Тоғ-кон саноатида сунъий интеллект ва рақамли ечимлар қандай самара бермоқда?
Тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш бугунги кунда устувор вазифалардан бирига айланмоқда.
Шунга кўра, соҳа корхоналарида инновацион ечимларни татбиқ этиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган амалий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан “McKinsey & Company” халқаро консалтинг компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган галдаги тадбирда бу борада олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазири биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова соҳани рақамлаштириш жараёнлари изчил давом этаётганини, сунъий интеллектдан фойдаланиш асосида ишлаб чиқаришдаги айрим муаммоларга самарали ечимлар топилаётганини ҳамда ахборот технологиялари тоғ-кон саноати ривожига сезиларли ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
Семинар-тренинг доирасида иштирокчиларга рақамли платформалардан фойдаланиш, маълумотларни таҳлил қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ҳамда сунъий интеллект ечимларини амалиётга татбиқ этиш бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, тадбир ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар ўртасида мулоқотни кучайтириш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун муҳим майдон вазифасини бажарди.
Тадбир якунида галдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА