Сувни тежаш ва рақамли мониторинг: Ўзбекистон тўғри йўлда бормоқда

Мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорлик қилиб келаман ва шу вақт мобайнида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ўз кўзим билан кўриб келаяпман. Ҳатто, баъзи жараёнларда шахсан иштирок этганман. Сўнгги 25 йил давомида Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти бунга муносиб ҳисса қўшди.

Агар илгари ҳукумат асосан инфратузилмани сақлашга эътибор қаратган бўлса, бугунги кунда ёндашув тубдан ўзгарди – сувни тежаш, ҳисобини юритиш ва бошқарувни рақамлаштириш биринчи ўринга чиқди. Кўриниб турибдики, бу ўзгаришлар амалда ҳам сезиларли натижалар бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилган қарори, назаримда, ана шу жараённинг мантиқий давомидир. Хусусан, 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар қамровини 3,5 миллион гектарга етказиш мақсади жуда муҳим қадамдир. Бу кўрсаткич нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширади, балки сув ресурсларига бўлган босимни камайтиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳар йили миллиардлаб куб метр сувни тежаш режаси жаҳон стандартлари бўйича ҳам яхши натижа.
Менимча, бу қарорнинг энг кучли томонларидан бири шуки, унда иқтисодий инструментлар аниқ белгилаб қўйилган. Фермер ва тадбиркорларни кредит ва субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш ислоҳотларнинг амалда тезроқ натижа беришини таъминлайди. Бундай механизмлар иқлим шароити ўхшаш бўлган ва ўзини оқлаган бошқа мамлакатларда ҳам қўлланилади.
Шунингдек, қарорда сувни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимларини рақамлаштириш, жумладан, «ақлли» сув ўлчаш ва ҳисобга олиш қурилмаларини жорий этиш, GPS кузатув тизимларини кенгайтириш ва кенгроқ мониторинг механизмларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилгани жуда муҳимдир. Замонавий суғориш менежментида реал вақт режимида маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш ресурсларни тежашнинг энг самарали усулларидан биридир.
Шу билан бирга, қарорда кадрлар малакасини ошириш, таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтиришга оид қоидалар алоҳида эътиборга молик. Чунки, сув хўжалигидаги ислоҳотлар нафақат технология ёки инфратузилма, балки малакали мутахассисларни тайёрлаш орқали ҳам барқарор натижаларга олиб келади.
Кузатувларимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилмоқда. Инфратузилмани модернизация қилиш, назорат ва мониторингни кучайтириш, молиявий рағбатлантириш механизмларини жорий этиш ва рақамлаштиришни илгари суриш бир вақтнинг ўзида халқаро амалиётда «сув ресурсларини комплекс бошқариш» тамойилларига тўлиқ мос келади. Шу боис, амалга оширилаётган ишлар нафақат қоғозда, балки реал ҳаётда ҳам ўз самарасини бермоқда, дейиш мумкин.
Келгуси йилда ислоҳотлар йўлини муваффақиятли давом эттириш учун миқдорий ёндашувдан «ақлли» рағбатлантириш, сифат назорати ва барқарор ривожланиш тизимига ўтишга янада кўпроқ эътибор қаратиш зарур. Ишончим комил, шундагина Ўзбекистон яқин йилларда сув ресурсларини самарали бошқариш ва ирригацияни модернизация қилиш бўйича минтақанинг намунавий тажрибасига эга давлатларидан бирига айланади. Бу, ўз навбатида, нафақат иқтисодий самарадорлик, балки озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлади.
Барбара Януш-Павлетта,
Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти
Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили.