Кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари олди-сотдисида ҳисоб-китоблар нақдсиз шаклга ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари олди-сотди шартномаларини нотариал тасдиқлашда ҳисоб-китобларни нақдсиз шаклда амалга оширишни жорий этиш масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ–246-сон Фармонига мувофиқ 2026 йил 1 апрелдан бошлаб амалиётга жорий этилади.
Учрашувда Марказий банк Раисининг биринчи ўринбосари Н. Саидуллаев, Адлия вазири ўринбосари М. Икрамов, Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Д. Ашуров, шунингдек Адлия вазирлиги, Марказий банк, тижорат банклари вакиллари ҳамда амалдаги нотариуслар иштирок этди.

Муҳокамалар давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тезкор ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш, нотариал идоралар ва банкларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш, ҳисоб-китобларни содда, тушунарли ва хавфсиз шаклда ташкил этиш, шунингдек электрон ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилган чора-тадбирлар ҳисоб-китобларнинг ишончлилигини ошириш, фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш, молиявий операциялар шаффофлигини таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида масъул идоралар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ЎзА