Ўзбекистон Республикасида мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш ва синов лабораториялари комплексини ривожлантириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини ва экспорти ҳажмларини ошириш, уларнинг халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилишини таъминлаш ҳамда мавжуд синов ва калибрлаш лабораторияларини модернизация қилиш, шунингдек, аҳолига сифатли ва хавфсиз маҳсулотларни етказиб бериш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш, идоралараро ва инновацион синов ва калибрлаш лабораториялари комплексини ривожлантириш, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва маҳаллий маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш орқали савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда “Ўзстандарт” агентлигининг:

“Ўзстандарт” агентлигининг “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасини 2020 йил 1 январдан “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат корхонасига (кейинги ўринларда – “UzTest” давлат корхонаси) айлантириш ҳамда унинг муассиси этиб Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтини белгилаш;

“Ўзстандарт” агентлигининг “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси вориси этиб “UzTest” давлат корхонасини белгилаш;

2019-2020 йилларда Тошкент шаҳрида халқаро ташкилотларнинг (ISO, IEC, UNECE, EN, CODEX STAN) стандартлари, талаб ва меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, электротехника, енгил саноат, машинасозлик, қурилиш, полимер ва кимё саноати маҳсулотлари ҳамда юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг синовларини тўлиқ амалга оширадиган замонавий синов ва назорат лабораторияларидан иборат “UzTest” давлат корхонасининг синов ва назорат комплексини ташкил этиш;

“Ўзстандарт” агентлигининг 1-иловада назарда тутилган ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари давлат корхоналарини тугатиш;

тугатилаётган ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари негизида “UzTest” давлат корхонасининг ҳудудий филиалларини 2-иловага мувофиқ, “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси ҳудудий филиалларини 3-иловага мувофиқ ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Мувофиқликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, синов ва калибрлаш лабораторияларини ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – Комплекс чора-тадбирлар режаси) 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига Комплекс чора-тадбирлар режасида кўзда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

3. “UzTest” давлат корхонасининг синов ва назорат комплекси томониданўзлаштириладиган маҳсулотларни синовдан ўтказиш йўналишлари 5 ва 6-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

4. Қуйидагилар “UzTest” давлат корхонасининг синов ва назорат комплексини ташкил этиш, технологик асбоб-ускуна билан жиҳозлаш ва модернизациялаш ишларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш лойиҳасини Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3790-сон қарорига мувофиқ Жаҳон банки томонидан 25 йил муддатга йиллик 2 фоиз ставкада ажратиладиган 11,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ;

UNI Credit Bank (Чехия) томонидан 7 йил муддатга йиллик 2,1 фоиз ставкада ажратиладиган 3,88 миллион евро миқдоридаги маблағ;

халқаро молия институтларининг грантлари, имтиёзли кредитлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. “Ўзстандарт” агентлиги тизими ташкилотларига, истисно тариқасида, синов, калибрлаш ва қиёслаш лабораторияларини ташкил этиш доирасида 2021 йилга қадар ўз маблағлари ҳисобига импорт қилинадиган лаборатория жиҳозлари, асбоб-ускуналари, стандарт намуналар, кимёвий реактив ва реагентларни харид қилиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузишга уларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда экспертизадан ўтказиш шарти билан рухсат этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги “UzTest” давлат корхонасининг синов ва назорат комплексини ташкил қилиш ва ривожлантириш, синов ва калибрлаш лабораторияларини модернизациялаш мақсадлари учун халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш чора-тадбирларини кўрсин.

7. Белгилансинки, “UzTest” давлат корхонасининг синов ва назорат комплекси таркибидаги синов лабораториялари маҳсулот синовларини амалга ошириш билан бирга “Ўзстандарт” агентлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг буюртмалари (иш режалари)га асосан давлат назорати билан боғлиқ синовларни (ўсимликлар карантини хизмати ва фармацевтика маҳсулотлари бундан мустасно) амалга оширади.

8. 2019-2020 йилларда Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти курсларида малака оширадиган мутахассисларнинг ҳудудлар ва ихтисосликлар бўйича тақсимотлари 7 ва 8-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

9. “Ўзстандарт” агентлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда 2019-2020 йиллар давомида ҳудудларнинг саноат, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятидан келиб чиқиб, мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ “UzTest” давлат корхонасининг ҳудудий филиалларини чет эл ва маҳаллий инвесторларга реализация қилиш, шу жумладан, уларнинг негизида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўрсин.

