Салбий ахборот босимидан ҳимояланиш: онгли танлов сари қадам

34

Бугунги шиддатли ахборот асрида биз ҳар куни минглаб хабарлар қуршовида яшаймиз. Смартфонларимизни қўлга олишимиз билан дунёнинг турли нуқталаридаги табиий офатлар, иқтисодий инқирозлар, жиноятчилик ва турли фожиалар ҳақидаги хабарлар лентамизни тўлдириб юборади. Хўш: бу хабарлар руҳиятимизга қандай таъсир кўрсатмоқда? Учқун отган рақамли даврда турли хил мавзудаги хабарларни эшитамиз, афсуски ачинарли видеоларни кўраётганимиз бор ҳақиқат.

2025 йилги статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 10 ёшдан катталарнинг 94 фоизи интернетдан фойдаланади. Бундан кўриниб турибдики, ўсмир ёшдагилар ҳам бемалол тажовуз, қотиллик, зўравонлик ва шунга ўхшаш кўплаб салбий воқеаларни онг остига қабул қилишмоқда. Хўш, шу ўринда бир савол пайдо бўлади? Инсон мияси ва руҳияти салбий хабарларга қандай реакция қилади? Инсонлар салбий босим берувчи хабарларни кўриши ҳиссий босимми ёки ижобий янгиликлар деярли йўқлигиданми?

Психологияда бу – “negativity bias” (салбийликка мойиллик) дейилади. Мутахассис Жон Качиоппо инсон танаси салбий маълумотларга кучлироқ реакция қилишини ва йиллар давомида инсон ҳиссиётларини ўрганиши натижасида қилинган тажрибада, ҳиссиётли ахборотларни мия фаолияти тез ва узоқ вақт эслаб қолишини исботлаган. Инсоният биологик ўзини ҳимоя қилиш учун хавф саналган ҳар бир белгиларга эътиборли бўлишни зарур деб ҳисоблагани учун онгимиз бугун шов – шувли ахборотлар қармоғига илинмоқда. Хўш, сўнгги пайтларда ижобий янгиликларни ҳам етарлича кўра олаяпмизми? Буни фаолият юритаётган бир нечта расмий сайтлардаги хабарлар таҳлилидан кўриб чиқамиз.

 

Кўриб турганингиздек, ҳафталик ахборотлар орасида уч ёки иккитаси ижобий сарлавҳа остидаги хабарлар, аммо энг ачинарлиси, бир-биридан нусха кўчирилгани каби кетма-кет бўлаётган жиноятлар катта тезликда бутун алгоритмни эгаллаб олмоқда.

Салбий хабарлар нега инсонга тез таъсир қилади? Бунда инсон руҳияти қай аҳволга тушади? Психологик томонлама бу каби хабарлар дастлаб антивирус каби руҳиятимизни заҳарлашни бошлайди, стресс пайдо қилади, кучли чарчоқ, ҳаддан ортиқ қўрқув, атрофимиздагиларга ишончнинг камайиши, асабийлик, фикрлар чалкашиши, уйқусизлик ва нерв толаларининг сиқилишига олиб келиш эҳтимоли ошиб боради. Бу каби руҳий босим чангалида қолган ҳар бир инсоннинг кунлик режалари, энергияси ўзи сезмаган ҳолда паст даражага тушиб кетади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, кўп ҳолларда инсонлар одат ёки зерикиш сабабли салбий хабарларни кўпроқ қабул қилади. Лекин оғир кайфиятда ёки руҳан эзилиб турган инсон ўз жонига қасд қилиш ёки қотиллик ҳақидаги контентни қабул қилганда нафақат ўзига, балки бошқага ҳам зиён етказмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Аудиториянинг катта қисми янгиликларнинг кўп қисмини асосан ижтимоий тармоқлар орқали кузатади. Бугун биз хавфли касаллик каби тарқалаётган салбий ахборотларни тўхтата олишимиз амалга ошмайдиган ҳолат, аммо бунга қарши чораларни ҳаётимизга олиб кириш усуллари ва ечимлари бор, албатта.

– Бугун интернет даври. Унинг кучи билан деярли бутун олам бир нуқтада жам бўлгандек: исталган инсон, исталган мақсад йўлида боғлана олади. Ижтимоий тармоқлар алгоритми миллат, ҳудуд ёки касб танламайди — у ҳар қандай фойдаланувчини ўз ичига олади. Аммо бу муаммонинг ечими оддий — ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак. Аввало, инсон кунига ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун аниқ вақт чегарасини белгилаши зарур. Масалан, янгилик ўқиш учун 20, 25 дақиқани бир кунга тақсимлаши керак, шунда инсон мияси кераксиз маълумотлар билан тўлиб қолмайди ва руҳиятга ортиқча босим тушмайди. Алгоритмни бошқариш ҳам муҳим. Ижтимоий тармоқлар сиз нимани кўрсангиз, шуни кўпайтиради. Шунинг учун салбий ахборотлар кўп чиқадиган саҳифалар ўрнига фойдали, маърифий ва ижобий саҳифаларни танлаш лозим. Салбий ахборотларни танишларингизга тарқатманг. Ҳар бир репост ёки улашиш салбийликнинг янада кенг тарқалишига сабаб бўлади. Ҳафтада бир кунни телефонсиз (интернетсиз) кун сифатида ташкил қилинг, бу инсоннинг фикрларини жамлаш билан бирга, руҳиятимизнинг қайта тикланишига ёрдам беради, — дейди етакчи психолог-маслаҳатчи Замира Азимова. 

– Cалбий ахборотни ўқиганимизда ёки ёмон воқеани кўрганимизда ортиқча ҳиссиётга берилмасдан: “Ҳа, бу ҳаётда бўлиши мумкин”, “Хайрият, бу менинг ҳаётимда бўлмади”, “Бу воқеа менинг ҳаётимга таъсир қиладими?” деган саволларни ўзимизга беришимиз керак. Агар “йўқ” деган жавобни айта олсак, албатта “онг пауза”, яъни руҳият ва мия ортиқча таъсирланишдан тўхтайди. Ахборот олиш учун фақат расмий сайтларни кузатиш керак. Ижтимоий тармоқларда айланаётган манбаси йўқ ҳар қандай ёмон хабарга “Бу менга қизиқ эмас” деган тугмалардан фойдаланишимиз лозим. Бундай белгиларни YouTube, Facebook, инстаграм ва телеграм орқали ҳам қўллаш мумкин. Шунда алгоритм бу информацияни кераксиз деб қабул қилади ва қайта чиқармайди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига 20 фоиз кўнгилочар, 80 фоиз фойдали контентларни кузатишни тавсия қиламан.

Истеъмолчи ўзида бўш вақт борлигини билдими, иложи борича ўзи севган машғулот билан шуғуллансин. Масалан: сайр қилиш, суҳбат қуриш, китоб ўқиш ва ҳоказо. Бу орқали инсон энергиясини тўғри сарфлайди ва ўз соғлиғини асраган бўлади, — дейди олий тоифали психолог Замира Холбоева.

Хулоса қилиб айтганда, инсон назорат қила олмайдиган воқеаларни кўп ўқиса, ўзини ожиз ҳис қилишни бошлайди. Бундай ҳолат ён атрофимиздаги инсонлар, айниқса фарзандларимизга ёмон таъсир қилмаслиги учун ҳам мутахассисларнинг муҳим тавсиясига амал қилиш юқоридаги муаммоларнинг ечими бўлади. Бугунги кунда салбий ахборот оқимини тўлиқ тўхтатиш имконсиз ва қийин, аммо уни қандай қабул қилишимиз ўз қўлимизда.

Меҳрибону ТЎЛҚИНОВА, ЎзА