Ватанимиз ишончли қўлларда: навбатдаги ҳарбий хизматга кузатиш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март-апрель ойларида бутун мамлакатимиз бўйлаб ёшларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Жорий йилнинг 4 март куни Нукус шаҳри марказидаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари жойлашган майдонда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни кузатишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, ДХХ Чегара қўшинлари раҳбарлари, Қуролли Кучлар таркибидаги вазирлик ва идораларнинг ҳудудий раҳбарлари, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ҳарбийларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, бир қатор ёшларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташга муносиб деб топилиб, она Ватан олдидаги фарзандлик бурчини бажариш учун кетаётгани муносабати билан табриклади.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Президентимиз – Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони томонидан мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини кучайтириш, Қуролли Кучларимизни мустаҳкамлаш, қўшинларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бошқа шу йўналишдаги масалаларга катта эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай кенг кўламли тадбирлар натижасида Миллий армиямиз халқимизни ишончли ҳимоя қилиш билан бирга, ёш авлодни мардлик, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари билан тарбиялайдиган ҳаёт мактабига айланиб, унда ҳар томонлама соғлом ёшлар камол топмоқда.
Бугунги ўзбек армияси нафақат мамлакатимиз сарҳадларини қўриқлайдиган қудратли куч, балки ёшлар учун чинакам ҳаёт мактабига, ирода ва характерни тоблайдиган жасорат масканига айланди. Бугунги сафда турган ёшлар фақат чақирилувчилар эмас. Улар интеллектуал салоҳияти, жисмоний тайёргарлиги ва маънавий етуклиги билан юзлаб тенгдошлари орасидан жиддий синовлар асосида сараланган йигитлардир.
– Ўғлимнинг ҳарбий бўлиши – оиламиз учун катта байрам. Бугун унинг устидаги ҳарбий кийимни кўриб, қанчалар катталашганини сездим. Мана, бугун иккинчи ўғлим Санжар Ватан олдидаги йигитлик бурчини бажариш учун бир йиллик ҳарбий хизматга жўнаб кетяпти. Катта ўғлим ҳам бир йил чегарада аскар бўлиб эди. Илоё омон бориб, соғ қайтсин. Юртимизда тинчлик бўлсин, барча ёшларга оқ йўл тилаймиз, – дейди ота-оналардан бири Қ.Асаматдинов.
– Мен Нукус шаҳриданман. Сафдошларим билан бирга ҳарбий хизматга кетяпман. Ватанимга содиқ бўлишга, оқ юзли, обрўли бўлиб, белгиланган бурчли вазифамни яхши бажариб қайтишга ҳаракат қиламан, дейди чақирувчилардан бири А.Жолдасбаев.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли пайти нуронийларнинг фотиҳага қўл очган пайтлари бўлди. Кексалар дуога қўл очиб юртимиз тинчлиги барқарор бўлишини, аскарларимизнинг қадами қутлуғ келиб, эсон-омон хизмат қилиб қайтишини ният қилди. Тадбир ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва ёш санъаткорларнинг ватанпарварлик ҳақидаги чиқишлари билан давом этди.

Ўтказилган тадбирда ҳарбий оркестр садолари остида Ватан ҳимоясига отланган ёшлар аскарлар сафига кузатилди. Муддатли ҳарбий хизматга кузатиш тадбирлари мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида уюшқоқлик билан давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.Ҳабибуллаев олган суратлар