Қорақалпоғистондаги мактабларда сув-экологик дарслари ўтказилди

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан амалга оширилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ва Нукус туманининг 4 та умумтаълим мактабида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда экологик дарслар ўтказилди. Эко-дарслар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Халқ таълими вазирлиги кўмаги ва иштироки остида ташкил этилди.

– UzWaterAware лойиҳаси доирасида ўтган йил ноябрь ойидан буён бутун Ўзбекистон бўйлаб мактабларда “Сувни эъзозланг” шиори ва хэштеги остида экологик дарслар ўтказиб келмоқдамиз, – дейди МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори Шаҳноза Умарова. – Бундан мақсад ўқувчиларда иқлим ўзгариши шароитида сувдан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг аҳамияти тўғрисида эътиборини жалб қилиш ва хабардорлигини ошириш.Ҳар бир тадбир доирасида UzWaterAware лойиҳаси сув ресурслари чекланган ҳудудларда “Covid –19” нинг олдини олиш мавзусига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳимоя ниқоблари ва антисептик воситалардан ташқари иштирокчиларга ҳар хил эслатма буклетлари берилди.Болаларнинг барчаси лойиҳанинг совғаларини, жумладан, Болаларга сув ҳақида иллюстрацияланган китобларини қабул қилиб олишди. Айнан шу китоблар сув ва сувдан оқилона фойдаланиш ҳақидаги ўзига хос йўриқнома тариқасида катта синф ўқувчиларига сувни асраш ва эъзозлашнинг аҳамияти ҳақида эко-дарсда олинган билимларни қариндошлар ва дўстлар ўртасида тарқатиш имконини беради.

Эътиборли жиҳати сувдан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги китоб ҳамда COVID-19 инфекциясидан ҳимояланиш бўйича кўрсатма буклети қорақалпоқ тилида ҳам тайёрланган.

Мазкур китоб Ўзбекистондаги ягона экологик журнали «Родничок» (ўзбекча «Булоқча») ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳамкорлигида тайёрланган.

Болалар учун қулай бўлган тилда, ранг-баранг шаклдаги китоб дунё сув захиралари, Ўзбекистоннинг асосий сув йўллари ҳақида маълумот беради. «Виртуал сув» нима эканлигини, сувни тежайдиган технологиялар ҳақида ҳикоя қилади, шунингдек, китобда кўплаб қизиқарли маълумотлар, сув билан тажрибалар, топишмоқлар, кроссвордлар ва бошқалар мавжуд.

Мазкур китобнинг ўзбек ва рус тилларидаги ҳаволалари мавжуд.

photo_2020-10-05_11-29-48.jpg

Лойиҳа томонидан тайёрланган видеороликларда сувни қандай асраш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича тушунчалар берилган. Болалар мазкур анимацион ролик қаҳрамонлари Ҳасан ва Ҳусаннинг уйига ташриф буюриб, улар билан биргаликда ҳар куни уй эҳтиёжлари ҳамда истеъмол моллари ишлаб чиқариш учун қанча сув сарф этилишини кузатиши мумкин. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги учун қанча сув сарф этилади ва ушбу йўқотишларни қандай қилиб камайтириш мумкинлигини билиб олади.

Қорақалпоғистон Амударёнинг қуйи қисмида жойлашганлиги боис сув танқислиги муаммосидан кўпроқ азият чекади. Биргина Орол денгизининг ҳалокатли оқибатлари минтақада яшовчи аҳолига сувнинг қанчалик муҳим эканлигини кўрсатди. Лекин, минтақада асосий тирикчилик деҳқончилик бўлганлиги боис сув ресурсларининг асосий, аммо ҳар доим ҳам тежамкор бўлмаган истеъмолчиси – қишлоқ хўжалиги соҳаси анча фаол ривожлантирилмоқда. Шу сабабли қишлоқ хўжалигида сув ресурсларига оқилона ёндашув мавзусига бағишланган ёрқин ва қабул қилиниши осон бўлган анимацион роликлар болаларда катта қизиқиш уйғотди.

– Қорақалпоғистонда деҳқончилик учун сувнинг қадрни баланд. Биз лойиҳа доирасида амалга ошираётган ҳаракатларимиз орқали аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни барқарор ривожлантириш бўйича хабардорлик ва шерикликни оширишни мақсад қилганмиз, – дейди МОМЭМнинг PR-эксперти Резида Эрдман.

photo_2020-10-05_11-29-49.jpg

2018 йил май ойида мазкур лойиҳа асосида ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари журналистлари учун Оролбўйи ва Орол денгизига ахборот-намойиш медиа-тури ўтказилган эди. Ушбу тадбирда 35 киши, жумладан, Ўзбекистоннинг турли оммавий ахборот воситалари вакиллари (босма ва интернет нашрлари, телевидение, блоггерлар), Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги вакиллари, шунингдек Ўзгидромет мутахассислари иштирок этди.

2019 йил декабрь ойида эса Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги 9-мактабнинг катта синф ўқувчилари UzWaterAware лойиҳасининг очиқ эко-дарси иштирокчиларига айланди.

Эслатиб ўтамиз, UzWaterAwаre лойиҳаси МОМЭМ томонидан Европа Иттифоқи кўмагида 2016 йилдан буён амалга оширилиб келинмоқда. Лойиҳанинг миллий ҳамкори – Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА