Европа Ўзбекистоннинг техник тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларини ижобий баҳоламоқда
Ўзбекистонда техник тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва метрология соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда, жумладан, Европа давлатлари томонидан ижобий баҳоланмоқда.
Сўнгги йилларда ушбу йўналишларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳани модернизация қилиш, миллий стандартларни халқаро ва Европа стандартларига уйғунлаштириш, шунингдек, сифат инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Европа иттифоқи институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик изчил йўлга қўйилиб, тажриба алмашиш, техник кўмак кўрсатиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш самарали тус олмоқда.
Айниқса, маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозор назорати механизмларини такомиллаштириш бўйича эришилаётган натижалар Европа экспертлари томонидан эътироф этилмоқда. Мувофиқликни баҳолаш органлари фаолиятини халқаро талабларга мослаштириш, лабораторияларни аккредитация қилиш ҳамда метрологик назоратни кучайтириш орқали мамлакатнинг техник инфратузилмаси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилмоқда.
Бу ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро савдо тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
ЎзА