​Ўзбекистон – ЮНЕСКО: маданий-гуманитар ҳамкорлик бардавом

Асрлар давомида кашф этилган интеллектуал бойликни, моддий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш қайғуси инсониятни ҳамиша ташвишга солиб келган. Шу мақсад йўлида қанча-қанча жамғармалар, ташкилотлар таъсис этилган, не-не ҳужжатларга имзо чекилган. Лекин минг йилда эришилган маънавий бойликни бир йилда ёки бир неча ойда кунпаякун қилиш мумкинлигини яқин тарихда ҳам кўрди одамзот.
Шу боис маънавий бойликларни асраш маърифатли дунёнинг эзгулик йўлидаги курашларидан бўлиб келган. БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО фаолияти шу мақсадга, дунё халқлари ўртасида фан, таълим, маданият соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш орқали ер юзида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, тили, дини, ирқи ва келиб чиқишидан қатъи назар, одамларга умуминсоний муносабатни таъминлашга қаратилган.
Бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган ушбу ташкилот тузилганига 73 йил бўлди. Ҳозир ЮНЕСКОга 195 давлат аъзо. Ўзбекистон 1993 йилда аъзо давлатлар қаторидан жой олган. 1996 йил Тошкентда ташкилот ваколатхонаси очилиши мамлакатимиз илм-фан соҳасидаги бор имкониятларини намоён этган ҳолда, дунё ҳамжамияти билан маданий алоқаларни ўрнатиш, моддий ва номоддий бойликларни инсоният эътиборига намойиш этиш йўлида кенг имкониятлар яратиб берди.
ЮНЕСКО 2014-2021 йилларга мўлжалланган Ўрта муддатли стратегия, 2018-2021 йилларга мўлжалланган ЮНЕСКО дастури ва бюджети, 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳукуматнинг ривожланиш Ҳаракатлар стратегияси дастурлари доирасида дунё ҳамжамияти билан инсоният яшаш тарзи, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаолиятини янада яхшилаш, барқарор ҳаётни таъминлашга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташқи сиёсатда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги фаоллашиб бормоқда.
Шу йил октябрь ойида Францияга расмий ташриф доирасида давлатимиз раҳбари ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашиб, ташкилот билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этди. Ушбу учрашув самараси ўлароқ Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги 2018-2021 йилгача мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Бу билан амалга оширилаётган ишларни янада фаоллаштиришга замин яратилди.
ЮНЕСКО билан ҳамкорликда юртимизда мунтазам равишда фан-таълим, маданият, алоқа ва ахборот соҳалари тарғиботи йўлида халқаро конференциялар, кўргазма, семинарлар, турли даражадаги тадбирлар ўтказиб келинмоқда. ЮНЕСКО Ўзбекистондаги тарихий қадамжолар, моддий ва номоддий ёдгорликларга бутунжаҳон мероси сифатида қараб, келгуси авлодга ўз аслиятини сақлаган ҳолда етказиш бўйича кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқда.
Қадим тарихга эга, илм-фан цивилизациясига улкан ҳисса қўшган юртимиз ҳудудидаги қатор моддий ва номоддий ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабздаги тарихий-меъморий обидалар ва Чотқол биосфераси шулар жумласидан. Ташкилот мамлакатимиз тегишли идоралари билан ёдгорлик ва обидаларни ўз ҳолича сақлаш борасида назорат ишларини олиб бормоқда.
Шунингдек, халқимиз маданиятининг ўлмас дурдоналаридан бўлган Бойсун маданий мероси, Наврўз, Шашмақом, Катта ашула, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ҳам инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган.
Ташкилотнинг номоддий меросни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2014 йилда ўтган 9-сессиясида фақат халқимизга хос жанр ҳисобланган аския, қўмитанинг 2016 йилдаги йиғилишида ўзбек дастурхонининг шоҳ таоми ва кўрки бўлган ош ва у билан боғлиқ удумлар ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олди. Жорий йилда Шаҳрисабз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида илк бор ўтказилган анъанавий Халқаро мақом санъати анжумани ҳамкорликдаги ишларнинг янги саҳифаси бўлди.
2016 йил ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитасининг Истанбулда ўтган 40-сессиясида Шаҳрисабз тарихий маркази Жаҳон мероси рўйхатига киритилган эди. Шаҳрисабз марказида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб боришда ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитаси билан келишилмагани туфайли ташкилот ушбу бунёдкорликларни шаҳарнинг тарихий маркази аслиятини йўқотишга сабаб бўлишини қайд этди. Қўмитанинг жорий йилда бўлиб ўтган 42-сессиясида Шаҳрисабз обидаларини рўйхатда сақлаб қолиш масаласи кўриб чиқилди ва шаҳарнинг тарихий марказини Жаҳон мероси рўйхатида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилинди.
Мана шу ҳолат боис жорий йил 9 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига кирувчи объектларни қўриқлаш тўғрисида“ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда Бутунжаҳон мероси рўйхатига кирувчи биноларни қўриқлаш хизматини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани қайд этилиб, ЮНЕСКО ҳузуридаги Бутунжаҳон мероси қўмитасининг таклифини амалга татбиқ этиш кўзда тутилган. Унинг амалиётга жорий этишда халқаро экспертларни жалб этиш режалаштирилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм салоҳияти янада ривожланаётгани натижасида халқимизнинг моддий ва номоддий ёдгорликлари жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлмоқда.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси умумтаълим мактабларида таълимга янги инновацион ўқитиш усулларини татбиқ этиш ва улардан самарали фойдаланиш, педагог кадрлар малакасини ошириш йўлида мамлакатимиз билан изчил ҳамкорлик қилмоқда.
ЮНЕСКО Ўзбекистон таълим тизимини инобатга олган ҳолда, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш истиқболлари дастури асосида йирик лойиҳалар амалга ошириб келаётир. Ўқитувчилар малака ва кўникмасини ошириш, уларнинг ахборот технологиялари, хорижий тилларни ўзлаштиришга оид билимини янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Жумладан, ташкилотнинг Очиқ таълим манбаси лойиҳаси доирасида 300 га яқин, Медиа ва ахборот саводхонлиги лойиҳаси доирасида 350 га яқин ўқитувчи, АКТ лойиҳаси доирасида 40 га яқин олий тоифали педагог билим ва кўникмасини мустаҳкамлади.
ЮНЕСКО билан ҳамкорлик кенгайиб бориши Ўзбекистоннинг фан, таълим ва маданият соҳаларида янада юксак ютуқларни қўлга киритишига, бу эса юртимизнинг дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига замин яратади.

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА