“Тадбиркор ва ёшлар” учрашуви: креатив ғоялар ва амалий тажриба майдони

ӨзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар қаноти ташаббуси билан “Тадбиркор ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Мазкур тадбир “Креатив ёш тадбиркор” реклама тренинги мавзусида ўтказилиб, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятида замонавий маркетинг ва реклама воситаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини оширишга қаратилди.
Учрашувда Нукус шаҳрининг илғор ёш тадбиркорларидан бири, “Babajanov studio”, «Babajanov Production» ва «Babajanov Print» Типография ва полиграфия маркази асосчиси Рашид Бабажанов ўз фаолияти ва тўплаган тажрибаси билан ўртоқлашди. У замонавий реклама усуллари, шахсий бренд яратиш, мижозлар билан ишлаш маданияти ҳамда ижтимоий тармоқларда самарали контент тайёрлаш бўйича амалий тавсиялар берди.
Тадбир давомида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларни кенг жамоатчиликка етказишда видеороликлар ва инфографикалар тайёрлаш бўйича амалий тренинглар ташкил этилди. Иштирокчилар ўз бизнес лойиҳалари учун реклама материалларини ишлаб чиқиш ва уларни ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тарғиб қилиш кўникмаларига эга бўлдилар.

Мазкур учрашув ёшларнинг креатив фикрлашини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий тадбиркорлик муҳитига мослаштириш ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилди. Шу билан бирга, тадбир ёш тадбиркорлар ўртасида тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун самарали майдон бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги