Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Қурилиш-монтаж ишлари сифатини янада ошириш, қурилиш соҳасидаги назорат қилувчи инспекциялар ролини кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 ноябрдаги “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5577-сон Фармонига мувофиқ:
1. Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмасининг 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектлари (кейинги ўринларда – объектлар) учун хавф-хатарлар тоифалари ва объектларнинг функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда давлат қурилиш назоратининг такомиллашган янги тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишга, объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби ва даврийлигига қўйиладиган табақалашган талабларни уларнинг хавф-хатарлар тоифаси ва функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;
қурилиш якунланганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари (кейинги ўринларда – ҳудудий инспекциялар) томонидан объектнинг қурилиш соҳасига оид қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини инструментал техник текширувдан ўтказишни жорий қилган ҳолда, хавф-хатар тоифаси паст ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши объектлари учун лойиҳа ҳужжатлари экспертизаси, муаллифлик назорати ва давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича мажбурий талабларни бекор қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) ва ҳудудий инспекциялар инспекторларига, шунингдек, хавф-хатар тоифаси юқори бўлган объектларда техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахсларга қўйиладиган малакавий талаблар ва уларнинг жавобгарлигини кучайтириш;
“Қурилишдаги назорат” қуйи тизимини 2020 йил 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширган ҳолда, 2020 йил давомида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, электрон ҳужжат алмашинувини босқичма-босқич жорий этиш.
2. Инспекция ва ҳудудий инспекцияларга давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида:
бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатларда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш ва демонтаж ишларини амалга оширишни талаб қилиш;
юридик ва жисмоний шахсларга объектдаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилиш учун мос равишда, бироқ 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тегишли органлар ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш;
объектларда бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилгани аниқланган ҳолларда, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли орган ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш ҳуқуқи берилсин.
3. Қуйидагилар:
а) 2020 йил 1 мартдан бошлаб бюджет тизимидаги бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари капитал таъмирлаш объектларида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича талаблар;
б) Инспекция ва ҳудудий инспекциялар томонидан қурилиши тугалланган объектлардан фойдаланишга рухсат бериш тартибини жорий қилган ҳолда, уларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича мавжуд тартиб-таомиллар қуйидаги муддатларда босқичма-босқич бекор қилинсин:
молиялаштириш манбаларидан қатъи назар хавф-хатар тоифаси паст объектлар учун – 2020 йил 1 майдан;
давлат харидлари субъектларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлар учун – 2022 йил 1 январдан;
бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар учун –2021 йил 1 январдан.
4. Белгилансинки, объектларни фойдаланишга қабул қилиш учун рухсатномалар бериш тартиби татбиқ қилингунига қадар Инспекция ва ҳудудий инспекциялар қурилиши тугалланган объектларни (давлат харидлари субъектларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари) фойдаланишга қабул қилиш жараёнига давлат санитария назорати ва давлат ёнғин назорати ҳудудий органларини жалб қилади ҳамда улар объектларни қабул қилиш муддатлари доирасида Инспекция ва ҳудудий инспекцияларга объектнинг санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда ҳудудий инспекцияларнинг давлат санитария ва ёнғин назорати ҳудудий органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлигининг:
Инспекцияга давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомини бериш ва ҳудудий инспекцияларни унга бўйсундириш;
Инспекция тузилмасида 2 та бошқарув ходими штат бирлигидан иборат бўлган Комплаенс хизматини ташкил қилиш ва ҳудудий инспекциялар тузилмасига комплаенс-назорат бўйича мутахассис лавозимини киритиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2020 йил 1 июлдан бошлаб Инспекция ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига, ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилсин.
6. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 40 нафардан иборат тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларининг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Инспекция бошлиғига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида, заруратга кўра, Инспекция штат бирликларига ўзгартиришлар киритиш;
объектлар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳудудий инспекциялар тузилмаси ва штат бирликлари нормативларини тасдиқлаш;
ҳудудий инспекцияларнинг харажатлар сметасини тасдиқлаш.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Инспекция республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига ҳисобдор бўлади;
ҳудудий инспекцияларнинг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири билан келишилган ҳолда Инспекция бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Инспекциянинг Комплаенс хизмати ва ҳудудий инспекцияларнинг комплаенс-назорат бўйича мутахассислари бевосита Инспекция бошлиғига бўйсунади;
Инспекция фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан, ҳудудий инспекциялар фаолияти эса қурилиш-монтаж ишлари қийматидан ажратмалардан шакллантирилувчи маблағлар ҳамда шартнома асосида бажариладиган ишлар ва хизматлардан тушадиган даромадлар ҳисобидан молиялаштирилади.
8. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб давлат қурилиш назорати амалга оширилиши шарт бўлган барча объектлар бўйича ҳудудий инспекцияларга ажратмалар қурилиш-монтаж ишлари қийматининг 0,2 фоизига тенг ягона миқдорда (қўшимча қиймат солиғисиз) белгиланади ва қуйидаги тартибда тақсимланади:
0,02 фоизи Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда –Жамғарма), шу жумладан, 0,01 фоизи – Инспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари эҳтиёжларини молиялаштиришга йўналтирилади;
0,18 фоизи ҳудудий инспекциялар ихтиёрида қолдирилади.
9. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланишга рухсат берилсин:
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Инспекция ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
Инспекция ва ҳудудий инспекцияларнинг жорий ва бошқа харажатларини молиялаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Инспекция ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Инспекция ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.
10. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг Қурилишда стандартлаштириш республика маркази ҳузурида объектлар конструкциялари, қурилиш материаллари ва буюмларини халқаро стандартларга мувофиқ тўлақонли синовдан ўтказишни амалга оширувчи Комплекс қурилиш синов лабораториясини (кейинги ўринларда – Комплекс лаборатория) ташкил қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг таклифи маъқуллансин.
Комплекс лабораторияни ташкил қилиш ва жиҳозлаш бўйича ишларни молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 2020 йилда ажратиладиган 20 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдордаги маблағлар ҳамда етмайдиган қисми учун – Жамғарма маблағлари белгилансин.
11. Қуйидагилар:
Қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектлари конструкциялари, қурилиш материаллари ва буюмлари бўйича Комплекс қурилиш синов лабораторияси томонидан ўтказиладиган синовларнинг асосий йўналишлари 3-иловага мувофиқ;
Комплекс қурилиш синов лабораториясини жиҳозлаш учун харид қилинадиган асосий ускуналар, машина ва механизмлар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
12. 2020 йил 1 мартдан бошлаб Инспекция ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 1,4 баробарга оширилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:
а) манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда:
икки ой муддатда Инспекция ва ҳудудий инспекциялар тўғрисидаги, шунингдек, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарорлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2020 йил 1 июнга қадар ички назоратни, муаллифлик ва техник назоратни, шунингдек, объектлар устидан давлат қурилиш назоратини амалга оширувчи мутахассислар сертификациядан ўтказилишини таъминласин;
б) бир ой муддатда Жамғарма маблағлари ва ҳудудий инспекциялар маблағлари ҳисобидан 2020-2021 йилларда ҳудудий инспекцияларни замонавий мобиль кўчма қурилиш лабораториялари билан жиҳозлаш дастурини тасдиқласин;
в) Инспекция ва ҳудудий инспекциялар ходимларининг доимий равишда, шу жумладан, чет элда малака оширишини ва кейинчалик ҳар бир ҳудудий инспекциядаги ходимлар учун мажбурий тренинглар ўтказилишини ташкил қилсин;
г) Жамғарма маблағлари ҳисобидан Инспекцияни мебель, инвентарь, ускуналар ва қўйилган вазифаларни самарали бажариши учун зарур бўлган бошқа воситалар билан таъминласин, шу жумладан, 3 дона хизмат енгил автомобили ажратсин;
д) 2020 йил 1 августга қадар халқаро молия институтлари ва ташкилотларини ҳамда малакали хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, давлат органларининг самарасиз ва ортиқча функцияларини бекор қилиш, шунингдек, илғор хорижий тажриба асосида ушбу жараёнга хусусий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилишни назарда тутган ҳолда, қурилиш устидан назорат механизмлари самарадорлигини янада ошириш бўйича таклифларни киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда икки ой муддатда тақдим этиладиган маълумотлар рўйхатини кўрсатган ҳолда давлат органлари ва Инспекция ўртасида идоралараро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.
15. Инспекция Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абай кўчаси, 6-уй манзилида бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда ҳудудий инспекцияларни жойлаштириш учун бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида бинолар ажратиб берилишини таъминласин.
17. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур қарор ижросини назорат қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов – мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун масъул вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштирсин, ҳар ойда бажарилган ишлар тўғрисида уларнинг раҳбарлари ҳисоботларини қабул қилсин ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;
қурилиш вазири Б.И.Закиров – мазкур қарорнинг сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши бўйича барча зарур чоралар кўрилишини, мазкур қарорни ўз вақтида ижро этишда масъул ташкилотларга ҳар томонлама услубий ва амалий ёрдам берилишини таъминласин, шунингдек, ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматовга унинг амалга оширилиши жараёни тўғрисида батафсил маълумот тақдим этсин;
қурилиш вазирининг ўринбосари – Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи К.Н.Тўлаганов – давлат қурилиш назоратининг такомиллашган янги тартибини жорий этиш, Инспекция ва ҳудудий инспекциялар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини босқичма-босқич татбиқ қилиш бўйича ишлар сифатли ташкиллаштирилишини, шунингдек, ушбу қарорни амалга ошириш давомида юзага келадиган жорий масалалар тезкорлик билан ҳал этилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 5 февраль