Миллий матбуот марказида 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифинг ўтказди.
Унда жорий ҳафта Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган учрашувлар ва муҳим йиғилишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берилди.
Таъкидланганидек, бу ҳафта тадбирларга бой бўлди, давлатимиз раҳбари бир қатор хорижий делегацияларни қабул қилди, муҳим йиғилишлар ўтказди. Брифингда ушбу учрашувлар ҳақида пресс-релизларга киритилмаган қўшимча тафсилотлар юзасидан ахборот берилди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифни қабул қилди.
Эрон – катта иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат. Кейинги йилларда икки томонлама алоқалар фаоллашди. 2019 йилдан Эрон учун соддалаштирилган виза тизими жорий қилинди.
Учрашувда 2020 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо 250 миллион долларни ташкил этгани, қўшма корхоналар сони 3 баробар ортиб, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика каби соҳаларда умумий қиймати 61 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди. Хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш маслалари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олингани маълум қилинди.
Шу куни Президентимиз Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни ҳам қабул қилди. Унда Тошкентда илк бор ўтказилган “Иннопром” саноат ҳафталиги янги кооперация лойиҳаларини бошлаш учун ишончли платформа бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. Бу борадаги аниқ лойиҳалар муҳокама қилингани айтиб ўтилди.
Учрашувда ҳозирги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Президентимизнинг Россияга расмий ташрифини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилгани қайд этилди.
Брифингда Президентимиз 6 апрель куни Корея Республикаси парламентининг Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги делегация билан ўтказган мулоқот ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
8 апрель куни Президент раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва бандлик масалалари бўйича видеоселектор ўтказилди. Жиддий танқидий руҳда бўлган йиғилишда вазифани уддалай олмаган кўплаб раҳбарлар лавозимидан озод этилди, айримларига ҳайфсан берилди.
Матбуот котиби давлатимиз раҳбари йиғилишда қўйган аниқ вазифаларга тўхталиб ўтди. Тадбиркорларни кенг қўллаб-қувватлаш, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган аҳолини ишга жойлаштириш ва фаровонлигини ошириш бўйича вазифалар ижросини Президентнинг шахсан ўзи қатъий назоратга олишини таъкидлади.
Тадбирда келаси ҳафтада бўладиган расмий тадбир ҳақида ҳам маълум қилинди. Жумладан, 13-14 апрель кунлари мамлакатимизга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линденинг ташрифи кутилмоқда.
– Мамлакатимиз ушбу муҳим минтақавий ташкилот билан ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилади, – деди Шерзод Асадов. – Ўзбекистон, шунингдек, Швеция билан барча соҳаларда конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Бу алоқалар сўнгги йилларда фаоллашиб, ўтган йил ноябрда ва бу йил февралда сиёсий масҳалаҳатлашувлар ўтказилди. Анн Кристин Линденинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради.
Линде хоним Президент томонидан қабул қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, келаётган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Президентининг Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан видеомулоқоти режалаштирилган.
Брифинг сўнгида Президент матбуот хизматининг ОАВ билан самарали ҳамкорлигини йўлга қўйишга киришилгани қайд этилди. Шу муносабат билан, пресс-пуллга Ўзбекистонда фаолият юритаётган қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.
Матназар Элмуродов, ЎзА