Юртимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг халқаро эътирофи

10

Жаҳон банки янгиланган методологиясига асосланган «Аёл, бизнес ва қонун» индексининг 2026 йилги ҳисобот натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 100 дан 82,1 балл билан 190 та давлат орасида 48-ўринни эгаллади.

Халқаро экспертлар хулосасига кўра, Ўзбекистонда гендер тенглик бўйича ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамлангани, меҳнат муносабатларида тенглик нормалари жорий этилгани, оналик ва ота-оналик таътили кафолатлари кенгайтирилгани, тадбиркор хотин-қизлар учун тенг шароитлар яратгани ҳисобига рейтингда энг тез ўсаётган давлатлардан бирига айланган.

Ҳисоботда алоҳида қайд этилишича, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида давлат харидларида гендер омилини ҳисобга олувчи қонунчиликка эга бўлган саноқли (жами 3 та) давлатдан бири ҳисобланади.

Шунингдек, 2023-2025 йиллар оралиғида тадбиркорлик соҳасида гендер тенглигини таъминловчи янги ислоҳотларни амалга оширган давлат сифатида эътироф этилди.

Индексга кўра, Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ислоҳотлар соҳасидаги кўрсаткичи (82,1 балл) уни жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари қаторига олиб чиқди. Мамлакатимиз хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқий муҳит яратиш борасида Бразилия, Туркия, Хитой, Япония, Грузия, Сингапур, Жанубий Корея ва Ҳиндистон каби давлатларни ортда қолдирди. Мазкур нуфузли халқаро индексда қайд этилган натижа Янги Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш йўлида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилганини кўрсатади.

Н.Усмонова, ЎзА