Юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун барча шароитлар бор. Ҳаракат қилган одам борки, ўз мақсадига эришяпти.
Афсуски, баъзи бир “уддабуронлар” қонунларни четлаб ўтиб, мўмай даромад олишни кўзламоқда. Фарғоналик А.Аминжонов, Р.Раҳматов, Б.Имяминов, А.Одилжонов, И.Раҳимов, Т.Аҳмедовлар ана шундайлардан. Четдан товар олиб киришнинг тартиби бор. Аммо бу йигитлар бошқа йўлни танлашди. Улар Қувасой шаҳри Полмон қишлоғининг Қирғизистон билан чегарадош «ўзбек-қирғиз» давлат чегаралари сим тўсиқлари орқали Ўзбекистонга уяли телефон аппаратларни божхона назоратини четлаб, айланма йўллар билан олиб ўтиш бўйича режа тузади. Уларга бу ишда қирғизистонлик “Банноп” ва бошқа номаълум шахслар яқиндан ёрдам берган.
2020 йил 20 май куни соат 08:45 ларда Р.Раҳматов гуруҳ аъзолари А.Одилжонов, И.Раҳимов ва Б.Имяминовни бошқарувидаги автотранспорт воситасида товарлар ўтказиладиган «ўзбек-қирғиз» давлати чегара сим тўсиқлари яқинига олиб келиб, гуруҳ раҳбари А.Аминжоновга шу ҳақда хабар берган. Орадан 10 дақиқа ўтиб, А.Аминжонов жиноий шериги «Банноп»дан қопларда товарлар «ўзбек-қирғиз» давлатлари чегара сим тўсиқларидан ўтказилгани ҳақида телефон орқали хабарни олади.
Гуруҳнинг ҳар бир аъзосини ўз вазифаси бор эди. Кимдир ҳарбий хизматчилар ёки бошқаларнинг шубҳали ҳаракатларини кузатиб турган. А.Одилжонов ва И.Раҳимов чегара сим тўсиқлари остидаги ерда бўлган қопларга солинган уяли телефон аппаратларини олиб, автотранспорт воситасига юклаган. Қолган қопларни ҳам олиб кетаётган чоғида чегара нарядини ўтаётган ҳарбий хизматчи чиқиб, уларни қўлга олиш чорасини кўрган.
Бироқ А.Одилжонов ва И.Раҳимовлар қопдаги уяли телефон аппаратларини воқеа жойида қолдириб, қочиб кетишган. Р.Раҳматов эса ҳарбий хизматчининг кўрсатмасига асосан ерга ётган. Шу пайт чегара сим тўсиқлари томондан тергов ва судда аниқланмаган номаълум шахслар томонидан ҳарбий хизматчига тош отиб, кетмон сопи билан урилган. Р.Раҳматов пайтдан фойдаланиб автотранспорт воситасини қолдириб воқеа жойидан қочиб кетган. Шу орада А.Аминжонов воқеа жойига келиб, бир дона қопдаги телефон аппаратларини автомашинага ортиб, унга ўтириб воқеа жойидан қочмоқчи бўлган. Ҳарбий хизматчи огоҳлантирувчи қуроли билан уни тўхтатиш учун бошқарувидаги автотранспорт воситаси ҳайдовчи ўриндиғи ён ойнасига зарба берганида қуроли автотранспорт воситаси салони ичига тушиб қолади. А.Аминжонов автамашинани миниб, воқеа жойидан қочиб кетган ва огоҳлантирувчи қуролини воқеа жойидан узоқ бўлмаган дала ҳудудга улоқтириб юборади. Кўрилган тезкор чоралари уларнинг қилмишларини фош этилди.
Воқеа жойи кўздан кечирилганда чегара сим тўсиқлари тагида 1 дона қопда 69 дона «Samsung galaxy A10s» телефон аппарати, ён атрофдан 1 дона хўжалик кетмони, 100 метр узоқликда ҳарбий хизматчига бириктирилган 1 дона огоҳлантирувчи қурол ашёвий далил тариқасида олинган. Т.Аҳмедовнинг Марғилон шаҳридаги уйи сақланаётган 180 дона «Samsung galaxy A10s» телефон аппарати ихтиёрий тақдим этилди.
А.Аминжонов ва бошқалар томонидан Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтказилган 249 дона «Samsung galaxy A10s» маркали уяли телефон аппаратларни умумий қиймати 268 миллион 920 минг сўм, яъни жуда кўп миқдорни ташкил қилган.
Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилди, судланувчиларга тегишли жазо тайинланди. Ашёвий далил- 249 дона телефон аппарати давлат эгалигига ўтказилди.
М.Сулаймонов, ЎзА