Бўзатов тумани ёшларини қандай муаммолар қийнамоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов ёшлар фаолияти ва қизиқишлари билан танишиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ёшлар билан учрашувда таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонни албатта ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан чорвачиликка ихтисослашган Бўзатов туманининг қайта ташкил этилиши аҳолига, айниқса, ёшларга қувонч бағишлади. Бугунги куни Оролбўйининг барча ҳудудлари сингари мазкур туманда ҳам қатор ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бўзатов тумани Кенгашининг ташкил этилиши ёшлар ҳаётидаги унутилмас воқеаларнинг бири бўлди.
photo_2020-06-11_16-47-03.jpg
photo_2020-06-11_16-47-06.jpg
Бугунги кунда туман марказида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шу жумладан, «Боз-тех» масъулияти чекланган жамиятининг ташкил этилиши билан кўплаб ёшларнинг бандлиги таъминланди. Йилига 1,5 миллион дона, яъни 2 миллиард 250 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада бугунги кунда 90 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Элликқалъа туманидаги «Жайҳун барака чеварлари» масъулияти чекланган жамиятининг уч нафар ходими ёшларга устoзлик қилмоқда.
– Ёшларнинг тикувчилик касбига бўлган қизиқиши кучли, – дейди «Жайҳун барака чеварлари» масъулияти чекланган жамияти ходими Шаҳноза Жуманиязова. – Ҳамкасбларим Ирода Абдуллаева, Робия Сабурова билан биргаликда қизларга тикиш ва бичиш сирларини ўргатяпмиз.
Мутахассислар таъкидлаганидек, энг замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхона маҳсулотларига нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам қизиқиш катта. Бугунги кунда Россия Федерациясининг қатор шаҳарлари билан экспорт шартномалари имзоланган.
«Бўзатов» шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидан 5 гектар ер майдонида «Ёшлар боғи» ташкил этилди. Бу ерда 5 минг туп мевали дарахт кўчати ва полиз маҳсулотлари экилди. «Фидойи ёшлар» гуруҳига жамланган 30 нафар ёш иш билан таъминланди. Шунингдек, туманда 300 дона иссиқхона қурилган бўлса, шундан ўттизтаси ишсиз ёшларга берилди. Шулардан бири Улзода Жуманазарованинг иссиқхонасида айни чоғда 100 килограммдан зиёд помидор етиштирилиб, аҳолига арзон нархда сотилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ташкил этилган «Мўйноқ келажак бунёдкорлари» масъулияти чекланган жамиятига 500 гектар ер майдони ажратилган.
photo_2020-06-11_16-47-05.jpg
photo_2020-06-11_16-47-08.jpg
— Жорий йилда 168 гектар майдонда 40 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бўзатов тумани кенгаши раиси Низаматдин Тўремуратов. – Шундан 118 гектарига маккажўхори, 50 гектарига беда экилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Яқин кунларда туманда Ёшлар маркази, 800 ўринли Амфитеатр, 1000 ўринли замонавий футбол ўйингоҳи фойдаланишга топширилади. Ёшлар марказида инглиз тили, компьютер технологиялари ва рақс тўгаракларини ташкил этиш режалаштирилган.
photo_2020-06-11_16-47-10.jpg
Тадбирда, туман ёшларининг бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан бир қаторда келгусидаги режалар ҳам белгиланди. Жумладан, «Бунёдкор ёшлар» отрядларини ташкил этиш, «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дастури доирасида ёшларга имтиёзли кредит маблағларини ажратиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича Мўйноқ ёшларининг тажрибасини оммалаштириш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Ўз навбатида ёшлар ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирди ва улар бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов иштирок этди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар,ЎзА