Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Давлет Тўлибоев бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашди ва уларнинг муаммоларини ўрганди.
Учрашувда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, кичик тадбиркорлик субъектларининг жорий йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод қилиниши, товарлар импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича 120 кун муддатгача кечиктириш ҳуқуқи берилганлиги ва бошқа имтиёзлар бунинг яққол исботидир. Шунинг билан бир қаторда, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 16 та ҳужжат қабул қилинганлиги, лекин жойларда ушбу қарорлар ижросини ташкил этиш оқсаётгани, яратилаётган шароит ва имтиёзларнинг фуқаролар ва тадбиркорларга манзилли етказилмаётганлиги қайд этилган эди.
Учрашувда 12 нафар тадбиркор ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этиб, муаммоларининг аксарияти шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Жумладан, Қонликўл шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи тадбиркор Ниетбой Убайдуллаевга тегишли «Голд Қонликўл» овқатланиш шохобчаси айрим сабаблар билан вақтинча тўхтаб қолган эди. Унинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, банк томонидан имтиёзли кредит маблағи ажратиладиган бўлди. Тадбирда ҳар бир тадбиркорнинг мурожаати ўрганилиб, уларнинг ечими тегишли соҳа мутахассислари томонидан назоратга олинди.
Туман ҳокими раҳбарлигида мутасаддилар жойларда тадбиркорларнинг муаммолари билан танишди. «Бўстон» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Жўллибек Тўремуратов бундан икки йил аввал очиқ тендер савдосида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасини қуриш учун Қонликўл шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидан ер участкасини ютиб олди. Аммо, ушбу ҳудудда «Камилахон текстиль» масъулияти чекланган жамиятига тегишли электр трансформатор жойлашганлиги сабабли қурилиш ишларини шу кунга қадар бошлай олмаётган эди. Туман ҳокими тадбиркорнинг муаммоси билан жойида танишди ва электр трансформатор хавфсиз ҳудудга кўчириладиган бўлди.
Мамлакатимизда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мана шундай имкониятлардан фойдаланган Жўлмирза Сейтеков дереза- эшик ишлаб чиқарадиган «Жўлмирза Сейтеков» хусусий корхонасини ташкил этди ва 3 та иш ўрни яратди. Ёш тадбиркор корхона фаолиятини кенгайтириш, мебель ва бошқа цехлар очиш мақсадида ер участкасини ажратишни сўраб, туман ҳокимига мурожаат қилди. Фаолияти билан танишган туман мутасаддилари яқин кунларда унга ер участкаси ажратиб бериладиган бўлди.
–Ҳозирги синовли кунларга қарамасдан тадбиркорларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирамиз, –дейди тадбиркор Жўллибек Тўремуратов. –Икки йилдан буён қийнаб келаётган муаммо бугун ижобий ҳал этилиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобча қурилишини бошлайдиган бўлдим.
Дарҳақиқат, «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак». Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, шу орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларни бугунги кундан рози бўлиб яшашлари учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА