Тахиатош тумани Кенгашининг навбатдан ташқари йигирма биринчи сессияси тўғрисида ахборот

24

Жорий йилнинг 4 март куни Халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгашининг навбатдан ташқари йигирма биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.

Сессияда дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига тўхталди.

Шундан сўнг сессия кун тартибидаги Тахиатош тумани ҳокимини тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.

Тахиатош тумани ҳокими лавозимига тавсия этилган номзодни туман Кенгашининг бир қатор депутатлари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.

Сессияда Исломбек Сдиков Тахиатош тумани ҳокими этиб тайинланди.

И.Сдиков меҳнат фаолияти давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича котибияти мудири, Хўжайли тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимларида самарали фаолият олиб борган.


У шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат қурилиши, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Сессия йиғилишининг кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги