моддий-техника базасини яхшилаш ва бошқа ташкилий-техник масалаларни назарда тутувчи қарорни қабул қилсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси 

        Президенти                                                                                                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2023 йил 4 апрель