«Вестника Кавказа» интернет нашрида Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигига келгандан сўнг Ўзбекистонда юз бераётган улкан ўзгаришлар, сиёсий модернизация, иқтисодиётни либераллаштириш, жаҳон ҳамжамияти билан муносабатлардаги очиқлик, минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик тамойиллари ҳақида мақола чоп этилди.
Қуйида ушбу мақола билан танишишингиз мумкин.
4 йил олдин Ўзбекистонни 27 йил бошқарган Ислом Каримовнинг вафоти ҳокимиятнинг бошқа қўлга ўтиши натижасида мамлакатда содир бўладиган турли ўзгаришлар ҳақидаги миш-миш ва тахминларни келтириб чиқарди. Бинобарин, ижтимоий нотинчлик ва сиёсий тўқнашувлар юзага келишидан хавотирланиш мавжуд бўлишига қарамай, айни жараён бир текис юз берди, янги Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари эса давлатни янги босқичга олиб чиқди.
Фақат пахта билан эмас…
Мирзиёев Президентликнинг дастлабки кунлариданоқ ислоҳотлар ва ошкоралик йўлидан борди. 2017 йилда мамлакатни ривожлантиришнинг беш йиллик стратегияси тасдиқланди, ушбу ҳужжат доирасида бизнесни либераллаштириш ва турли секторларни ривожлантириш учун хорижий инвестиция жалб қилишга алоҳида урғу берилди. Илгари Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда пахта ёдга келарди, ҳозир бундай эмас. Бугунги кунда Ўзбекистон 42 мамлакатга маҳсулот экспорт қилади, 2019 йилдан бошлаб янги 59 турдаги маҳсулот четга чиқарила бошланди.
2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида агробизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш дастури амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги майдонларидан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва етиштирилаётган экинларни диверсификация қилиш имконини берадиган кластер тизими ташкил этилди. Ўзбекистон россиялик ва хитойлик ҳамкасблари билан қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида илмий-тадқиқотлар базасини яратмоқда, халқаро ташкилотлар эса Ўзбекистон ҳукумати дастурларини амалга ошириш учун кредитлар ажратмоқда.
Ўзбекистон аграр секторни қайта қуришдан ташқари, олтин қазиб олиш бўйича дунёдаги етакчи мамлакатга айланиш ниятида. Ҳукумат тармоқни ривожлантириш мақсадида хорижий компанияларни жалб қилмоқда, кейинги беш йил ичида олтин захирасини 18,75 миллиард доллар қийматга тенг 474 тоннага оширишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон рақамли иқтисодиётга ўта бошлади. 2018 йилдан бошлаб мамлакатда блокчейн технологияси ривожланмоқда. Шунингдек, сармоядорларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида “Digital Trust” жамғармаси ташкил этилди. 2020 йил январь ойида Жанубий Кореянинг “Kobea Group” компанияси Ўзбекистонда Марказий Осиё минтақасидаги илк криптобиржа – “Uznex”ни очди. Ҳозирги кунда мамлакатда крипто-айланма солиқдан озод этилган.
Чегараларнинг очилиши
Тўрт йил илгари Ўзбекистон дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири эди. 2017 йил апрелдан мамлакатга бир ойгача муддатга келадиган Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартибини бекор қилди. 2019 йил февраль ойида бу рўйхатга яна 45 мамлакат қўшилди, айни дамда 39 давлат фуқаролари учун сайёҳлик визаларини расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, шунингдек, электрон визалар ҳам жорий этилди. Яқин-яқинларгача амалда деярли чет элга чиқиши чекланган Ўзбекистон фуқаролари 2020 йилдан бошлаб дунёнинг 58 мамлакатига олдиндан расмийлаштириладиган визасиз йўл олмоқда.
Ўзбекистон виза режимини либераллаштириш орқали мамлакатнинг фаол ҳордиқ турлари билан бирга маданий-маърифий хусусиятга эга саёҳат турларини ҳам ўз ичига олган истиқболли сайёҳлик тармоғини ривожлантиришга интилмоқда. Виза билан боғлиқ ислоҳотлар самараси ўлароқ, сайёҳлар сони 2005 йилдаги 240 минг нафардан 2019 йилда 6,7 миллион нафарга етди. Виза олиш тортиби соддалаштиришдан ташқари, ҳукумат транспорт инфратузилмасини яхшилаш, туризмнинг айрим турларини ривожлантириш, соҳага хорижий инвестиция жалб қилиш билан ҳам фаол шуғулланмоқда.
Самимий Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда яхши қўшничилик тамойилига таянмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари билан хавфсизлик, инвестициялар, маданият ва экология каби соҳаларда алоқалар ривожланмоқда. 2019 йил якунларига кўра, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан товар айланмаси ҳажми 5,2 миллиард долларга етди. Қирғизистон ва Тожикистон билан давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари ҳал қилинди, сув ва транспорт йўлакларидан фойдаланиш муаммолари ижобий ечим топмоқда.
Шунингдек, Росссия билан муносабатлар ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди – турли секторларда миллиардлаб қийматга эга шартномалар имзоланди. Парламентлараро мулоқот йўлга қўйилди, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда. Россия мамлакатнинг энг йирик инвестициявий шерикларидан бирига айланди.
Ўзбекистонда ўтган тўрт йил мобайнида юз берган ўзгаришлар халқаро ҳамжамиятда ҳам иқтисодиётни либераллаштириш, ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасида юз бераётган ижобий ўзгаришлар нуқтаи назаридан эътироф этилмоқда. 2019 йилда “The Economist” журнали Ўзбекистонни кўзланган ислоҳотлар амалга оширилиши бўйича “Йил мамлакати” деб тан олди, 2020 йил эса ушбу мамлакат “Бозорнинг ривожланганлиги”, “Инфратузилма”, “Инсон капитали ва тадқиқотлар” каби мезонлар бўйича ўз натижаларини яхшилаган ҳолда, 2016 йилдан буён илк маротаба ”Глобал инновацион индекс”га кирди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг сўзларига кўра, 2035 йилда Ўзбекистон дунёнинг иқтисодий тараққий этган 50 та мамлакати қаторига кириши мумкин.
Екатерина Винник,
«Вестника Кавказа»
ЎзА