Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатимизнинг бой ва қадимий тарихидан маълумки, аждодларимиз томонидан маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш энг бебаҳо қадрият ва анъаналардан ҳисобланади. Мазкур қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини барча ҳудудларда амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳар ким ўзи яшайдиган уй, маҳалла ва қишлоқни ободонлаштиришда ҳиссасини қўшса, юртимиз обод бўлади, обод юртда яшайдиган одамлар кайфияти яхши бўлиши таъминланади.
Шу билан биргаликда, мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланишига қарамасдан, улар учун зарур шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмаган. Жумладан, сўнгги йилларда пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳиссаси юқори бўлган деҳқон-фермерларнинг ва бошқа тоифадаги аҳолининг ҳаётий-маиший эҳтиёжлари тўлиқ таъминланмаган.
Бундай ҳолат қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан, мамлакатимизни замонавий ривожланган давлатга айлантиришга тўсиқ бўлмоқда. Хусусан, ҳудудларга ташрифлар жараёнида жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, бевосита маҳалла ва хонадонларга кириб бориш ҳамда аҳоли билан мулоқот натижалари қуйидаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Биринчидан, маҳаллий ҳокимликлар, “Давархитектқурилиш” қўмитасининг ҳудудий органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига амал қилмаган ҳолда, бино-иншоотлар ва уй-жойларни тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатларига чек қўйилмаяпти. Қурилиш ишларининг қишлоқ ва маҳалла даражасида комплекс ёндашувлар асосида олиб борилмаслиги оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси эскича кўринишда қолмоқда.
Иккинчидан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг қуйи тизим корхоналари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари, трансформатор пунктларини эксплуатация қилиш қониқарсиз аҳволда олиб борилиши оқибатида зарур инфратузилмалар эскирган ва яроқсиз аҳволга келиб қолган.
Учинчидан, шаҳарсозлик меъёр ва қоидалари ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларига мослаштирилмаганлиги оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, хусусан, мазкур ҳудудларда автомобиль йўллари ва йўлбўйи инфратузилмаси барпо этиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ирригация тизимларини барпо этиш тартибсиз равишда олиб борилмоқда.
Тўртинчидан, маҳаллий бюджетлар ва тармоқ ташкилотлари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини комплекс тарзда амалга ошириш учун молиялаштириш тизими йўлга қўйилмаган.
Бешинчидан, энг ачинарлиси шуки, аҳолининг айрим қисмлари шу аҳволга кўниккан, боқимандалик кайфиятига берилиб кетганлиги оқибатида ўзининг уй-жойлари, ҳовлиси ва томорқасини сақлашга эътибор қаратмай қўйган. Халқимизнинг “Қуш инида кўрганини қилади” деган нақлини эсдан чиқариб, ўз остонасини осойишта ва саранжом қилмаслик фарзандларимиз ва невараларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Олтинчидан, ободонлаштириш ишларига фаоллар, кенг жамоатчилик ва фуқароларни жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти ва аниқ бир тизимли самарали ишлар олиб борилмаяпти. Айниқса, мазкур ишлар сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари эътиборидан четда қолган ва бу борада қатъий ташаббускорлик ва мувофиқлаштириш етишмайди.
Еттинчидан, ҳудудларда анъанавий бўлиб қолган ҳашарларни фақатгина “хўжакўрсин” учун байрам кунларига яқин саналарда юзаки ўтказиш одат тусига кирган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган “Обод қишлоқ” дастури (кейинги ўринларда дастур деб аталади) амалга оширилади.
2. Қуйидагилар дастурнинг устувор мақсадлари ва харажатларнинг асосий манбалари этиб белгилансин:
биринчидан, республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига аҳолини ишончли тарзда ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида қишлоқ ва туман маркази орасида автобус қатновини йўлга қўйиш;
иккинчидан, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўлбўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш;
учинчидан, халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш;
тўртинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда тегишли харажатларнинг ярмини республика бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳамда қолган қисмини маҳаллий бюджет ва маҳаллий ҳомийлар ҳисобидан молиялаштириш;
бешинчидан, бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорларнинг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан барпо этиш;
олтинчидан, уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, бу жараёнда кенг миқёсда ҳашар усулларини қўллаш ҳисобига ҳовли ва атроф ҳудудларни ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, оқова сув хандақларини барпо этиш ҳамда муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан уй қуриб бериш (таъмирлаш) ва бошқалар.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида “Обод қишлоқ” жамғармалари тузилсин.
Иқтисодиёт вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда “Обод қишлоқ” жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин.
Қуйидагилар “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари;
маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари;
тармоқ корхоналарининг маблағлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари;
“Маҳалла” жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;
ташаббускор тадбиркорлар маблағлари;
ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ҳар йиллик Давлат бюджети, шу жумладан, маҳаллий бюджетлар параметрларини тасдиқлашда “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш учун зарур миқдорда маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
Бунда, дастур доирасида “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбектелеком” АК, Республика йўл жамғармаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг, ташкилот ва корхоналар ўз маблағларининг тегишли мақсадлар учун тўғридан-тўғри молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур Фармон билан “Обод қишлоқ” дастурининг белгилаб берилган асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, барча ташкилий чора-тадбирлар изчиллиги, лойиҳаларни молиялаштириш манбалари, моддий ресурслар таъминоти билан узвий ва чамбарчас боғланган 2018 йил учун чора-тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида марказлашган манбалар ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган ишлар бўйича буюртмачи этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари белгилансин.
Барча объектлар бўйича бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга рухсат берилсин.
Мазкур танловларни ташкил этиш, жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик “Давархитектқурилиш” қўмитаси раиси Б.Закиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари дастурни амалга ошириш доирасида қамраб олинадиган жорий ва келгуси даврларга мўлжалланган қишлоқ ва маҳаллаларнинг манзилли рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун қуйидаги қатъий шартлар асосида шакллантиришни таъминласинлар:
ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан тезкор махсус штабларни жорий этиш, шу жумладан, ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, молиялаштириладиган қисми бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, шу жумладан, солиқ йиғилувчанлигини ва қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини ошириш;
архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқларини ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашарларда фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларини тузиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва “Давархитектқурилиш” қўмитаси ҳузуридаги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси уй-жой, бино-иншоотлар ва томорқа хўжаликлари мулкдорлари томонидан амалдаги талаб ва қоидалар бузилиши ва уларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ тегишли чоралар кўрсинлар.
7. Белгилаб қўйилсинки, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган объектларни сифатли ва арзон қурилиш материаллари билан таъминлаш мақсадида металл прокати, цемент, норуда материаллари, ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ, шифер ва шу каби бошқа асосий турдаги маҳаллий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун корхоналарга газ ва электр энергияси 2018 йил 1 майдан бошлаб “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб берилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда цемент, металл прокати, ғишт, темир-бетон буюмлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ маҳсулотлари каби асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини етказиб бериш учун фирма дўконлари тармоқларини ташкил этиш чораларини кўрсинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, тегишли лойиҳа институтлари билан биргаликда:
“Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини батафсил режалаштириш лойиҳалари билан биргаликда олдиндан ишлаб чиқишни;
2019 йил 1 январга қадар қишлоқ аҳоли пунктлари меъморий қиёфасини яхшилаш тизимини такомиллаштириш мақсадида шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, зарур ҳолларда янги стандарт ва мезонларни ишлаб чиқишни;
ҳар бир объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминласин.
Белгилаб қўйилсинки, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктлари бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлигига барча турдаги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини батафсил ёритиб бориш ва кенг халқ оммаси орасида тарғиб қилиш тавсия этилсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 29 март
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
“ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАСТУРИНИ 2018 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
“Обод қишлоқ” дастурининг 2018 йил учун мўлжалланган мақсадли параметрлари ҳамда дастур доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг асосий кўрсаткичлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;
“Обод қишлоқ” дастури доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг молиявий кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;
“Обод қишлоқ” дастури доирасида ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ ва электр энергиясини аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб бериш преференциялари татбиқ этиладиган асосий турдаги қурилиш материаллари рўйхати 4-иловага мувофиқ;
“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган махсус штабларнинг намунавий таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 6-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш;
қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича белгиланган параметрлар ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш юзасидан тизимли мониторинг юритиш;
келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” дастурини тайёрлаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар – буюртмачиларнинг таклифлари асосида тасдиқланган дастурнинг тегишли параметрларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, бажариладиган иш турлари ва ҳажмлари ҳамда молиялаштириш манбаларига келишилган ҳолда аниқлик киритиш.
Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти Республика комиссиясининг Ишчи органи этиб белгилансин ҳамда унга келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” дастурини ишлаб чиқиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш вазифаси юклансин.
Республика комиссияси (А.Ж.Раматов) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, ўн кун муддатда маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли вазирлик (идора)лар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган туман ва қишлоқлар кесимидаги манзилли рўйхатларни тасдиқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгуси йил Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш дастури параметрларини шакллантиришда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2019 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун зарур марказлашган капитал қўйилмалар лимитини кўзда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида ижтимоий соҳа объектлари, йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик коммуникациялари қурилишига халқаро молия институтларининг кредит маблағларини жалб қилиш учун лойиҳанинг молиявий-иқтисодий ҳисоботини (лойиҳаолди ҳужжатини) ўн беш кун муддатда тайёрлаб, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига тақдим этсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродов вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий ҳисоботлари (лойиҳаолди ҳужжатлари) асосида “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молиялаштирувчи ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ва грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимликлари бир ой муддатда тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳар бир туман (шаҳар) ва қишлоқ бўйича махсус штабларни шакллантириб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйсин, шунингдек, ҳар бир объект кесимида тармоқ жадвалларини тасдиқласин ва мониторинг натижаларини ҳар ой якуни билан Республика комиссиясига тақдим этиб борсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозлари билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўрсин.
“Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК, “Ўзэлтехсаноат” АК, таркибида қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлган хўжалик бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажаришга маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб бериш учун жойларда савдо шохобчалари – корхоналарнинг фирма дўконлари ва филиалларини комплекс тарзда ташкил этсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” қўмитаси, “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларини хатловдан ўтказиб, уларнинг натижаларига кўра:
мавжуд уй-жойлар, бино-иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолатини ўргансин ҳамда шу асосда уларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилишини;
техник талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний равишда қурилган бино-иншоотлар ва қурилмаларнинг бузилишини;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари туман ҳокимликларининг ер захира фондларига олинишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат автомобиль йўллари қўмитаси “Обод қишлоқ” дастури доирасида туман марказидан қишлоқларгача бўлган йўлларни, қишлоқларнинг марказий кўчаларини ва асфальт билан қопланган йўлларни таъмирлаш, қишлоқларнинг асфальт қопламасиз ички йўлларига қум-шағал қоришма ётқизиш ва пиёдалар йўлакларига бетон қоплама ётқизишни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари асосида амалга оширсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини (ташқи санитария тармоқлари, тандирхона) жойлаштириш ҳамда атроф ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, ишларни шу асосда амалга оширишни таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун алоҳида лойиҳа ташкилотларини бириктириб, улар томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, ташқи қиёфасини тартибга келтириш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атроф ҳудудини ободонлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида чиқинди йиғиш пунктларини барпо этиб, тизимли равишда чиқиндиларни йиғиш, олиб кетиш ва утилизация қилиш ишларини ташкил қилсин ҳамда мазкур ишларни бажарадиган корхоналарни зарур транспорт воситалари, техника ва машина-механизмлар билан таъминлаш юзасидан чоралар кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлиги оширилишини таъминласин.
Бунда мавжуд захира ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, бўш турган бино-иншоотларда ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш ҳамда уларнинг тармоқларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.Р.Холмуродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 29 март
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Обод қишлоқ” дастури тўғрисида»ги Фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ
Энг аввало, республикамиз аҳолисининг салкам ярми қишлоқ ҳудудларда яшаб келаётганлиги ҳамда уларнинг фидокорона меҳнати, деҳқон, фермер, чорвадор ва миришкорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида дастурхонимиз мўл-кўл бўлаётгани “Обод қишлоқ” дастурининг қабул қилинишида асосий омил бўлганлигини таъкидлаб ўтиш зарур.
Сўнгги йилларда вилоят ва туманлар марказларида ободонлаштириш ва марказий кўчаларнинг меъморий қиёфасини янгилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилаётгани, хусусан, 2017 йилда қишлоқ жойларда 18 мингдан ортиқ оилалар учун ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга шинам уйлар барпо этилгани шулар жумласидан.
Аммо ташрифлар давомида олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолидан келиб тушаётган ҳаққоний эътирозлар ва мурожаатлар шундан далолат берадики, аҳолининг уй-жой ва маиший шароитларини яратиш борасида айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.
Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарларининг масъулиятсизлиги оқибатида уй-жой фонди йиллар давомида таъмирланмасдан, том қисмлари ва ташқи қиёфаси мутлақо талабга жавоб бермайдиган аҳволга келиб қолган.
Бундан ташқари, қишлоқ аҳоли пунктларида электр тармоқлари ва трансформаторлардаги авариялар электр таъминоти тармоқларида кўплаб узилишларни келтириб чиқармоқда, шунингдек, суюлтирилган газ баллонларининг етишмаслиги кузатилмоқда.
Кейинги долзарб муаммолардан бири шуки, ҳудудларда автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари сифатсиз олиб борилмоқда, ичимлик суви қувурлари ва иншоотлари яроқсиз аҳволга келиб қолган ҳамда оқова иншоотлари санитария талабларига жавоб бермайди.
Яна шуни таъкидлаш зарурки, аҳолининг айрим қисми шундай аҳволга кўниккани, боқимандалик кайфиятига берилгани натижасида ўзининг уй-жойи, ҳовлиси ва томорқасини сақлашга эътибор қаратмай қўйган.
Мазкур ишлар сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари эътиборидан четда қолгани юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг асосини ташкил этади.
Шу билан бирга, жойлардаги фаоллар ташаббуси билан эмас, балки ҳудудларда анъанавий бўлиб қолган ҳашарларни фақатгина “хўжакўрсин” учун байрам кунларига яқин саналарда юзаки ўтказиш одатга айланиб қолмоқда.
Албатта, бундай ҳолатлар ҳеч кимни, айниқса, мазкур ҳудудларда яшаётган аҳолининг барча қатламларини қониқтирмайди. Ушбу вазиятни тубдан ўзгартириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида қуйидагилар ишлаб чиқилган дастурнинг асосий мақсадлари этиб белгиланган.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарида, аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқда (маҳаллада) аҳолининг яшаш шароитларини босқичма-босқич тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқларнинг (маҳаллаларнинг) қиёфасини замонавийлаштиришга ва қишлоқ аҳолиси учун иш жойларини яратишга қаратилган “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилади.
2018 йилда мамлакатимизнинг 174 та туманидаги 368 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини комплекс равишда янгилаш чора-тадбирлари қабул қилинган дастурнинг устувор мақсадлари сифатида белгиланган.
Дастурда, айниқса, 127143 та уй-жойни таъмирлаш, уларнинг томини, ташқи кўриниши, ён-атрофини ободонлаштириш ишлари алоҳида ўрин эгаллаган.
Дастур доирасида 1535 километр тоза ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш учун жами 2083 километр йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида 571 замонавий автобус харид қилиниб, қишлоқ ва туман маркази орасида транспорт қатновини йўлга қўйиш ва ушбу йўналишларда 252 та бекат барпо этиш назарда тутилган.
Халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан 1847 километр электр таъминоти тармоқларини яхшилаш, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 44868 та газ баллони етказиб бериш ҳамда алоқа тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам амалга оширилади.
Маълумки, ижтимоий аҳамиятга эга хизматларни тубдан яхшилаш давлатнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, болалар боғчаси, мактаб, оилавий поликлиникалар ва шу каби бошқа жами 736 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиб, лаборатория ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.
Албатта, жойларда бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорлик асосида бунёд этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Дастурни амалга ошириш вазифаларига тўхталадиган бўлсак, бу борада маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида “Обод қишлоқ” мақсадли жамғармалари тузилади. Бюджет, тармоқ корхоналарининг, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грантлари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағларни ушбу жамғармалар манбалари сифатида белгилаш кўзда тутилмоқда.
Биргина жорий йилда дастур доирасида назарда тутилган ишларга барча манбалар ҳисобидан 3 триллион 40 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ишончли ва мунтазам равишда йўналтирилади.
Дастурда ўз аксини топган йўналишларни амалга ошириш юзасидан тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларининг меъморий ва техник ечимлари асосида пухта ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида 190 га яқин тажрибали ва малакали лойиҳа институтлари жалб қилинади.
Ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш, қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириш учун салоҳиятли пудрат ташкилотларини аниқлаш билан боғлиқ танловларни оқилона ташкил этиш, уларни ўтказиш жараёнини назоратга олиш ва бу борада самарадорликка эришишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжатда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг масъуллиги қатъий белгилаб қўйилган.
Зарур моддий-техника ресурсларини жамлаш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан цемент, металл прокати, ғишт, томёпқич маҳсулотлари, темир-бетон буюмлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ каби асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини етказиб бериш учун ҳар бир аҳоли пунктида фирма дўконларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, уларни арзон ва сифатли қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, ишлаб чиқарувчилар учун электр энергияси ва газ етказиб беришда преференциялар назарда тутилган.
Дастурни амалга ошириш билан боғлиқ ишларни оқилона ташкил этиш юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат таркибда доимий равишда фаолият кўрсатадиган Республика комиссияси ташкил этилган.
Ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан тумандаги сектор раҳбарлари бошчилигида махсус штабларни жорий этиш, жумладан, ушбу штабларга ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, молиялаштириладиган ишлар бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, хусусан, солиқ йиғилувчанлигини ошириш ва қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини кўпайтириш каби вазифалар юкланган.
Қайд этилган тизимларга архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқлари ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашарларда фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларини тузиш ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва “Давархитектқурилиш” қўмитаси қошидаги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси уй-жой, бино-иншоотлар ва томорқа хўжаликлари мулкдорлари томонидан амалдаги талаб ва қоидаларни бузиш ва риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ тегишли чоралар кўриши белгиланган.
Мазкур дастурнинг қабул қилиниши ва ҳаётга изчил татбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу борадаги қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда, барча ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини бажариш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этишга хизмат қилади.