Ўзбекистон стенди халқаро мукофот билан тақдирланди

52

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида ўтказилган Осиёнинг энг йирик сайёҳлик кўргазмаларидан бири – “OTM Mumbai” доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган миллий стенд юксак эътирофга сазовор бўлди.

Сайёҳлик соҳаси мамлакат иқтисодиёти ва маданий брендни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Шу боис, халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этиш ва мамлакатимизни кенг тарғиб қилиш Ўзбекистон туризмининг жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

“Fairfest Media Ltd” халқаро компанияси томонидан ўтказилган кўргазма натижаларига кўра, Ўзбекистон “Энг истиқболли янги сайёҳлик йўналиши” (Most Promising New Destination) номинациясида ғолиб деб топилди ва кўргазма ташкилотчилари томонидан бериладиган нуфузли “OTM Excellence Award” мукофотини қабул қилди.

Ушбу эътироф Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти ва халқаро майдондаги фаол тарғиботининг яна бир ёрқин тасдиғидир. Миллий стенднинг муваффақияти Ўзбекистон туризмини жаҳон бозорида янада кенг тарғибот қилиш ва сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА