Хорижда қийин аҳволда қолган ўзбекистонликлар қайтарилмоқда

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижда қийин аҳволда қолган ҳамюртларимизни Ўзбекистонга қайтариш бўйича ишларни бошлади.
 
photo5341661572499614207.jpg
Юртдошларимизнинг 71 нафар кишидан иборат биринчи гуруҳи Москвадан Тошкентга 12 октябрь куни соат 16:55 ҳамда 22:35да “Ўзбекистон ҳаво йўллари” қатнови билан етиб келди.
Уларни аэропортда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Равшан Ибрагимов, жабрланганларнинг қариндошлари ва бошқа масъул вакиллар кутиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.
Жамғарманинг асосий вазифаларидан бири хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш давомида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағларсиз қолган, оғир моддий аҳволга учраган фуқароларга ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя, шунингдек, моддий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.
2018 йил 5-8 сентябрь Москва шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 19-Кенгашида Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органларининг хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги тахминан 1500 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтаришга кўмаклашиш ҳақидаги келишувга эришилган эди.
Таъкидланган тоифадаги шахслар – бу оғир моддий қийинчиликка учраган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга ва яшаш учун маблағга эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир.
Таъкидланган тоифадаги шахсларни қайтариш билан боғлиқ ташкилий ишлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси” ҳисобидан амалга оширилади.
Абдуазиз Ҳафизов, 
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 
Самарқанд вилояти филиали директори​​
ЎзА