1 декабрь – қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳамда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Она тилим – жону дилим” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирни ҳарбий округнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бўлими бошлиғи майор Лочинбек Расулов очиб берди. Шундан кейин Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси адабий консультанти Амирлан Сейдин қорақалпоқ халқининг келиб чиқиш тарихи ва тили тўғрисида маъруза билан иштирок этиб, қорақалпоқ тилида ижод қилган шоиру ёзувчиларнинг асарларидан парчалар ўқиб берди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг бир гуруҳ талабалари томонидан тайёрланган шеърий чиқишлар, Нукус шаҳридаги 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби халқ чолғуларининг камер оркестри жамоаси томонидан ўзбек, қорақалпоқ ва жаҳон миллий куй ва қўшиқлари томошабинлар диққатига ҳавола этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ўзининг бой тарихи, миллий маданияти ва санъати, шунингдек, ўз она тилини узоқ асрлар давомида сақлаб қолган халқлар қаторига киради. 1989 йил, бундан роппа-роса 30 йил муқаддам қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилиб, ҳар йили 1 декабрь санаси кенг нишонланиб келинади. Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, муддатли ҳарбий хизматчилар иштирокида бўлиб ўтган ушбу тадбир қорақалпоқ тилига нисбатан билдирилган юксак эҳтиромнинг намунаси бўлди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати
ЎзА