Япония Африка минтақасининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Жибути давлатида хориждаги илк ҳарбий базасини қуришни режалаштирмоқда.
Расмий ахборот манбаларига асосланиб, бу ҳақда “Известия” хабар беради.
Аслида кунчиқар мамлакатнинг Жибутида кичикроқ ҳарбий пункти бор. Ушбу пунктдан Сомали қароқчиларига қарши кураш олиб борувчи денгиз ҳаво кучлари эсминецлари ва икки патрул самолётлари фойдаланиб келади. Токио ана шу пунктни ҳарбий база сифатида кенгайтиришни мўлжалламоқда. Шу мақсадда Жибутидан 12 гектар майдонни ижарага олиб, маъмурий бино, казарма ва омборхоналар қуради.
Хабарда таъкидланишича, Токионинг ушбу қарорга келишига Хитой сабаб бўлган. Кейинги вақтларда Африка минтақасига Хитойнинг таъсири кенгайиб, Шарқий Осиёни Европа билан боғлайдиган денгиз йўллари унинг назоратига ўтмоқда.
Аввалроқ, АҚШ ҳам Африка минтақасига Хитой иқтисодий ва сиёсий таъсир ўтказаётгани, хусусан Жибутида ҳарбий база очганидан хавотирга тушган эди.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА