Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5024-сон қарорига мувофиқ, ушбу спорт турлари ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш ва оммалаштириш, улар бўйича миллий терма жамоамизнинг Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ва бошқа йирик мусобақаларда иштирок этиши ва юқори натижаларга эришилишини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастурини 2021 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастурининг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) (кейинги ўринларда – Мақсадли кўрсаткичлар) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Давлат дастури эришилган натижалар, Мақсадли кўрсаткичлар ҳамда йилқичилик ва от спорти, замонавий бешкураш ва полони оммалаштириш бўйича тегишли даврга мўлжалланган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳар йили алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган “йўл хариталари” асосида босқичма-босқич амалга оширилади.

Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов) Миллий гвардия, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар Давлат дастурини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

2. Туризм ва спорт вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерациясининг 2021–2025 йиллар давомида:

67 та болалар-ўсмирлар спорт мактабида от спорти турлари, шу жумладан, замонавий бешкураш бўйича 52 таполо бўйича 15 та бўлимлар ташкил этиш;

ҳар бир олимпия захиралари коллежида от спорти ва замонавий бешкураш бўлимларини ташкил этиш;

наслли ва зотдор отларни кўпайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 170 та йилқичилик хўжаликларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ва Ўзбекистон поло федерацияси билан биргаликда:

2021/2022 ўқув йили бошлангунига қадар болалар-ўсмирлар спорт мактабларида от спорти турлари бўйича 8 та бўлим, 3 та олимпия захиралари коллежида от спорти бўлимлари очилишини таъминласин;

2021 йил 1 сентябрга қадар болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва олимпия захиралари коллежларининг от спорти турлари бўйича бўлимларини халқаро талабларга жавоб берадиган спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкаси ҳамда бошқа зарур воситалар билан таъминласин ва ушбу мақсадларга Туризм ва спорт вазирлигига ҳамда унинг тизимидаги спорт-таълим муассасаларига бюджетдан 2021 йил учун ажратилган маблағларнинг иқтисод қилинган қисмидан зарур маблағлар, шунингдек, ҳомийлик маблағларини йўналтирсин.

Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда йилқичилик хўжаликларини ташкил қилиш режаси, уларнинг аниқ жойлашган жойи, номи ва рўйхатини тасдиқласин.

3. Белгилансинки:

а) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабининг уста-чавондози, от парваришловчиси, тақачиси, отхона бошлиғи (бригадир), зоотехниги, ветеринар-шифокори, фельдшер-ветеринарлари меҳнатини рағбатлантиришга Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сон қарорида белгиланган шартлар татбиқ этилади. Бунда, уста-чавандоз, от парваришловчи, тақачи, отхона бошлиғи (бригадир) – тренерга, ветеринар-шифокор – шифокорга, зоотехник ва фельдшер-ветеринар – ҳамширага тенглаштирилади;

б) 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда унинг Нукус
ва Тошкент филиалларида йилқичиликка ихтисослашган ветеринария шифокорлари ва зоотехникларини тайёрлаш бўйича бакалавриат таълим йўналиши очилади;

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида от спорти бўйича бакалавриат таълим йўналишининг махсус сиртқи таълим шакли очилади;

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавриат таълим йўналишига ўқув йили учун ажратилган қабул параметрларини йўналишлар бўйича тақсимлашда замонавий бешкураш ва поло учун ўрин ажратилади.

4. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳузуридаги Наслли, спорт ва тозақонли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика маркази таркибида Иппология илмий-тадқиқот институти ташкил қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Институт отларнинг анатомияси, физиологияси, кўпайтириш биологияси, зотларни ўзгартириш ва бошқа масалаларни илмий томонидан ўрганувчи ихтисослаштирилган илмий ташкилот ҳисобланади;

Институт илмий ташкилот сифатида давлат буюртмалари ва дастурларини амалга оширишда ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришда иштирок этади;

Институт ходимларига Фанлар академияси тизимидаги илмий ташкилотларнинг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади.

Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Институт фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

5. Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерациясининг 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:

от спортининг от йўрттириш тури бўйича Тошкент вилоятида “O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti kubogi uchun”, от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Қашқадарё вилоятида “Qarshi Open”, Тошкент шаҳрида “Millatlar kubogi” халқаро турнирларини;

замонавий бешкураш бўйича Тошкент шаҳрида “O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti kubogi uchun”“Tashkent Open”“Central Asian Cup”, ушбу спорт турининг лазер-ран йўналиши бўйича “Central Asian Championship” халқаро турнирларини;

поло бўйича Тошкент вилоятида “Amirsoy-Polo Cup”Қашқадарё вилоятида “Kok-Saray Cup”Тошкент шаҳрида “Tashkent Open” халқаро турнирларини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси:

Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда кўрсатилган халқаро турнирларга пухта тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқласин. Бунда, турнирларни ўтказиш билан боғлиқ молиявий харажатларни қоплаш манбалари этиб ҳомийлик, маҳаллий бюджет ва бошқа маблағлар белгиланади;

халқаро турнирларда маҳаллий спортчилар билан биргаликда юқори рейтингга эга бўлган кучли халқаро спортчи, тренер ва ҳакамларнинг иштирокини таъминласин;

2022 йил 1 январдан бошлаб республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига от спорти турлари бўйича мусобақалар ва турнирларнинг киритилишини таъминласин ҳамда уларни юқори даражада ўтказиш чораларини кўрсин.

6. Транспорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Энергетика вазирлигининг 2022 йил 1 сентябрга қадар:

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” АЖнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудудида 30 ўринли замонавий отхона биноси ва очиқ спорт манежини барпо этиш;

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан Республика олимпия захиралари коллежи ҳудудида спортчиларнинг шуғулланиши, яшаши учун шароитларга эга бўлган замонавий 2 қаватли бинони қуриб фойдаланишга топшириш ҳамда ушбу бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясини жойлаштириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

7. Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари от спорти, замонавий бешкураш ва поло бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб келинадиган, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган инвентарлар, спорт кийимлари, спорт отлари, наслли маҳсулотлар (материаллар), озуқа ва озуқа қўшимчалари, витаминлар, ветеринария дори воситалари, ускуналар ва материаллар, отларни ташишга мўлжалланган янги ва ишлаб чиқарилганлигига етти йил тўлмаган махсус автотранспорт (коневоз) воситалари ва тиркамалар, лазерли тўппонча ва нишонлар, поло таёғи 2024 йил 1 июлга қадар божхона божидан озод этилсин.

8. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Воитов), “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, “Ҳунарманд” уюшмаси 2021 йилдан бошлаб тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвесторларни жалб этиш орқали от спорти турлари учун зарур спорт кийимлари, ускуна ва жиҳозларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чораларини кўрсин.

9. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Б.Норқобилов) икки ой муддатда соф зотдор отларни урчитиш ва кўпайтириш, ёш отлар ривожланиши ва ўсишини, йилқичилик фермаларида қимиз ишлаб чиқаришни, интенсив от бўрдоқичилигини ташкил этиш, яйлов ва ем-озуқа базасини мустаҳкамлаш ва отлардан олинган маҳсулотлар турларини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов) Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов) билан биргаликда от спорти турларини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида:

Халқаро от спорти федерацияси, Осиё от спорти федерацияси билан ҳамкорликни кучайтирсин, бу борада манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин;

от спорти турлари бўйича жаҳон рейтингларида етакчилик қилаётган давлатлар билан биргаликда мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мусобақалар ва турнирларни ўтказиш, тажриба алмашиш, бошқа қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатсин.

11. Республикамизда йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ Йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ этиб қайта ташкил қилинсин ҳамда унинг таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳ (А.Абдухакимов):

а) бир ой муддатда:

ҳар бир ҳудуд кесимида от спорти турларининг амалдаги ҳолатини чуқур таҳлил қилсин;

ҳудудларда от спорти турларини ривожлантиришга кўмаклашишга қодир бўлган ташкилотларни сафарбар этсин;

жойларда от спорти турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерациясининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсин;

б) икки ой муддатда ҳар бир ҳудудда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб от спорти турларини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича ҳудудий дастурларни тасдиқласин ва ижросини таъминласин. Бунда дастурларда:

ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш, миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш;

туман (шаҳар) ҳокимлари ва вилоят раҳбарлари кубоклари мусобақаларини ташкил этиш;

от спортининг миллий ва анъанавий турларини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро стандартлар асосида мутахассисларни тайёрлаш;

йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ўтказиш;

от спорти турларини аҳоли ўртасида, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш ва уларни ушбу мусобақаларга кенг жалб қилиш чораларини кўриш;

миллий байрамларда от спорти билан боғлиқ ҳолда ўтказиладиган мусобақалар графигини ишлаб чиқиш чораларини кўрсин.

12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур қарор асосида амалга оширилаётган ишларни оммалаштиришга қаратилган мақолалар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.

13. Туризм ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Қ.Каримов, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Т.Норқобилов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.М.Шаабдурахманов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.М.Ташходжаев, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар йили 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 5 август