Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида:

1. 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилади;

ўзи ишлаб чиқарган товарларни хорижий валютага уларнинг таннархидан паст нархлар бўйича мустақил равишда ёки вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ташқи савдо ташкилотлари орқали экспорт қилувчи ташкилотларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 26 мартдаги ПҚ-1731-сонли қарори билан ташкил этилган Маҳсулотларни жаҳон бозорида ҳақиқий вужудга келган, шу жумладан, таннархидан паст нархлар бўйича экспорт қилиш масалаларини кўриб чиқувчи махсус эксперт комиссияси қарорлари асосида, солиқ солиш мақсадида товарларни (ишлар, хизматларни) сотишдан олинган тушумлар миқдори товарларни (ишлар, хизматларни) сотишнинг ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилади;

илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни улар тайёрланган вақтдан бошлаб 5 йил ўтгандан кейин экспорт қилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларисиз амалга оширилади;

келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари 3 иш кунигача қисқартирилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги халқаро карантин қоидаларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги миллий норматив ҳужжатларга жорий этилишини таъминлаш бўйича тадбирлар режасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 мартдаги «Экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-26-сонли қарорининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«3. Белгилаб қўйилсинки, қонун ҳужжатларида белгиланган ТН ТИФ кодлари гуруҳларига мансуб, илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари бўйича амалга оширилади.

Бунда илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилиш улар тайёрланган вақтдан бошлаб 5 йил ўтгач Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорисиз амалга оширилади».

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

илгари ишлатилган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби ҳақидаги Низом лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 21 июнь

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
«Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада 
қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни 
такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига
 
ШАРҲ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини татбиқ этиш доирасида тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш ва кенгайтириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилди.

Фақатгина жорий йилнинг ўтган даврида 360 дан ортиқ янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилинди, 120 дан ортиқ янги маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ўзлаштирилди, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар, енгил автомобиллар ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган бошқа маҳсулотларнинг экспорт ҳажмлари сезиларли даражада ортди.

2016 йилда ташкил қилинган «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясининг маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ва янги бозорларни ўзлаштириш бўйича фаолияти сезиларли даражада фаоллашди, натижада жорий йилнинг бошидан 230 минг тоннадан ортиқ мева ва сабзавотлар экспортга етказиб берилди.

Шу билан бирга, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти соҳасидаги фаолият таҳлили фойдаланилмаётган катта салоҳият сақланиб қолинаётганлиги ва мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари экспорт фаолиятида кенг кўламда иштирок этишлари учун бюрократик тўсиқ мавжудлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 21 июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор, аввало, барча мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга мустақил етказиб беришини қўллаб-қувватлаш ва шу асосда “Ўзагроэкспорт” АЖ монополиясини бекор қилишга қаратилган. Шу мақсадда 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотларини тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу чоралар мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш билан биргаликда деҳқон ва фермер хўжаликларини ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, такрорий экинлар экиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантиради. Бу эса ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг нархи ва сифати бўйича ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш имконини беради. Энг муҳими, деҳқон ва фермер хўжаликлари етиштирган маҳсулотларининг ҳақиқий эгаси сифатида улардан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш, мустақил экспорт қилиш, даромадларини ошириш, оиласининг моддий фаровонлигини кўтаришлари мумкин бўлади, қўшимча валюта тушумлари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уларни чуқур қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларни инвестициялаш учун имконият яратади.

Шу билан бирга, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш учун чет элда қабул қилинган меъёр ва стандартларга маҳсулотларнинг мувофиқлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш талаб этилади. Шу мақсадда Президент қарори билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига бир ой муддатда миллий қонунчилик ҳужжатларига халқаро карантин қоидаларини татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Қабул қилинган қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири, нафақат маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга, балки маҳсулотларни чет элга экспорт қилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашадиган ташқи савдо ташкилотларига ҳам экспорт фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи-экспорт қилувчилар учун қўлланиладиган амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлар эндиликда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади. Бу экспорт билан тегишли тажриба ва зарур маблағларга эга, доимий равишда жаҳон бозори конъюнктурасини кузатиб борадиган ҳамда ташқи бозорларда ишончли ҳамкорлари бор ихтисослашган компанияларнинг маҳсулотлар экспорти билан шуғулланиши халқаро амалиётга тўлиқ мос келади.

Бундан ташқари, ушбу меъёрнинг татбиқ этилиши замонавий маркетинг усулларидан, шунингдек, ташқи савдо компанияларининг имконият ва афзалликларидан максимал фойдаланиш имконини беради, бу ўз навбатида республикамиз экспорт салоҳиятини сезиларли даражада кучайтиришга, экспорт географияси ва маҳсулотлар экспорти номенклатурасини кенгайтиришга олиб келади.

Шунингдек, ҳужжатда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширадиган тадбиркорлик субъектларининг рухсат олиш тартибидан ўтишдаги, шу жумладан, маҳсулотларга мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш муддатларининг чўзилиб кетиши каби айрим қийинчиликлар юзасидан кўплаб давлат органларига мурожаатларнинг ечими ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан бундан буён сертификатлаш идоралари томонидан ишлаб чиқариладиган ва четдан олиб кириладиган маҳсулотларга мувофиқлик сертификатлари 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, қарорда ташқи бозорлардаги ноқулай конъюнктура шароитида ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни таннархидан паст нархда экспорт қилишга мажбур бўлган корхоналар учун солиқ юкини камайтириш чораси назарда тутилган. Шундай қилиб, Махсус эксперт комиссиясининг хулосалари асосида таннархидан паст нархларда экспорт қилинган товарлардан (иш, хизмат) тушум уларнинг амалдаги сотув нархларидан келиб чиққан ҳолда солиққа тортилади, бу ишлаб чиқарувчига солиқдан озод бўлган маблағлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини янада пасайтириш бўйича чораларни амалга ошириш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор меъёр ва тартибларининг амалга оширилиши республикамизнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотларни олиб чиқишда замонавий маркетинг усулларидан фаол фойдаланиш, шунингдек, маҳсулотлар экспорти билан шуғулланувчи корхоналар сонини кўпайтириш ҳамда уларнинг молиявий барқарорлигини оширишга йўналтирилган.