Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг қишки сессиясида қатнашди

12

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси Вена шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг қишки сессиясида иштирок этди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси Матбуот хизмати хабар берди.

Сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари томонидан мамлакатимизда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнлари, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш, инновацияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларига замонавий илмий-технологик ютуқларни татбиқ қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Ташриф доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказилди. Жумладан, Австрия парламенти раҳбарияти, АҚШ Конгресси Сенати вакиллари, Швеция парламенти аъзолари, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти Парламент Ассамблеяси бош котиблари ва бошқа расмий делегациялар билан самарали мулоқотлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар давомида парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ташаббусларни кенгайтириш, шунингдек, мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

М.Комилова, ЎзА