Тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш масалалари муҳокама қилинди

11

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Руслан Жумамуратов Кегейли тумани кўп тармоқли поликлиникасида бўлиб, ушбу тиббиёт муассасасида кўрсатилаётган хизматлар сифати, аҳоли учун яратилган қулайликлар ҳолатини ўрганди.

Маълум қилинишича, мазкур поликлиника биноси 1986 йилда 49 мингга яқин туман аҳолисининг талабидан келиб чиқиб қурилган. Бугунги кунда туман аҳолиси сони 74 мингга яқинлашди.

Учрашувда аҳоли сонининг ўсиб бориши ва тиббий хизматларга бўлган талабнинг ортишини инобатга олиб, туман ҳудудида замонавий талабларга жавоб берадиган янги поликлиника биносини барпо этиш зарурлиги таъкидланди. Янги бино орқали аҳолини қабул қилиш қувватини ошириш, тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш, беморлар ва тиббиёт ходимлари учун янада қулай шароитлар яратиш имконияти яратилади.

Шунингдек, тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида муассасани замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, рентгенологик текширувлар ўтказиш учун рентген диагностика аппарати ва юқори аниқликда текширувларни амалга ошириш имконини берадиган магнит-резонанс томография аппарати зарурлиги таъкидланиб, ушбу ускуналарни жорий этиш аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашга хизмат қилиши қайд этилди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги