«Биз сиз учун ишдамиз, сиз биз учун уйда қолинг!» Бугун Ўзбекистонда ана шу шиор остида кунларни тунларга улаб меҳнат қилаётган заҳматкаш соҳа вакиллари орасида матбуотчиларимиз ҳам бор!
Хўш, улар сешанба тонгида газетхонлар билан нималарни баҳам кўришган?
Шарҳимизни “Халқ сўзи” газетасидан олинган қуйидаги иқтибос билан бошлаймиз:
«АҚШнинг Алабама штатида жойлашган Энтерпрайз шаҳрида узун бурунли пахта қўнғизи шарафига ўрнатилган антиқа ёдкорлик мавжуд. Ажабланманг! Ҳа, айнан қўнғиз шарафига тикланган ҳайкал! Мана, 100 йилдирки, у маҳаллий аҳолининг шукроналик рамзи сифатида қадрлаб келинади.
Аслида бу воқеанинг тарихи қизиқ. XIX асрда Алабама штатида пахта етиштириш маҳаллий фермерларнинг асосий даромад манбаи бўлган. Бироқ ўша аср охирларида штат ҳудудига Мексика томонлардан узун бурунли қўнғиз – пахта зараркунандаси ёпирилиб киради… Бу ҳашаротга қарши курашишда турли кимёвий воситалар ҳам кор қилмайди… Шу тариқа XX аср бошларида фермерлар инқироз ёқасига келиб қолади. Ана шундай мураккаб вазиятда маҳаллий ер эгаларидан бири банкирлар тавсиясига амал қилиб, пахта майдонлари ўрнига ерёнғоқ экади. Қарангки, бу катта таваккалчилик ўзини оқлайди. Фермер шу йилнинг ўзида ерёнғоқдан 8000 бушел (1 бушел тахминан 38,671 килограмм) ҳосил олади. Бунинг ҳисобидан мулкдор қарзларидан қутилибгина қолмай, мўмай даромад ҳам кўради. Шу-шу, бошқа фермерлар ҳам пахта ўрнига оммавий равишда ерёнғоқ эка бошлайдилар. Натижада ер эгаларининг бойлигига бойлик қўшилаверади. Омилкорлик ортидан “косаси оқараётган” маҳаллий фермерлар узун бурунли пахта қўнғизига миннатдорлик рамзи сифатида 1919 йилда Энтерпрайз шаҳарчасида монумент ўрнатадилар… Хўш, кўсак қуртининг Ўзбекистондаги саноат сиёсатига қандай алоқаси бор? Бу савол жавобини «Ўзбекистонда саноатлаштириш сиёсати: глобал инқироз шароитида қандай амалга оширилмоқда?» сарлавҳали мақолада ўқийсиз.
«Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган академик Шавкат Аюповнинг таҳлилий материалида яна бир шундай долзарб мавзу қаламга олинган:
«Муҳандис математикани билмаса, у муҳандис бўла олмайди, – деб ёзади муаллиф. – Илгари техника ўқув юртларида математика тўрт семестр – икки йил мукаммал ўқитиларди. «Бу оғир фан, ўқитишни мураккаблаштирмайлик», дея дарс соатлари камайтирилиб, шу даражага келдики, кўп соҳаларда талабалар бу фанни яхши ўзлаштира олмайдиган бўлиб қолди. Математикани яхши билмаган одам етук муҳандис ёки иқтисодчи бўла олмайди. Шунинг учун олий таълим вазирлигига математикани ўқитиш соатларини қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди…»
…Қарши туманидаги Алишер Навоий номидаги маҳалла ҳудудида тажриба тарзида “Атиргул” иссиқхонаси ташкил этилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,7 миллион АҚШ долларига тенг. Ҳозир бу ерда 1,3 гектар ерда 5 турдаги Нидерландия атиргули етиштириляпти. Иссиқхона эгаси тадбиркор Қудрат Тошев пандемия шароитида жасорат намунасини кўрсатаётган экан. Хусусан, у беш мингдан ортиқ тиббиёт ходимларига бу йил етиштирилган атиргуллардан совға қилибди. “Народное слово” газетасида эълон қилинган Ойбек Болтабоевнинг “В оранжерее заблагоухали голландские розы” (“Оранжереяда голланд атиргулларининг хушбуй ифори”) сарлавҳали материалда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Қашқадарё вилоятига сафари ҳақида сўз боради.
«Правда востока» газетасида босилган «Начинающие инженеры из Ўзбекистана создали прототип аппарата ИВЛ» сарлавҳали материалда эса Тошкентдаги Турин политехника университетида рўёбга чиқарилган янги инновацион лойиҳа тафсилотлари келтирилган. Унда таъкидланишича, ҳозир кўпчилик юртдошларимиз коронавирус туфайли шифохоналарда ўпка етишмовчилигидан азият чекмоқда. Уларга кўмак бериш мақсадида ёш тадқиқотчиларимиз сунъий нафас олиш қурилмасининг муқобилини яратишди. Тўғри, бундай қурилмалар ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилади. Аммо нархи ниҳоятда қиммат – 14-15 минг доллар атрофида. Ўзбекистонлик муҳандислар яратган технология баҳоси эса бор-йўғи 100-200 доллар…
“Ишонч” газетасида берилган Фахриддин Солиҳовнинг “Йўл қурмоқ – савоб, бузиш-чи?..” номли мақоласида йўл қурилиши соҳасидаги мавжуд муаммолар, ўрганишлар чоғида аниқланган ҳуқуқбузарликлар, йўллардаги ноқонуний қазишлар, миллиардлаб сўм сарфи ҳақида сўз боради.
“Поездга алмаштирилмайдиган ҳасса” номли мақолада эса яхшилик, саховат ҳамда эзгулик улашиш, эҳтиёжманд инсонлар кўнглини шод этишнинг нечоғли катта қаҳрамонлик экани қаламга олинган. Буни муаллиф Нормурод Мусомов иштихонлик танти тадбиркорнинг саховати мисолида баён этади.
Устоз журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Яна ўша… Канизак ҳақида” сарлавҳали мақоласи тарихий манбалар асосида ўтмишни қайта идрок этиш, номи қора қилинган шахслар ҳаётига ҳаққоний назар солишга ундайди.
«O’zbekiston bunyodkori» газетаси Сўх туманидаги мавжуд муаммолар таҳлили ва улар ечими доирасида амалга оширилаётган ишларга саҳифаларида кенг ўрин ажратган. Мазкур мақолада ёзилишича, тумандаги катта муаммолардан бири ишсизликдир. Бу ернинг 31 фоиз аҳолиси асосан хорижий давлатларда мигрант бўлиб ишлайди. Коронавирус пандемияси туфайли 14 мингга яқин киши ишсиз қолган. Бугун уларнинг бандлигини таъминлаш, даромад топишига кўмаклашиш бўйича иш олиб бориляпти…
* * *
Янги рукн ва мақола ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.