Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимиз ўзининг бой бадиий мероси билан жаҳон санъати ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган қадимий цивилизация ўчоғи сифатида миллий бадиий анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаб келаётгани дунёнинг етакчи санъат мутахассислари томонидан эътироф этилган.

Бугунги кунда замонавий ўзбек тасвирий санъатига кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келаётгани, турли йўналишларда фаолият кўрсатаётган ижодкорлар, хусусан, рассом ва ҳайкалтарошлар, халқ усталари ижодида янгича мазмун ва шакл, жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга интилиш тенденциялари кўзга ташланаётганини ижобий баҳолаш лозим.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги, соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳамда моддий-техник базанинг мукаммал эмаслиги, малакали кадрлар етишмаслиги бу борадаги ишларнинг самарасига салбий таъсир этмоқда.

Ўзбек тасвирий ва амалий санъати ҳамда дизайн йўналишларини янада ривожлантириш, халқимизнинг ушбу нафис санъатларга бўлган эстетик эҳтиёжини қондириш, кенг йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, уларга шарт-шароит яратиш, бадиий салоҳиятини ошириш, замон талабларига мос бадиий таълим тизимини кенг йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Бадиий академиясининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 21 кишидан иборат тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Бадиий академияси раисига зарур ҳолларда, марказий аппарат ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. Ўзбекистон Бадиий академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, шахсий ва ижодий кўргазмалар учун кенг имкониятлар яратиб бериш ҳамда ижодкорларнинг бадиий салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ушбу йўналишдаги таълим муассасалари, ташкилотлар, атоқли маданият ва санъат арбоблари билан илғор тажрибалар алмашиш мақсадида ҳар томонлама ижодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

ижодкорлар ва истеъдодли ёшларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн анъаналарини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг (кейинги ўринларда – Бадиий ижодкорлар уюшмаси деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштириш;

тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишидаги ижодкорларни миллий ўзлигимизни англаш ғояларини тараннум этувчи юксак даражадаги ёрқин санъат асарларини яратишдаги фаолиятини рағбатлантириш ва болалар санъатини ривожлантириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятида бадиий таълим узвийлиги ҳамда узлуксизлигини таъминлашга эришиш мақсадида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ва ўрта махсус таълим муассасалари учун бошланғич бадиий таълимни йўлга қўйиш;

Ўзбекистон маданияти ва санъатининг тараққиёти йўлида тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш;

тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини кучайтириш, бу борадаги вазифаларни амалга оширишнинг замонавий, таъсирчан усул ва шаклларини тизимли асосда ривожлантириб бориш;

Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламдаги кўргазмалар ташкил этиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, конференция, биенналелар ва бошқа анжуманлар ўтказиш.

3. Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Фанлар академиясининг мамлакатимиз музейлари фондларини мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошида Бадиий экспертлар кенгашини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олиш учун 2018 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ва “Ўзвиносаноатхолдинг” компаниясининг ташаббуси билан хайрия асосида 1 миллиард сўм маблағ ажратиш тўғрисидаги таклиф маъқуллансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси мақоми, моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича – вазирга, унинг ўринбосари ва бош илмий котиб – вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий экспертлар кенгашининг таркиби ва Низоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари 2019 йилдан бошлаб энг кам иш ҳақи миқдорининг ўртача йиллик ўсиш кўрсаткичларига оширилган ҳолда ажратилади;

мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий экспертлар кенгашининг қарорига асосан сотиб олинади;

2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари учун энг кам иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида ойлик гонорар тўлаш тизими жорий қилинади ҳамда ушбу гонорарлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;

Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларига белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

6. Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари галереяларини сақлаш харажатлари, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш харажатларини молиялаштириш манбаси этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди (кейинги ўринларда – Фонд деб юритилади) маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

Бунда Бадиий ижодкорлар уюшмасининг ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Фондга ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланиши назарда тутилсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳудудий бўлимларининг ҳудудий галереяларда жойлаштирилишини ҳамда уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олиш учун зарур маблағларни 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрлари шакллантирилганда ажратилишини назарда тутсин;

Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппаратига 2 та шахсан бириктирилган ва 1 та навбатчи хизмат автотранспорти сақлаш учун лимит ажратсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1 ой муддатда:

Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарорини қабул қилсин;

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳудудида Ўзбекистон Бадиий академияси биносини қуриш ишларини ташкиллаштирсин ва ушбу бинода рассомлар учун тажриба устахонасини ташкил этиш кўзда тутилсин.

10. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 16 август

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини 
ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир 
қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига 
ШАРҲ


Мамлакатимизда мустақиллик йилларида бадиий ижоднинг бошқа турлари қатори тасвирий санъат соҳаси ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 23 январда имзоланган “Ўзбекистон Бадиий академиясини ташкил этиш ҳақида”ги фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартда қабул қилинган шу йўналишдаги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур тарихий ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар асосида Бадиий академия томонидан ўтган йигирма йил мобайнида тасвирий санъат соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, рассомлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий манфаатларини рўёбга чиқариш, ёш рассомларни тарбиялаш борасида кўп ишлар қилинди.

Бу ҳақда сўз борганда, Бадиий академия таркибида тасвирий санъат соҳаси бўйича миллий таълимнинг кўп босқичли тизими шакллантирилгани, “San’at” журнали ташкил этилиб, у 1998 йилдан буён уч тилда – ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этилаётгани, бой бадиий меросимиз ва замонавий тасвирий санъатимизнинг ривожланиш тенденцияларини ўрганишга қаратилган илмий тадқиқотларнинг моддий, илмий-услубий базаси мустаҳкамланганини таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий маданият ва санъат арбоблари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказиш бўйича ўзига хос тизим шакллангани, мамлакатимизнинг кўплаб рассомлари халқаро анжуман ва кўргазмалар, фестиваль ва танловларда қатнашиб, нуфузли ўринларни қўлга киритаётгани, ўнлаб ижодкорлар давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлгани ҳам Бадиий академия фаолияти билан бевосита боғлиқ.

Айни вақтда ҳозирги жадал суръатлар билан ривожланаётган даврнинг ўзи тасвирий санъат соҳасини янада тараққий эттириш, унинг бугунги кундаги ўрни ва мавқеини ошириш, Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини такомиллаштиришни талаб этаётганини эътироф этиш лозим.

Айниқса, тасвирий санъат ижодкорларининг имконият ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш, рангтасвир ва амалий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш борасида кейинги пайтларда долзарб муаммолар тўпланиб қолгани, жумладан, соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, мавжуд моддий-техник базанинг ночорлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, халқаро ижодий ва илмий алоқаларни ривожлантириш ҳамда ижодкорларни ҳар томонлама рағбатлантириш ва истеъдодли ёшларнинг ижодий имкониятларини кенгайтиришда юзага келаётган сусткашликлар мазкур соҳага давлатимиз томонидан эътиборни кучайтиришни тақозо этмоқда.

Маълумки, 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида маданият, адабиёт ва санъат соҳасини, жумладан, тасвирий санъат йўналишини ривожлантириш борасидаги долзарб вазифаларни белгилаб, уларни ҳал этиш йўлларини кўрсатиб берди. Ўтган қисқа муддатда ана шу таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан 10 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди.

“Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор шу йўналишдаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди.

Қарорда халқимизни тасвирий санъат намуналаридан баҳраманд этиш ва дизайн йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарни юксак даражада ифода этишга эришиш, юртимизда ўтказилаётган кўргазмаларнинг бадиий савиясини ошириш, рассомлик ва дизайн соҳасига ихтисослашган таълим тизимини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Шунингдек, жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлган ўзбек тасвирий ва амалий санъати мактабларининг анъаналарини сақлаш ва давом эттириш, замонавий дизайн йўналишлари бўйича фаолият юритаётган истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, мазкур қарор асосида Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ва мазкур дастурни амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди.

Қарорда мамлакатимиз маданий ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қанча масалаларга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш мақсадида жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ушбу йўналишдаги таълим муассасалари, ташкилотлар, маданият ва санъат усталари ўртасида ўзаро фойдали тажрибалар алмашишни йўлга қўйиш мақсадида ҳар томонлама ижодий алоқаларни ривожлантириш белгиланган.

Ушбу қарорда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн анъаналарини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Яна шуниси муҳимки, қарорда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишидаги ижодкорларни рағбатлантириш, шунингдек, болалар санъатини ривожлантириш, Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасалари фаолиятида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ва ўрта махсус таълим муассасалари учун бошланғич бадиий таълимни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шунингдек, қарорда тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандлиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, халқаро ижодий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламда кўргазмалар ўтказиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, конференция, биеннале ва бошқа анжуманлар ўтказишга алоҳида урғу берилган.

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Содиқ Азимов кўчаси, 35-уйда жойлашган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳудудида Ўзбекистон Бадиий академияси биносини қуриш ишларини ташкил этиш ҳам қарорда кўзда тутилган.

Айни вақтда Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Фанлар академиясининг мамлакатимиз музейлари фондларини мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ва асарлар қийматини ижодий ва моддий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда белгилаш қайд этилган.

Шу билан бирга, қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошида Бадиий экспертлар кенгашини ташкил этиш, мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий экспертлар кенгашининг қарорига асосан сотиб олиниши таъкидланган.

Шунингдек, 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари учун энг кам иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида ойлик гонорар тўлаш тизими жорий этилади ва ушбу гонорар маблағлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Мухтасар айтганда, мазкур қарор Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, унинг иш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ижодкорларни ҳар томонлама моддий ва маънавий рағбатлантириш, истеъдодли ёшларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш, рассомлик ва дизайн санъати соҳасида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, халқимизнинг тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги бадиий меросини асраш ва кейинги авлодларга етказиш, юртдошларимизнинг тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги эстетик эҳтиёж ва талабларини қаноатлантиришда бу ҳужжат кенг имкониятлар яратиб беради.