Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Креатив иқтисодиётнинг дунё миқёсида иқтисодий ўсиш, аҳолини иш билан таъминлаш, маданий-ижтимоий ва инновациялар тараққиётидаги роли тобора ортиб бораётганини эътиборга олиб, мамлакатимизда бу соҳани миллий қадриятимизни инобатга олган ҳолда жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий ижодий ва инновацион ютуқларини ҳаётга самарали татбиқ этишни ҳамда креатив иқтисодиёт бўйича халқаро миқёсда ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Тошкент шаҳрининг глобал мулоқотлар ва маданий марказ сифатидаги нуфузини янада ошириш мақсадида:
1. 2024 йил 2-4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжаҳон анжумани (кейинги ўринларда – Бутунжаҳон анжумани) юқори савияда ўтказилсин.
2. Тошкент шаҳрида Креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжаҳон анжуманига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
Ташкилий қўмита (А.Н.Арипов) Бутунжаҳон анжуманини юқори даражада ўтказишга ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрсин, вазирлик ва идоралар томонидан бу борадаги чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ҳамда уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминласин.
3. Бутунжаҳон анжумани доирасида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма):
а) Тошкент шаҳрида:
Замонавий санъат маркази ҳузуридаги Арт-резиденцияларнинг тантанали фойдаланишга топширилишини ташкил қилсин;
Француз маданият маркази, Миллий реставрация маркази лойиҳалари, шунингдек, Абулқосим мадрасаси ва “Оҳунгузар” маданий мерос объектида креатив иқтисодиёт кластерларини яратиш лойиҳалари тақдимотларини ўтказсин;
б) Бутунжаҳон анжуманига таклиф этилган иштирокчилар, халқаро экспертлар, соҳа вакиллари ва кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда:
Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришни ташкил этсин;
Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача креатив иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси ҳамда уни 2025–2026 йилларда амалга ошириш бўйича давлат дастури лойиҳаси Бутунжаҳон анжумани якуни бўйича ишлаб чиқилишини таъминласин.
4. Бутунжаҳон анжумани дастурига мувофиқ:
а) Жамғарма:
креатив соҳа бўйича Вазирлар йиғилишини (Ministerial meeting);
дунё ва мамлакатимиз креатив соҳа вакилларининг салоҳиятини намойиш этишга қаратилган махсус кўргазмани;
креатив иқтисодиёт, унинг аҳамияти ва Бутунжаҳон анжумани ҳақида аҳолини хабардор қилишга қаратилган семинар ва давра суҳбатлари, маслаҳат учрашувлари, амалий машғулотлар, тақдимотлар, тантанали тақдирлаш маросимлари каби тадбирларни ўтказсин;
б) Маданият вазирлиги юксак байрамона руҳда маданий-маърифий, концерт-томоша, шоу дастурлар, фильмлар намойишларини ташкил этсин;
в) Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳунармандчилик, амалий ва тасвирий санъат маҳсулотлари, эсдалик совғалари кўргазма-савдоларини ўтказсин;
г) Туризм қўмитаси меҳмонхоналарда зарур жойларни банд қилсин, ихтисослаштирилган саёҳатлар дастурларини амалга оширсин;
д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари:
Бутунжаҳон анжумани ва унинг доирасидаги тадбирлар ўтказиладиган жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширсин, саҳна майдонлари ва жойларни юқори даражада тайёрласин;
реклама билбордлари ва экранларида Бутунжаҳон анжумани тўғрисидаги маълумотларнинг ижтимоий ахборот сифатида бепул жойлаштирилишини ташкил этсин.
5. Креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжаҳон анжуманининг Тошкент шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш юзасидан чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ташқи ишлар вазирлиги Жамғарманинг виза талабномаларига биноан, Бутунжаҳон анжуманида иштирок этадиган хорижий иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасига кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундирмасдан (бепул), зарур ҳолларда Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида расмийлаштирилишини таъминласин.
7. Бутунжаҳон анжумани ва унинг доирасидаги тадбирлар ўтказиладиган жойларда:
Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги – тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши бўйича чораларни кўрсин.
8. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Жамғарма билан биргаликда бир ҳафта муддатда оммавий ахборот воситалари учун барча зарур шарт-шароитларга эга бўлган Бутунжаҳон анжуманининг матбуот маркази фаолиятини самарали йўлга қўйсин, шунингдек, тадбирни юксак савияда халқаро миқёсда кенг ёритиш учун хорижий оммавий ахборот воситаларини жалб қилсин.
9. Белгилансинки:
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ташкилий қўмитанинг Ишчи органи ҳисобланади;
“ИнтерФорум” давлат унитар корхонаси Бутунжаҳон анжуманини ташкил этишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Бош оператор ҳисобланади;
вазирликлар ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган топшириқлар, шунингдек, Ташкилий қўмита ҳамда Ишчи органнинг бошқа тезкор кўрсатмалари ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
10. Божхона қўмитаси Жамғарма буюртмаларига мувофиқ Бутунжаҳон анжуманини ўтказишни ташкил этиш учун олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган вақтинчалик ва доимий юклар, асбоб-ускуналар, шунингдек, тарғибот-ташвиқот маҳсулотларининг божхона ҳужжатлари соддалаштирилган тарзда божхона божини ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Бутунжаҳон анжуманини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни жадаллаштириш, унинг молиялаштириш манбаларини белгилаш ҳамда харажатлар сметасини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилсин.
12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Бутунжаҳон анжуманининг мамлакатимизда ўтказилишининг аҳамияти, ушбу халқаро тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, унинг доирасидаги тадбирларни ҳамда мазкур қарор юзасидан амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
13. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Г.О.Умерова ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Ш.Б. Умурзақов белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2024 йил 23 август