Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Мазкур ҳужжат мамлакатимизда бўладиган сайлов тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишни таъминлаш, шунингдек, сайлов жараёнларини бошқаришда ахборот тизимини жорий қилиш каби мақсадларда қабул қилингани билан ҳам аҳамиятлидир.
Хўш, ҳужжатнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат?
Ким бўлишимиздан, қаердадир ўқиш ёки ишлашимиздан қатъий назар, сайловчимиз. Сайлов – барчанинг конституцион ҳуқуқи. Сайловчи ҳам тирик жон, у қаердадир яшаши, ишлаши, мулкка эга бўлиши, доимий пропискада туриши – ҳаммага аён. Бироқ бунда бир нарсага эътибор қаратиш керакки, сайловчининг ягона электрон рўйхатга киритилиши – фуқаронинг аниқ манзил-маконини-ю, дов-даскасини ҳам рўйхатга олиш, дегани. Шу пайтга қадар эса, яшириб нима қилдик – битта сайловчининг бир нечта рўйхатга кириб қолиши, ўзи бир жойда-ю, рўйхатда бошқа манзилда яшаши, бунинг оқибатида жаҳондаги сайловнинг олтин қоидаси бўлмиш: “Битта сайловчи – битта овоз” тамойилига мудом ҳам риоя этилмагани кузатилган.
Аввало, мазкур ҳужжат худди шу тартиб-тамойилни йўлга қўйади. Қолаверса, бу янгиликнинг бошқа томондан ҳам афзалликлари кўп. Чунки баҳонада… Келинг, асосий воқеани шарҳлайверайлик, нафи нимага тегиши ҳақида эса – айни ўрни келганда айтамиз.
Муаммонинг биттасини, яъни сайловчиларнинг турли рўйхатга тушиб қолишини юқорида қайд этдик. Бу борада бошқа муаммо ҳам бор. У ҳам бўлса, бугунги жорий ҳолат, яъни сайловчи-фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари тўғрисидаги ишончли бўлмаган ахборот, фуқароларни сайловчиларнинг тегишли рўйхатларига автоматик киритганда аниқлик касб этмайди ва, ўз навбатида, турли чалкашликлар туғдиради. Яна бир муаммо шундаки, кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрининг йўқлиги, шунингдек, бундай объектлар ягона реестридаги эскириб кетган ва унификациялаштирилмаган, халқона тилда айтганда, бир идорадаги маълумот билан иккинчиси солиштирилмаган ҳолатнинг мавжудлиги – сайловчи учун ҳам, комиссия аъзолари учун ҳам ноқулайлик туғдириб келган.
Президентимиз томонидан имзоланган қарор – сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий қилишга йўналтирилган сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратишга асос бўлиб хизмат қилади. Асос бўлди, деганимизки, бунга уриниш сал аввалроқ бошланган, тўғрироғи, синов тариқасида 2017 йилнинг декабрида Тошкент шаҳрида – халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар давомида синовдан ўтказилди.
Шу ўринда бу амалиёт осмондан олинмаганини, аксинча, халқаро тажриба ҳам обдон ўрганилганини эътиборга олиб, бироз чекиниш қилсак. Бугунги кунда БМТга аъзо 193та мамлакатнинг 40 фоизида сайловларда ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланилади. Сайлов жараёнини автоматлаштиришга, дейлик, Корея Республикасида – 1995-2015 йиллар давомида, Туркияда – 1986-2006 йиллар давомида, Россия Федерациясида – 1994-1999 йилларда, Эстонияда эса – 2001-2007 йиллар мобайнида эришилган.
Қарор қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда:
Марказий сайлов комиссияси – мамлакатнинг бутун ҳудудида Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий қилиш ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш бўйича фаолиятга умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга оширади;
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳудудларда тизимнинг самарали ишлашини таъминлашга ягона технологик ёндашувни таъминлайди;
“Давергеодезкадастр” қўмитаси эса кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини юритиш учун жавобгар орган ҳисобланади.
Ички ишлар вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, 2019 йилнинг 1 апрелигача бўлган муддатда – уйма-уй юриб айланиш орқали фуқароларнинг паспорт маълумотларини Ички ишлар вазирлигининг ахборот базасидаги кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда, бу – доимий ва вақтинча яшаш жойларининг манзиллари тўғрисидаги ахборотни умумлаштиради. Жараёнга сектор раҳбарлари ҳам жалб этилади. Бу эса вазирликнинг маълумотлар базаси яна бир бор манзиллар билан қўшиб, аниқлаштирилади, натижада прописка олиши керак бўлган фуқарога ҳам, ўз навбатида, солиқ тўловчига ҳам қўшимча қулайлик яратилади, дегани.
Албатта, тизим тўлиқ жорий этила бошлаши, яъни 2019 йил 1 апрелга қадар ҳали вақт бор. Унгача эса қарорда белгиланган вазифалар ижро этилади, сайлов комиссияларининг вакиллари эса янги тизим билан ишлаш кўникмаларига ўргатилади.
Шу ўринда шарҳ аввалида бошлаб қўйганимиз – янгиликнинг бошқа жараёнларга берадиган нафи ҳақида яна икки оғиз сўз. Эътибор беринг, ҳар бир давлатда “аҳолини рўйхатга олиш” деган йирик даврий ўтказиладиган тадбир бор. Бу – ўша мамлакатда қанча инсон яшаши, унинг турмуш тарзи ва манзил-макони, ёши-ю жинси, моддий таъминоти, хуллас, мавжуд аҳвол ҳақида рўй-рост ва тўлиқ маълумот олиш имконини беради. Давлатимиз раҳбарининг мазкур Қарори билан бошланадиган жараён ҳам ўзига хос бир рўйхатга олишдек гап. Унда сайловчи-сайловчи деганимиз билан, бошқа томондан – манзилли ижтимоий ҳимояга, ёрдамга муҳтож, каталакдек хонадонда тиқилиб қолган одамларни ҳам, уй-жой учун ажратилган ерлардан нечоғли мақсадли фойдаланаётганимиз ҳам, бошқа масалалар ҳам кундек равшанлашиб қолади. Қайси ҳудудда қанча аҳоли яшаётгани ҳақидаги статистика ҳам аниқлашиб, прогнозлар тусмол ва тахмин билан қилинмайди. Аниқлик эса барибир яхши. Қарорининг моҳияти ҳам мана шунда…
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа
маркази билан ҳамкорликда тайёрланди.
ЎзА