✅ ЭСКАЛАТОР. “Сабъаи сайёр” достонида Зайд ҳақидаги ҳикоя келтирилади. Зайдга подшоҳ тахт ясашни буюради. Подшоҳ тахтнинг биринчи зинасига оёқ қўйса, зинанинг ўзи уни тахтга олиб чиқиб қўяди.
✅ ТЕЛЕВИЗОР. “Фарҳод ва Ширин” достонида “жоми Жамшид” ҳақида гап боради. У тўрт юздан ортиқ олим томонидан кашф қилинган бўлиб, инсонга хоҳлаган одамини истаган вақтда кўрсата олган.
✅ РОБОТЛАР. Фарҳод Юнонистонга сафар қилганда у енгиши керак бўлган тўсиқлардан бири темир одамлар эди. Темир одамларнинг ўртасида энг кучлисининг кўксида кўзгу бўлиб, Фарҳод ёйи билан ана шу кўзгуни нишонга олиши керак. Агар у нишонга тўғри урса, марказдаги темир одамнинг атрофидаги юзтаси ҳам у билан бирга йиқилади.
✅ ОЛОВГА ҚАРШИ МАХСУС ЁҒ. Достонда Фарҳод учун яна бир мушкул вазифа – оғзидан ўт сочувчи даҳшатли дев Аҳриманни енгиш эди. Донишманд Суҳайло бутун умри давомида тоғдаги гиёҳлардан оловга қарши ёғ йиғади. Фарҳод Аҳриман билан жангга чиқишидан аввал ўзининг ва отининг танасига ана шу ёғни суради. Натижада олов унга таъсир қилмайди. Бугунги кунда биз филмларда ёнаётган ҳолатда югураётган актёрларни кўрамиз. Актёрлар танасига махсус ёғ суриб олишгани учун уларга олов ҳеч қандай таъсир қилмайди.
✅ ТЕЛЕСКОП. Фанда телескоп XVII асрда Галилео Галилей томонидан кашф этилган. Навоий достонида эса у – ердан осмонни кузатувчи қурилма эмас, осмондан ерни кузатувчи қурилма – нуж сифатида тасвирланган.
ЎзА