Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 июндаги “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6010-сон Фармонининг ижросини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали табиий газни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, йўқотишларни бартараф этиш, шунингдек, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш мақсадида:
2. Лойиҳани амалга ошириш:
а) қуйидаги асосий йўналишлар асосида жадаллаштирилсин:
табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини (кейинги ўринларда – Тизим) “ишлаб чиқариш – газ тақсимлаш станцияси – туман (шаҳар) чегараси – йирик участкалар кириш қисми – истеъмолчи” принципи асосида бутун тармоқ бўйича жорий қилиш;
ҳисоблагичларни биринчи навбатда аҳолининг табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган ҳудудларга ўрнатиш, шунингдек, йирик истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектларини уларнинг ҳисобидан Тизимга улаш;
аҳоли яшаш пунктларида барча истеъмолчиларнинг (маиший, саноат ва бюджет) ҳисоблагичларини ҳамда йирик участкалар кириш қисмидаги ҳисоблагичларни бир вақтнинг ўзида ўрнатиш ва Тизимга улаш ҳамда тармоқдаги йўқотишларни бартараф этиш бўйича ишларни ташкиллаштириш;
ҳисоблагичларни ўрнатиш ва Тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий машғулотларни ташкил этиш орқали жойлардаги барча ходимларнинг кўникма ва малакасини ошириш;
б) қуйидаги тартибда ташкил этилсин:
“Ҳудудгазтаъминот” AЖ маблағлари эвазига 2020 йил 1 октябрга қадар Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида Тизимни ўрнатиш;
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган кредит маблағлари эвазига 2021 йил 1 февралга қадар Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Янгийўл ва Кармана туманлари ҳамда Тошкент, Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Каттақўрғон, Қўқон, Марғилон шаҳарларида ва бошқа қарздорлик даражаси баланд бўлган ҳудудларда Тизимни ўрнатиш;
2021 йил 1 августга қадар республиканинг бошқа ҳудудларида истеъмолчиларга замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиб, Тизимни тўлиқ жорий этиш;
икки ой муддатда йирик истеъмолчилар, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларини, 2020 йил якунига қадар қолган тадбиркорлик субъектларини уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ҳамда 2021 йил 1 майга қадар ижтимоий соҳа объектларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Тизимга уланишини таъминлаш.
3. Лойиҳани молиялаштириш ва 2021 йил 1 августга қадар амалга ошириш учун:
а) Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 1 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 4 йил муддатда қайтариш шарти билан, 6 ойлик ЛИБОР плюс 3 фоиз йиллик ставкада, имтиёзли даврда асосий қарз бўйича ҳисобланган фоизлар капитализация қилиниши ҳисобга олиниб, 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити жалб қилинсин;
б) қуйидагилар жалб қилиниши маълумот учун қабул қилинсин:
“Ўзсаноатқурилишбанк” AТБнинг 27,5 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги кредити;
электрон газ ҳисоблагичларини йиғиш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмларини Италиядан харид қилишга йўналтириладиган Италиянинг “SACE” давлат экспорт-кредит агентлигининг суғурта қопламаси остида хорижий тижорат банклари кредити;
Лойиҳанинг маҳаллий харажатларини қоплаш учун биринчи ўринда республика жамғармалари ва маҳаллий тижорат банкларининг маблағлари ва заруратга кўра хорижий молиявий ташкилотлар қарз маблағлари.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ билан биргаликда жорий йил якунига қадар Италиянинг “SACE” давлат экспорт-кредит агентлиги ва хорижий молиявий ташкилотлар билан музокаралар якунланишини ҳамда зарур миқдордаги маблағлар жалб қилинишини таъминласин.
Молия вазирига “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Лойиҳа доирасида таъминот бўйича молия ташкилотлари, жамғармалар ва банклар олдидаги мажбуриятлари юзасидан тегишли кредит шартномаларининг талаблари асосида Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини бериш ваколати тақдим этилсин.
4. Қуйидагилар:
Лойиҳа доирасида электрон газ ҳисоблагичларини етказиб бериш ва ўрнатиш графиклари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;
табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган ҳудудларда Тизимни жорий қилиш графиги 3-иловага мувофиқ;
табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган ҳудудларнинг йирик участкалари кириш қисмига электрон газ ҳисоблагичларини 2020 йилда ўрнатиш графиги 4-иловага мувофиқ;
табиий газ улгуржи истеъмолчиларининг Лойиҳа маълумотлар базасига уланиш графиги 5-иловага мувофиқ;
табиий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ҳамда Тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича 2020 йил октябрь ойида ўтказиладиган амалий машғулотлар графиги 6-иловага мувофиқ;
Тизимни жорий этишни ташкиллаштириш бўйича ишчи гуруҳининг намунавий таркиби 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Тизимни жорий этишни ташкиллаштириш бўйича ишчи гуруҳлари:
бир ҳафта муддатда ҳисоблагичларни ўрнатиш ва Тизимга улаш ишларини ташкиллаштиришга маҳалла раислари ва нозирларини жалб қилиш ҳамда тизимли равишда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб боришни ташкил қилсин;
ҳисоблагичлар ўрнатилган хонадонларда ишлатилган табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш ва юзага келган қарздорликларни ундириш ишларини тизимли ташкил қилсин;
ҳудудда Тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш, ўрнатилган ҳисоблагичларга сервис хизматлари кўрсатиш ишларини ташкил қилсин;
Тизимни жорий этиш бўйича кунлик назорат ўрнатсин;
амалга оширилган ишлар тўғрисида масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини ҳар ҳафтада туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида ҳамда ҳар ойда вилоят даражасида эшитишни ташкиллаштирсин.
6. Тизим жорий этилишини назорат қилиш, натижадорлигини ўрганиш ва таҳлил қилиш комиссияси 8-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Қуйидагилар мазкур комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Тизим жорий этилиши юзасидан назорат ўрнатиш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш;
Тизимни жорий этишни ташкиллаштириш бўйича ишчи гуруҳларининг ишлари натижадорлигини, дебитор қарздорликни камайтириш ва ноқонуний уланишларга чек қўйиш самарадорлигини баҳолаш, ушбу йўналишларда масъул раҳбарларнинг лавозимга лойиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.
7. Вазирлар Маҳкамаси Ҳисоб палатаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 октябрдан бошлаб ушбу қарорга 3-иловада назарда тутилган ҳудудларда аҳолига сотилган табиий газ бўйича қўшимча тушумларнинг бир қисмини “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ҳар бир ҳудуд кесимида махсус ҳисоб рақамларида жамғариш ҳамда мазкур маблағлар ҳисобидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан жалб қилинган кредит маблағларини қайтариш тартибини жорий қилсин.
8. Ҳисоб палатаси тузилмасида ходимларнинг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 5 нафар штат бирлигидан иборат Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларининг жорий этилишини ҳамда ҳисоб-китоблар ҳолатини мониторинг қилиш шўъбаси ташкил этилсин.
Ҳисоб палатасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
таъминотчи корхоналарнинг тақсимлаш тармоқларида электр энергияси ва табиий газ йўқотишларининг ўзгаришини таҳлил қилиш;
электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш ҳолати, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли, ўзаро ҳисоб-китоблар ва мавжуд дебитор-кредитор қарздорликларининг таҳлили ва мониторингини олиб бориш, ушбу йўналишларда тегишли чоралар кўриб бориш;
махсус ҳисоб рақамларга пул тушумлари, уларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари тўлиқ ва ўз вақтида қайтарилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш.
9. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ:
табиий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ва Тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича мазкур қарорга 6-иловадаги график асосида амалий машғулотлар ўтказилишини ташкил этиб, жойлардаги барча ходимларнинг кўникма ва малакасини оширишни;
ҳар бир туман ва шаҳарда ҳисоблагич ўрнатиш гуруҳларини шакллантириш, эҳтиёжга кўра, туманлараро мобиль ўрнатиш гуруҳларини ташкиллаштириб, график асосида ҳудудларга жалб қилишни йўлга қўйишни;
ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари томонидан Лойиҳа доирасида табиий газ ҳисоблагичларининг истеъмолчиларга ўрнатилишида белгиланган тартибга қатъий риоя этилишини ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишни;
маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан тузилган шартномалар доирасида белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга оширишни;
мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишининг экспертизасини якунлаб, 2020 йил 1 декабрга қадар тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритишни;
2021 йил 1 июнга қадар Тизим билан мувофиқликда ишловчи замонавий биллинг тизими яратилишини;
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси билан биргаликда туман ва шаҳарлар кесимида электрон газ ҳисоблагичлари ўз вақтида етказиб берилишини, шунингдек, ҳар бир ҳудудда ҳисоблагич ва бошқа ускуналарни таъмирлаш ва уларга сервис хизматини кўрсатиш шохобчалари ташкил қилинишини таъминласин.
10. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда истеъмолчиларнинг “Ҳудудгазтаъминот” АЖ олдидаги истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорликларини ундириш графигини ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш чораларини кўриб борсин.
11. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Лойиҳани молиялаштириш учун ажратиладиган кредитни сўндириш ҳамда ушбу кредит бўйича фоиз ва комиссияларни тўлашнинг прогноз жадвали 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
12. Энергетика вазирлиги Лойиҳа доирасида:
“Ҳудудгазтаъминот” АЖга ажратиладиган қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
табиий газ ҳисобини юритиш;
аҳолига етказиб берилаётган табиий газ йўқотишларини бартараф этиш бўйича режалаштирилган натижадорликни таъминлаш;
тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ миқдорларда ундирилишини таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатсин.
13. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси икки ҳафта муддатда:
“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Лойиҳа бўйича мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда табиий газни сотиб олиш нархларини ва табиий газни сотишдан тушган маблағларни тақсимлаш тартибини қайта кўриб чиқиб, тасдиқласин;
республикадаги иссиқлик таъминоти корхоналарининг пул маблағлари тақсимоти тартибини “Ҳудудгазтаъминот” АЖ олдидаги етказиб берилган табиий газ учун мавжуд қарздорликни сўндиришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
14. “Ҳудудгазтаъминот” АЖга Лойиҳа амалга оширилишида, истисно тариқасида, унинг техник-иқтисодий асосланиши тасдиқлангунига қадар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ билан биргаликда ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтган импорт шартномалари, шунингдек, маҳаллий пудратчи ва таъминотчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар бўйича молиялаштиришга рухсат берилсин.
15. Белгилаб қўйилсинки:
Энергетика вазирлиги Лойиҳа ўз вақтида амалга оширилишига масъул ижрочи орган ҳисобланади;
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Лойиҳа доирасида жалб этилаётган кредитлар бўйича қарз олувчи ҳисобланади, у асосий қарзни тўлайди, тегишли маблағлар ҳисобидан фоизлар, комиссиялар ва кредитларга хизмат кўрсатиш бўйича бошқа харажатларни қоплайди ҳамда жалб этиладиган қарз ва кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ҳисобланади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликлари “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан ҳамкорликда мазкур қарорга 3 ва 4-иловаларга мувофиқ электрон газ ҳисоблагичларининг тўлиқ ўрнатилишини таъминлайди;
ушбу қарорга 5-иловада белгиланган муддатлардан сўнг улгуржи истеъмолчилар билан шартномавий муносабатларга маълумотларнинг Тизимга фақат онлайн тарзда узатилиши таъминланган ҳолда йўл қўйилади.
16. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан биргаликда:
икки ҳафта муддатда Тизим ўрнатиладиган ҳудудларда алоқа ва Интернет қамрови билан таъминланганлик ҳамда алоқа сифати техник талабларга мослиги даражасини ўргансин;
бир ой муддатда барча ҳудудларни алоқа ва Интернет қамрови билан 2020 йил якунига қадар таъминлаш ҳамда алоқа сифатини техник талабларга мослаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва унинг амалга оширилишини таъминлаб борсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Т.Турабов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 24 сентябрь
ЎзА