2019 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил май ойида мамлакатимизда ўтказилган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови якунларига бағишланган мажлиси видеоселектор шаклида бўлиб ўтди.
Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Мажлисда Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси аъзолари, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг масъул ходимлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва унинг ҳудудий бўлимлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, республикамиз миқёсида юқори ташкилий савияда ўтказилган ушбу муҳим сиёсий тадбир мамлакатимизда демократия асосларини янада мустаҳкамлаш, изчил ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Бу сафарги фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови жамиятни янада ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш шароитида бўлиб ўтди. Жумладан, 2018 йилнинг октябрида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) уч йил муддатга сайланиши, яширин овоз бериш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг ваколатлари, фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши лозимлиги каби янги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди. Сайлов жараёни айнан шу қоидаларга мувофиқ ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи тамойиллари асосида ўтказилганлиги мажлисда алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча зарур шароитларни таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги қарори билан Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилди, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра, Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар бу йўналишдаги кенг кўламли чора-тадбирларни самарали мувофиқлаштириб борди. Жами 9093 та ишчи гуруҳ ҳар бир маҳаллада сайловни намунали ташкил этиш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатди. Бунда, аввало, фуқароларнинг сайлаш ва сайланишга оид конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз рўёбга чиқарилишига алоҳида аҳамият берилди.
Республика комиссияси томонидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий, туман ва шаҳарлар комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳлар аъзолари учун соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини тушунтириш бўйича семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Шу билан бир қаторда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид ҳужжатлар тўплами ва бошқа ҳуқуқий адабиётларнинг жойларга ўз вақтида етказиб берилгани қонунийликнинг тўлиқ таъминланишига хизмат қилди.
Шунингдек, қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистлар учун ҳудудий семинар-тренинглар ўтказилди.
Бўлиб ўтган сайлов якунлари ҳақида сўз юритилар экан, мажлис иштирокчилари томонидан унда 9093 та фуқаролар йиғинида мамлакатимиздаги овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг вакили сифатида 2 миллион 58 мингдан ортиқ киши ва 22264 нафар тавсия этилган номзод бевосита қатнашганлиги қайд этилди. Шунда бир маҳалла раислигига ўртача 2,4 нафардан номзод тўғри келганлиги сайловнинг муқобил асосда ўтказилганлигидан далолат беради.
Ҳамюртларимиз маҳаллага бош бўлишдек масъулиятли ишни кимга ишониб топшириш масаласига бу галги сайловларда ҳар қачонгидан ҳам жиддийроқ ёндашди. Бу эса сайланган раисларнинг сифат таркиби ҳам юксалди, деган сўздир. Натижада 9093 нафар оқсоқол сайланиб, уларнинг 6208 нафари ушбу лавозимларга биринчи марта сайланган, 57,6 фоизи олий маълумотга эга. Сайланган раисларнинг 11,2 фоизи хотин-қизлар, 164 нафари маҳаллий Кенгашлар депутатларидир.
Бўлиб ўтган сайловнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, маҳалла оқсоқоллигига бу гал кўпроқ касби бўйича ўқитувчи бўлган инсонлар сайланди. Бу эса халқимизнинг устоз-мураббийларга эҳтироми баланд эканлигини, ўз фарзандларига билим ва тарбия берган инсонларга маҳалла оқсоқоли бўлишдек масъулиятли ишни ишониб топширишга тайёрлигини билдиради. Бу ҳам бўлса юртимизда педагог кадрларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги уларга бўлган муносабатни тубдан яхшилаш борасида қўйилаётган қадамларнинг яна бир самараси, деб баҳолаш мумкин.
Сайловнинг демократик принциплар асосида ўтказилишини таъминлаш – ишчи гуруҳлар ва, умуман, жараёнга алоқадор барча тузилмаларнинг асосий вазифаси бўлди. Уни амалга оширишда муҳим сиёсий воқеликнинг барча босқичларини кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар ҳузурида тузилган ахборот хизматлари самарали иш олиб борди. Бунинг натижасида марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида 15 мингдан ортиқ материал эълон қилинди. Хусусан, телерадиоканаллар эфирида 6,5 мингга яқин, газета ва журналларда мингдан ортиқ, интернет нашрларида 7,6 мингта материал жойлаштирилган.
Таъкидланганидек, сайлов жараёнида тегишли қонун ҳужжатлари жиддий бузилган ҳолатлар қайд этилмади.
Мажлисда фуқаролар йиғинлари раисларининг маҳалла институтини янада ривожлантириш, унинг жамиятдаги нуфузини ошириш, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасидаги ишларни кучайтириш бўйича долзарб вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.
Шу куннинг ўзида мазкур масалага доир брифинг видеоконференцалоқа тарзида ўтказилди.