10. “Ўзстандарт” агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда четдан олиб келинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг синовлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида амалдаги стандарт ва меъёрларга мувофиқ ҳар бир маҳсулот бўйича синов дастурларини ишлаб чиқиб тасдиқласин ҳамда доимий янгилаб турган ҳолда расмий сайтларга жойлаштириб бориш тизимини яратсин;

маҳсулотлар сифат ва хавфсизлик синов кўрсаткичлари тўлиқ баҳолангандан сўнг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш тизимини йўлга қўйсин.

11. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 январдан:

аккредитация қилинган синов лабораториялари маҳсулот синовларини “Ўзстандарт” агентлиги расмий сайтида жойлаштирилган синов дастурлари асосида ўтказади;

бир турдаги маҳсулотга нисбатан тасдиқланган синов дастурини иккита ва ундан ортиқ хусусий синов лабораториялари тўлиқ халқаро талаблар асосида ўзлаштирган тақдирда, давлат органлари тизимига кирадиган синов лабораториялари томонидан мазкур маҳсулотнинг синови фақат давлат мониторинги ҳамда назорати мақсадларида амалга оширилади;

маҳсулот сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи рухсат берувчи ҳужжатлар ва мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш идоравий бўйсунувидан қатъий назар аккредитация қилинган синов лабораторияларида ўтказилган ижобий синов натижаларига асосан амалга оширилади;

аккредитация қилинган синов лабораториялари халқаро стандартларга асосан янги синов услубини ўзида жорий этса, уч ой ичида аккредитация доирасини кенгайтириш мажбуриятини олган ҳолда ушбу услуб бўйича мувофиқликни баҳолаш ишларини амалга оширишларига рухсат этилади. Бунда янги синов услубларини қўллашга аккредитация соҳасини кенгайтириш учун белгиланган тартибда тақдим этилган буюртма асос бўлади;

мувофиқлиги тасдиқланиши шарт бўлган маҳсулотлар синовини амалга оширмайдиган ва ташкилотларнинг ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ташкил этиладиган синов лабораторияларини аккредитация қилиш ўрнига уларнинг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш тартиби жорий этилади.

Бунда мазкур бандда назарда тутилган қоидалар ўсимликлар карантини хизмати ва фармацевтика маҳсулотларига татбиқ этилмайди.

12. “Ўзстандарт” агентлиги бир ой муддатда:

Синов ва калибрлаш лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигига қўйилган умумий талабларни белгиловчи давлат стандартини тасдиқласин ҳамда синов ва калибрлаш лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда республикада ҳамда чет эл олий таълим муассасаларида стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш йўналишларида таълим олаётган 3 ва 4-босқич талабалари орасида танлов ўтказиб, уларнинг хорижий мамлакатлар энг илғор илмий-синов лабораторияларида амалиётини ташкиллаштириш ва миллий синов ва калибрлаш лабораторияларига муддатли шартнома асосида ишга жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ва амалга оширсин.

13. “Ўзстандарт” агентлиги синов ва калибрлаш лабораториялари эҳтиёжларини қондириш мақсадида келгуси давр учун харид қилинадиган лаборатория жиҳозлари, асбоб-ускуналари, стандарт намуналар, кимёвий реактив ва реагентлар рўйхатини электрон кооперация порталига жойлаштириб борсин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ импорт қилинаётган лаборатория жиҳозлари, асбоб-ускуналари, стандарт намуналар, кимёвий реактив ва реагентларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича 2019 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклиф киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлигининг 2020 йил 1 январдан қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин:

давлат харидларида, биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда имтиёз ва преференциялар олиш учун корхона ва ташкилотлар ўзлари таклиф этаётган маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш;

импорт қилувчи ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарга мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик тўловни базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида қатъий белгилаш ҳамда сертификатлаштириш идораларига тушган сумма солиқ тўловлари тўланганидан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланиши;

сертификатлаштириш идораларига ўз брендларини яратиш ва улардан ўрнатилган тартибда шартнома асосида фойдаланиш амалиётини жорий этиш.

15. “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда сертификатлаштириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектлари, шу жумладан, экспорт қилувчи корхоналарга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида маҳсулот намуналарини синов ва калибрлаш лабораторияларига етказишда транспорт логистикаси тизимини жорий қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин.

16. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ҳафта муддатда “UzTest” давлат корхонасининг синов ва назорат комплексини қуриш учун зарур бўлган ер участкасини белгиланган тартибда ажратиб беришни таъминласин.

17. “Ўзстандарт” агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Ғуломов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 15 август

 

ЎзА