Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қабул қилиниши миллий қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, шунингдек, ҳуқуқий тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш бўйича бир қатор вазифаларни кун тартибига қўймоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг норма ижодкорлиги фаолиятининг ислоҳотлар билан уйғунлигини таъминлаш ва давлат ҳуқуқий сиёсатининг институционал асосларини ривожлантириш бўйича мақсадига эришиш, шунингдек, қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини янада ошириш, шу жумладан, улардаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш ва ҳаволаки нормаларини амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлаш мақсадида:

1. 2017-2023 йилларда қабул қилинган 135 та яхлит қонунда жами 543 та ҳаволаки норма мавжудлиги, шундан 23 та қонундаги 41 та ҳаволаки нормани амалга ошириш бўйича қонуности ҳужжатлари қабул қилинмаганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – чора-тадбирлар режаси) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларнинг улушини изчил ошириб бориш ҳамда қонунлардаги ҳаволаки нормалар ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 мартдан бошлаб қуйидаги тартиб-таомилларни жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

қонун лойиҳасидаги ҳаволаки нормаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочиларини лойиҳанинг ўзида мажбурий тартибда белгилаш;

тегишли соҳани тартибга солувчи қонун лойиҳасини тайёрлашда ушбу соҳадаги қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатларни қонун даражасига кўтариш имкониятини муҳокама қилиш шартлигини белгилаш ва бу ҳақда қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида кўрсатиш;

қонун кучга кирган кундан бошлаб беш йил ўтиб, масъул давлат органи ва Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари томонидан қонуннинг самарадорлигини, мақсади ва кутилган натижаларига эришилганлигини аниқлаш учун унинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш амалиётини жорий этиш.

4. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишда фуқаролик жамияти институтлари, илмий ҳамжамият вакиллари иштирокини кенгайтириш, жамоатчилик муҳокамаси тизимини такомиллаштириш ҳамда норма ижодкорлиги жараёнининг халқчил бўлишини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 мартдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилсин:

янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида тўпланган ижобий тажриба асосида энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишдан олдин уларнинг тайёрланиши ҳақидаги ахборот норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилади ҳамда дастлаб жамоатчиликнинг таклиф ва тавсиялари олиниб, улар асосида тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни кучини йўқотган деб топиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилганда, унинг асосида қабул қилинган қуйи турувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, уларни ҳам ўз кучини йўқотган деб топиш масаласи кўриб чиқилади.

5. Масъул вазирлик ва идоралар ушбу қарорга иловага мувофиқ тасдиқланаётган чора-тадбирлар режасида белгиланган муддатларда қонун ҳужжатларини танқидий таҳлил қилиш, миллий ва халқаро тажрибани чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш якунлари бўйича норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг пухта ишлаб чиқилиши, келишилиши ҳамда қабул қилиниши ёки ўрнатилган тартибда киритилишини таъминласин.

6. Адлия вазирлиги:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари белгиланган тартибда келишилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамасига киритилиши устидан мониторинг олиб борсин;

чора-тадбирлар режасида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ва идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

жамоатчилик муҳокамасига чиқарилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича аҳолининг таклиф ва эътирозларига ишлаб чиқувчи томонидан муносабат билдирилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатсин;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мамлакат ҳудудида олий юридик кучга эгалиги ҳамда тўғридан-тўғри амал қилиши тўғрисидаги конституциявий нормалардан келиб чиқиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини баҳолашни алоҳида мезон сифатида белгиласин;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда ушбу қарор талабларига риоя этилишини таъминласин;

уч ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик таклиф ва тавсиялари асосида ишлаб чиқиш бўйича вазирлик ва идоралар учун услубий тавсияларни тасдиқласин;

уч ой муддатда қонунларнинг амалиётда аниқ ва тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳуқуқни қўлловчиларга ва аҳолига тушунтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.

7. Масъул вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари зиммасига чора-тадбирлар режасида белгиланган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари ўз вақтида ва сифатли тайёрланиши, экспертиза қилиниши ва келишилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.

8. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига қонунларнинг ҳаволаки нормалари амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
           Президенти                                                                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2024 йил 19 февраль