Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, жаҳон миқёсидаги илғор тажрибалар асосида замонавий маданият ва санъат муассасалари барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкор зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига давлатимиз томонидан устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, маданият ва санъат соҳасини бошқаришда эскича усуллар сақланиб қолаётгани, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича комплекс ёндашувнинг етишмаслиги, маданият муассасаларининг фаолиятини ташкил этиш, аҳолига маданий хизмат кўрсатишда оқсоқликка йўл қўйилаётгани, аксарият жойларда маданият ва санъат масканларининг моддий-техник базаси бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этиш зарур. Айниқса, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда мавжуд талаб ва эҳтиёжларни ҳисобга олмаслик, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш борасида пухта тизим яратилмагани маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, бу йўналишдаги устувор вазифаларни тўлиқ бажариш имконини бермаяпти.

Мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилишнинг бугунги янги босқичида маданият ва санъатнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, ёш авлодимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар, она юртга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган қуйидаги вазифалар ижро учун қабул қилинсин:

маданият ва санъат муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш. Жумладан, музейлар ва театрлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш. Моддий маданий мерос ва археология объектларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш механизмларини янада такомиллаштириш;

маданият ва санъат муассасалари, театрлар, музейлар, бадиий жамоалар, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, маданият ва истироҳат боғлари фаолияти, моддий-техник базаси ҳолатини атрофлича ўрганиш, уларни таъмирлаш ва зарур жиҳозлар, мусиқа асбоблари билан таъминлаш, самарали ижодий фаолият учун қулай шарт-шароитлар яратиш. Ўзбек миллий рақс ва хореография санъатини янада ривожлантириш, маданият ва санъат ривожига катта ҳисса қўшган таниқли санъаткорлар, жаҳон миқёсидаги нуфузли кўрик-танловларда юқори ўринларни эгаллаган ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш;

ёшларни санъат масканларига, хусусан, театр ва музейлар, концерт томошаларига мунтазам жалб этиш, ўзбек ва жаҳон маданиятининг энг сара намуналаридан баҳраманд этиш орқали уларнинг маънавий-ахлоқий, эстетик диди ва маданий даражасини янада юксалтириш. Маданият ва истироҳат боғлари ҳудудида “Нуронийлар маскан”ларини ташкил этиб, фахрийларнинг маданий дам олишлари учун зарур шароитлар яратиш;

“Сени куйлаймиз, замондош!”, “Дебют” каби театр санъати кўрик-фестиваллари самарадорлигини ошириш орқали буюк сиймолар, замонамиз қаҳрамонлари образи, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини акс эттирган, бадиий юксак саҳна асарларини яратиш. “Баҳор нафаси” халқаро санъат фестивали, “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали, “Ёшлик баҳори” республика ёш опера ижрочилари фестивали сингари тадбирлар, турли халқ сайлларини ташкил этиб, уларга хорижий сайёҳларни кенг жалб этиш;

маданият ва санъат йўналишидаги таълим муассасаларининг малакали кадрлар ва мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, бу борада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, замонавий илғор тажрибалардан фойдаланиш, дунёнинг машҳур мусиқачилари, бастакорлари иштирокида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этиш, маданият ва санъат йўналишидаги таълим муассасаларини ўқув дастурлари ва ноталар, ўқув қўлланма ва дарсликлар, илмий-методик адабиётлар билан таъминлаш;

Ўзбекистоннинг юксак маданияти ва санъатини халқаро майдонда янада кенг тарғиб этиш, халқаро кўрик-танлов ва фестивалларда мамлакатимиз вакилларининг иштирокини кучайтириш, Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали нуфузини янада ошириш, бошқа турли тадбирларда чет эллик маданият ва санъат намояндалари кенг қатнашишларини таъминлаш, халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги 2017 йилнинг 1 октябрига қадар:

музейлар ва театрлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш комплекс чора-тадбирларини;

ёшларни театр ва музейларга, концерт-томоша тадбирларига тизимли равишда жалб этиш орқали уларнинг маънавий-ахлоқий, эстетик ва маданий даражасини янада юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастурини;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда мамлакатимиздаги концерт-томоша ва театр муассасаларининг ижодий ходимлари учун грим ва постижёр маҳсулотлари, оёқ кийимлар, махсус либослар, жумладан, балет санъати учун либослар, юксак даражада ишланган саҳна декорациялари ва конструкциялари, парда ва саҳна либосларини тайёрлашга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этиш юзасидан таклифларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 10-уйда жойлашган бинони “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси тасарруфига ўтказиш ва ушбу бинода жаҳон андозаларига тўлиқ мос келадиган, академик жамоаларнинг бадиий дастурлари намойиш этиладиган, жонли ижрога мўлжалланган замонавий концерт залини барпо этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат консерваториясида маданият ва санъат йўналишидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, шунингдек, мактабдан ташқари таълим муассасалари учун малакали мусиқа педагогларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослаштирилган факультет ташкил этиш юзасидан зарур чораларни амалга оширсин.

5. Қуйидагилар Дастурни амалга оширишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурлари маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси;

тижорат банкларининг кредит маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика комиссияси (А.Арипов):

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва тегишли ҳудудларнинг ҳокимлари бошчилигида Дастурни амалга ошириш бўйича бир ҳафта муддатда тегишли ишчи гуруҳлар ташкил этсин;

вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ҳар бир давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, вилоят, шаҳар, туманлар бўйича Дастур асосида икки ҳафта муддатда ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилишини таъминласин, уларни тасдиқласин ҳамда уларда назарда тутилган тадбирлар ўз вақтида амалга оширилишини мувофиқлаштирсин;

Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилишига масъул бўлган вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тизимли асосда мувофиқлаштириб, белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши устидан мониторинг олиб борсин ва назорат қилсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

Дастурни амалга ошириш юзасидан икки ҳафта муддатда ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиб, Республика комиссиясига тасдиқлаш учун киритиш;

Дастурни амалга ошириш учун зарур бўладиган маҳаллий бюджет маблағларининг режалаштирилиши ва тўлиқ ажратилиши, ҳомийлик хайриялари жалб этилишини таъминлаш;

ҳудудларда маданият соҳасида фаолият юритаётган юқори малакали ходимлар, жумладан, иқтидорли ёш мутахассислар учун муносиб турар жой шароитларини яратиш мақсадида ҳудудлар марказларида имтиёзли ипотека кредитлари асосида кўп қаватли хизмат уйларини қуриш, шунингдек, юқорида кўрсатилган тоифадаги мутахассислар учун уй-жойлар ажратиш;

маданият ва истироҳат боғларида аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мавжуд аттракцион ва бошқа ўйин қурилмаларининг хавфсизлик қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш чораларини кўрсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 31 май