Аскарлар тавсифнома учун тест топширдилар

15

Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг олий ўқув юртларига киришда имтиёз берувчи тавсияномани қўлга киритиши учун тест синовлари ўтказилди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда юзлаб ҳарбийлар иштирок этди.

Тест синовларида ҳар бир аскар ўз билимини яна бир бор синовдан ўтказди. Синовлар давомида қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги, ижтимоий-сиёсий билимлари ва мантиқий фикрлашига алоҳида эътибор қаратилди.

– Бугун мен ҳам бирга хизмат қилган дўстларим билан биргаликда имтиёзли тавсиянома олиш учун тест синовларида иштирок этдим, – дейди ҳарбий хизматчи Л.Жўраев.

Тақдимномани қўлга киритганимдан сўнг, юртимиздаги нуфузли олий ўқув юртларидан бирига кириб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган кадр бўлмоқчиман.

Тест синовларида юқори натижа кўрсатган ҳарбийлар ДХХ чегара қўшинлари қўмондонлигининг тавсиясига лойиқ деб топилади. Бу ҳужжат йигитлар учун келажак эшигини очиб, ҳарбий олий ўқув юртлари учун ҳам республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилади.

Фуқаролик олий ўқув юртлари учун эса барча давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул параметрларидан ташқари ажратилган алоҳида квоталар доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Ўтказилган тест жараёнлари тўлиқ видеокузатув остида, шаффоф ва ошкора тарзда ташкил этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги