Очиқ мулоқот – ёшлар манфаатини ҳимоя қилишдаги муҳим қадам

18

 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшлар сиёсатини амалда таъминлаш, ёшларнинг фикр-таклифларини қўллаб-қувватлаш ва улар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди.

Ушбу тадбир Президентимиз томонидан мамлакатимиз ёшлари билан ўтказилган мулоқотда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликларда «Ёшлар куни»ни ўтказиш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида ташкил этилди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Отемуратов, университет ректори Б.Жоллибеков ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Дастлаб Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Отемуратов ёшлар мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эканини алоҳида таъкидлади. У бугунги кунда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар – сифатли таълим олиш, замонавий касбларни эгаллаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг шароитлар мавжудлигини айтиб, талаба-ёшларни фаоллик, фидойилик ва масъулият билан ҳаракат қилишга чақирди.

Шунингдек, ёшлар бандлиги, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг университет ректори Б.Жоллибеков сўзга чиқиб, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим сифатини ошириш, илмий фаолиятни ривожлантириш ва талабалар учун яратилаётган замонавий шароитларга тўхталиб ўтди. Ректор ёшларнинг билим олишга бўлган интилиши университет ривожланишининг асосий омили эканини таъкидлаб, ҳар бир талабанинг ташаббуси ва ғояси қўллаб-қувватланишини билдирди.

Учрашув давомида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таълим жараёни, амалиёт имкониятлари, бандлик масалалари, ёшлар лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича таклифларини билдирди.

Тадбир якунида бундай учрашувларни мунтазам равишда ташкил этиш, ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини амалий лойиҳаларга айлантириш ҳамда уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги