Жорий йилнинг 17-20 сентябрь кунлари Нукус шаҳрида II Халқаро бахчишилик санъати фестивали ўтказилиши муносабати билан тадбирга қизғин таёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Халқаро фестивалга қатор давлатлардан бахши ва жировлар ҳамда меҳмонлар келиши кутилмоқда. Шу жумладан, халқаро ташкилотлар мутасаддилари, маданий мерос, илм-фан, санъат ва бошқа соҳалар бўйича экспертлар қатнашади.

Фестиваль доирасида бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг шарқ маданияти ва санъатидаги ўрни ва аҳамиятини янада оширишга бағишланган илмий-амалий конференция, хорижлик ва Ўзбекистон бахшичилик санъати усталарининг якка концертлари, бахши-шоир, оқин ва жировлар, фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танлови ўтказилади.

Шунингдек, тадбир кунлари Нукусда сайиллар, юртимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижоди ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастур намойишлари, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари намойиши ташкил этилади.

Фестиваль кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорлари иштирокида тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт билан якунланади.

Айни пайтда Нукус шаҳрининг И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи атрофидаги майдонларда тайёргарлик ишлари қизғин тусга кирган. Вилоятлардан келган соҳа ходимлари ўзларига ажратилган майдонларда маҳаллий ҳудудга хос урф-одат ва дастурларни ўзида жамлаган кўргазмаларини тайёрламоқда.

– Фестивалга Сурхондарё вилоятидан 60 кишилик жамоа келган. Шулардан 10 нафари бахшилардир, – дейди гуруҳ раҳбари Ж.Жўраев. – Мамлакат миқёсида ўтказилган кўрик-танловда бир бахшимиз биринчи, икки нафари учинчи ўринни эгаллади, бир неча нафари қатор номинациялар ғолиби бўлди. Фестиваль учун тайёрлаган майдонимизда вилоятимизга хос урф-одатларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Жумладан, лойсувоқ уйлар, милодий I-II асрларга тегишли «Мусиқачи аёллар» тош ҳайкали, дўмбиралар савдоси, миллий кийимлар ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари ота-боболаримиздан мерос урф-одатларни меҳмонларга намойиш эта олади, деган умиддамиз.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.

ЎзА